Линклар

Қаршилик ишчи-хизматчилар яганага ҳайдалди


Дала ишларига мажбуран ҳайдалган ўқитувчи ва шифокорлар "қулдек" ишлатилмоқда.

Дала ишларига мажбуран ҳайдалган ўқитувчи ва шифокорлар "қулдек" ишлатилмоқда.

26 майдан бошлаб Қарши шаҳридаги деярли барча идора ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари ғўза чопиғи ва яганасига жалб қилинди. Қаршидаги манбаларимизга кўра, ишчилар навбати билан 10 кун давомида ётоғи ва емаги ўз ҳисобидан бўлган ҳолда далада текинга ишлашлари лозим.



24 май куни Қаршидаги деярли барча тиббий муассалар, таълим масканлари ва бошқа ташкилотларга душанбадан бошлаб, 10 кун муддатга 10 нафардан ҳашарчини далага жўнатиш топшириғи берилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган қаршилик манбага кўра, ётоқхона ва овқатланиш ҳаражатлари ҳашарчилар зиммасига юклатилган:

“Мактаб, боғча, коллеж, институт, шифохона, поликлиника, газ ва свет идоралари, қўйингки, барча идоралар яганага чиқишди. Ҳамма ишхонага тайёрланиш учун икки муҳлат беришди. Бугун - 26 май куни барча ишхоналар 10тадан ишчи жўнатди. Узоқ-узоқ туманларга ётоғи билан кетишди. Бизнинг ишхонани Яккабоққа юборишди. Ҳаражатлар ўз чўнтагимиздан бўлар экан. Далада ишлаганимиз учун пул берилмайди, дейишди. Фақат ойлигимиз ёзилар экан”, деди Қаршидаги институтлардан бирининг ходими исмини очиқламаслик шарти билан.

Қаршидаги оилавий поликлиникалардан бирининг ўзини таништирмаган масъулига кўра, душанба куни 10 нафар шифокор Китоб туманига жўнатилган:

“Биз 10 кунга 10 ишчи жўнатдик. Кейин яна алмаштириб, бошқа 10 ишчини жўнатамиз. Бир ойча ягана ва чопиққа ёрдам берасизлар дейилди. Бизга ҳокимиятдаги мажлисда айтилди. Ўзи кўп идоралар бир ойдан буён далага чиқаяпти экан. Бизга энди айтилди”, деди поликлиника масъули.

Қаршидаги манбаларимизга кўра, айрим идора ва ташкилотларда ишчилар ўрнига 7000 сўмдан мардикор ёллаб жўнатилаяпти.

Шу кунларда ишчи-хизматчиларнинг баҳорги дала ишларига жалб қилиниши нафақат Қаршида балки бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги мактаблардан бирида ишловчи 42 яшар ўқитувчи Жонибек Усмоновга кўра, май ойининг бошидан буён тумандаги мактаб ўқитувчилари пахта чопиғига чиқарилган.

Унга кўра, маҳаллий раҳбарият чопиқ 45 кун давом этиши, бу вақт ичида ётоқ ва емак учун ҳаражат тўлиқ ўқитувчининг ўз зиммасида бўлишини айтган:

- У ёқ-бу ёғи кунига 10-15 минг сўм сарфлаяпмиз. Ётоғимизга 2 минг сўм, емак-ичмак уч маҳал 10-13 минг сўм бўлаяпти. Пахта чопганимизга эса ҳеч ким пул бермайди,- дейди пахта чопиғига сафарбар қилинган ўқитувчи.

Сурхондарёдаги Озодлик манбаларига кўра, вилоятидаги Узун тумани тиббиёт бирлашмасининг 20 дан ортиқ ходимлари 7 май куни ётоғи билан чопиққа жўнатилган. Бундан ташқари ҳар куни ўнлаб ҳамширалар кунлик чопиққа чиқарилмоқда.

25 апрель куни Озодликка етиб келган хабарда Сирдарёнинг Боёвут туманидаги коллеж ва лицей ўқитувчилари баҳор бошидан буён дала ишларига мажбурланмоқда.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса хусусий тадбиркорлар ҳам пахта чопиғига сафарбар этилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG