Линклар

Украина президент сайловининг дастлабки натижалари миллиардер Пётр Порошенко овоз беришнинг биринчи босқичидаёқ ғалаба қилишига ишора қилмоқда. Халқаро кузатувчилар Украинада ўтказилган президент сайлови халқаро меъёрларга жавоб беришини таъкидлашди.

ЕХҲТ кузатувчилари миссияси раҳбари Жоао Соареш Киевда ўтган матбуот анжуманида Украина президент сайлови демократик тамойилларга кенг кўламда мос келишини таъкидлади:

- Бу сайлов Украина келажаги учун зарур бўлган аниқ ва истиқболли муҳокамаларга барқарорлик яратиб берди, - деди Жоао Соареш.

Ўтказилган мониторинглар натижасида сайлов комиссияларида ишловчи шахсларга нисбатан тазйиқ, қўрқитишлар бўлиб, уларни ўғирлаш ҳолатлари ҳам аниқланганини айтган Соареш бунда россияпараст айирмачиларни айблади.

- Шарқий ва жанубий ҳудудларда расмийлар ва сайловчиларнинг сайловга келиши айирмачи исёнчиларга "Сиз қонунларга зид равишда ғалаба қозона олмайсиз" деган муждани берди. Бу кенг қамровли баёнот, - деди Соареш.

Европа кенгаши делегацияси раҳбари Андреас Гроссга кўра, ўтказилган сўров Украинанинг янги президенти мамлакатнинг шарқий вилоятлари аҳолиси билан мулоқотга киришига ишонаётганини кўрсатган.

Украина Марказий сайлов комиссияси 26 май куни эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, Порошенко 54 фоизга яқин овоз олган. Ҳозирча бюллетенларнинг ярмидан кўпроғи санаб бўлинди.

Сайлов комиссиясининг маълум қилишича, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко 13 фоиз, Олег Ляшко 8,5 фоиз ва Анатолий Ҳристенко 5,5 фоиз овоз олган.

Миллиардер Порошенко алдлақачон ўзини ғолиб, деб эълон қилди. Тимошенко эса ўз мағлубиятини тан олди.

Порошенко иқтидорга келгач, амалдаги бош вазир Арсений Яценюкни ўз лавозимида қолдириш ниятида эканини айтди.

Шоколад фабрикаси хўжайини Порошенко президент сифатида қиладиган биринчи иши “урушни тугатиб, тинчлик ўрнатиш” бўлиши ҳамда илк сафари россияпараст исёнчилар назоратида қолаётган Украина шарқига амалга оширилишини баён қилди.

26 май куни Киевда қилган чиқишида Порошенко, шарқий Украинанинг “Сомалига айланишига” йўл қўймаслигини таъкидлади.

У шунингдек, келаси ой бошларида Россия раҳбарияти билан учрашиш режаларини эълон қилди.

Айни пайтда, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Украинанинг эҳтимолий янги президенти мамлакатда “экстремист кучларнинг устун келишига йўл қўймаслик учун қўлдан келганини амалга оширишига” умид қилмоқда, дея баён қилди.

Лавров 26 май куни қилган чиқишида Москва Украинадаги бўҳрондан чиқишнинг ягона йўли “Киев билан минтақалар ўртасида мулоқот ўрнатиш”, деб ҳисоблашини билдирди.

Москвада ўтказилган матбуот анжуманида гапирган Лавров, Украина етакчиларини мамлакат шарқида айирмачиларга қарши “махсус амалиёт” кўламини оширмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

Лавров шунингдек, Украина президент сайлови “муаммоларсиз ўтмагани”, лекин Россия Президенти Владимир Путин айтганидек, “Россия Украина халқи танловини ҳурмат қилишини” билдирди:

- Украинанинг кўплаб минтақаларида овоз бериш ташкиллаштирилди, афтидан бу ижобий факт. Биз президент Путин айтганидек, Украина халқининг хоҳиши натижасида эришилган сайлов натижаларини ҳурмат қиламиз, - деди Сергей Лавров.

Москвадаги матбуот анжуманида қилган чиқишида Лавров Россия Украинанинг эҳтимолий президенти Порошенко билан мулоқотга тайёр эканлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG