Линклар

logo-print

Ўзбекистонда шакар 30 фоизга қимматлади


Шакар ошгани боис Ўзбекистонда новвот ҳам қимматлаган.

Шакар ошгани боис Ўзбекистонда новвот ҳам қимматлаган.

Тошкентда мураббо мавсуми бошлангани ҳамоно шакар нарxи кўтарилди. Қулупнай арзонлаганидан xурсанд бўлганлар шакар камлиги ва қимматлигидан хафа.

Жорий ҳафтада Тошкент бозорларида бир килограмм шакарнинг баҳоси 3700 сўмга кўтарилди.

Ўзбекистон бозорларида шакарнинг нархи уч кун ичида 30 фоизга ошиб Россия¸ Украина ва Хитойдагидан ҳам қиммат бўлганидан уй бекалари ҳам қандолатчилар ҳам хурсанд эмас.

Наманган вилоятидаги “Лаззат” қандолат ширкатида ишлайдиган Мақсуд Мадалиевнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ май охирида шакарнинг қимматлаши кутилганидан ҳам юқори бўлган:

- Мураббо сезонида кўтарилишини билар эдик¸ лекин бирдан 30 фоиз ошгани малол келди¸ - дейди суҳбатдош.

Наманганлик қандолатчининг айтишича, шакар қимматлагани улар ишлаб чиқарган мхсулотлар нархида акс этади.

Наманганлик қандолатчи шакарнинг мавсумий қимматлашига бир амаллаб чидаëтган бўлса¸ Хоразмнинг Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли Назира учун шакарнинг қимматлаши жиддий муаммо. Назира ўз уйида новвот пишириб, бозорга олиб чиқади.

- "Шакари қимматга тушди" деб, новвотнинг нархини кўтара олмайман. Чунки ëнимдаги сотувчининг новвоти арзон. Нима қилишни ҳам билмайман. Рўзғорга ëрдамим тегиб турувди. Энди ўхшамай қолаяпти¸ - дейди ўзбекистонлик кичик тадбиркор.

Шакар қиммат, шикоятга ўрин йўқ

Шакар қимматлиги боис бизнеси зарар кўрган Назиранинг бировга шикоят қилиш нияти йўқ.

Наманганлик қандолатчи Мақсуд учун ҳам бу ҳар йилги манзара.

Тошкентдаги улгуржи шакар бозорида навбатда турганлар ҳам бундай аҳволга кўникиб қолишганини айтишади.

Энг қиммат шакар Тошкентда

Тошкент дўконларида сотилаëтган бир килограмм шакар нархи Хитой ва Украинадан икки марта, Россиядаги шакар нархидан эса 60 фоиз қиммат.

Ўзбекистонда шакарнинг нархи шу кунларда АҚШдаги нарх билан тенглашди.

Фақат АҚШда аҳолининг энг кам ойлиги икки минг доллар экани ҳисобга олинса ва Ўзбекистондагиларнинг ойлиги билан солиштирилса, вазият ойдинлашади.

Буниси ҳали ҳолва


Озодлик муштарийларинининг айтишича, ўтган йилги мураббо мавсумида бир килограмм шакар нархи 3 доллардан сотилган. Суҳбатдошларга кўра, бу Ўзбекистонда рекорд кўрсаткич бўлган.

Ўзбекистоннинг Ангрен махсус индустриал ҳудудида шакар ишлаб чиқариш муносабати билан 2016 йилдан бошлаб мамлакатга шакар импорт қилиш тўхтатилиши борасида ҳукумат қарори бор.

Ангренда суткасига 1000 тонна шакар ишлаб чиқариш режаланган. Аммо бу миқдорда шакар ишлаб чиқарилгани билан мамлакатда шакар арзонлаши кутилмаяпти.

Режага кўра, бу шакарнинг асосий қисми экспортга жўнатилиши керак. Агар ширкат шакарни ички бозорда сотса, имтиëзлардан мосуво бўлади.

Агар Хоразмнинг Ҳазорасп туманидаги шакар заводининг банкрот бўлгани эсланса, “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди” деган мақол мазмуни аëн бўлади.

Сўнгги 23 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар нархи хориждан келтириладиган товардан ҳам қиммат бўлгани кузатилади.

Масалан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган автомобиллар чет элдаги аналогидан ҳам қимматга тушмоқда.

Бунинг баробарида мамлакатга ташқаридан мол олиб келиш¸ масалан, шакар олиб келиш ҳуқуқи “танланган” тадбиркорлар қўлида монополияга айлангани бозорнинг қиммат ҳолда туришига омил бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG