Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:05

Латвия президенти Тошкентда ўзбек қовунини Европада сотишни муҳокама қилади


Латвия президенти Андрис Берзинш 2005 йилдан кейин Ўзбекистонга расмий ташриф қилган илк Европа давлати президенти бўлмоқда. Президент матбуот котиби Оскар Валпснинг Озодликка айтишича, ташриф давомида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзбек қовун-тарвузларини Латвия орқали Европага экспорт қилиш, мамлакатлар ўртасида ҳаво қатновини кўпайтириш муҳокама этилади.


Латвия президенти Андрис Берзинш икки кунлик расмий ташрифи давомида мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга доир ўндан зиёд ҳужжатнинг имзоланиши кутилмоқда.

Латвия президентининг матбуот вакили Оскар Валпснинг Озодликка айтишича, президент Андрис Берзиншга қирқдан зиёд латвиялик тадбиркор ҳамкорлик қилмоқда.

- Тошкентда бўлажак музокараларда икки мамлакат тадбиркорлари қайси соҳаларда ҳамкорлик қилиши мумкинлигини муҳокама қилишади. Кун тартибидаги муҳим масалалардан бири транзит масаласидир. Латвия Ўзбекистон учун Европага дарвоза давлатдир. Музокараларда Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар, жумладан ўзбек қовун-тарвузларини Латвия орқали Европага экспорт қилиш масаласи кўриб чиқилади, - деди Валпс.

Латвия Ўзбекистон билан савдо алоқалари ҳажми бўйича ЕИга аъзо давлатлар орасида учинчи ўринда туради. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилда 245 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Шунингдек, Латвия президентининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Тошкент- Рига-Ню Йорк йўналиши орқали парвозлар сонини кўпайтириш бўйича келишув имзоланиши кутиляпти.

- AirBaltic ва Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатлари ҳозир мавжуд ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, ўзаро ҳаво қатновларини ошириш имконларини кўриб чиқишади. Тошкент-Рига-Ню Йорк қатнови ҳозир ҳафтасига икки маротаба амалга ошириляпти. Келажакда ҳафтасига уч ва тўрт марта қатновни йўлга қўйилиши мумкин, чунки бунга талаб бор. Шунингдек, ўзбекистонлик йўловчиларга енгилликлар яратиш кўзда тутилмоқда, - деди Латвия президентининг матбуот котиби.

Латвия учун Ўзбекистон Афғонистонга чегарадош бўлгани учун ҳам муҳим давлатдир.

Афғонистонда НАТО кучларига тегишли ҳарбий юкларни Ўзбекистон орқали Латвия бандаргоҳларига етказиш 2012 йил май ойидан бошланган эди.

Латвия президенти матбуот вакилига кўра, ҳозир Афғонистондан латвиялик аскарлар чиқариб бўлинган, лекин минтақада хамвфсизликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик бундан буён ҳам давом этади.

- Латвиялик аскарлар Афғонистондан чиқариб бўлинган. Ҳозир бу мавзу ёпилган. Лекин, Латвия Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таминлаш соҳасида, НАТО доирасида Тошкент билан ҳамкорлик қилишда давом этади, - деди Валпс.

Латвия президенти Андрис Берзинш 2005 йилдан буён Ўзбекистонга илк бор сафар қилаётган Европа Иттифоқига аъзо мамлакат раҳбаридир.

2005 йил 13 май куни Андижонда ҳукумат кучлари, асосан қуролсиз намойишчиларни ўққа тутиши оқибатида, гувоҳларга кўра, юзлаб одам нобуд бўлганди.

Европа Иттифоқи Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ўлдирилиши ортидан Ўзбекистонга қарши жазо чораларини киритган, аммо 2009 йилда уларни бекор қилган эди.

Хьюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тошкентга сафари арафасида Латвия президентини Андижон қирғини бўйича тергов ўтказишга эришиш учун Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга чақирди.

- Ғарб мулозимлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида бу масалани мунтазам кўтариши керак. Бизнингча, ғарб ҳукуматлари Ўзбекистонни тўққиз йил аввалги мудҳиш воқеалар бўйича терговга кўндириш ва бу мамлакатдаги қийноқларга чек қўйиш учун барча имконларни ишга солиши керак, - дейди Хьюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Латвия президентининг матбуот вакили Оскар Валпс президент Андрис Берзинш Ўзбекистон расмийлари билан музокараларда иқтисодий ва сиёсий мавзулар қатори ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишга солаётган масалаларни албатта кўтаради, деб айтди.

Келаси йилда Европа Иттифоига раислик қилиши кутилаётган Латвия Совет ўтмиши билан боғланган Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини давом эттириб келади.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ригага сафар қилган эди.
XS
SM
MD
LG