Линклар

logo-print

Донецк ҳокими: Шаҳардаги отишмаларда кечадан бери 40 киши қурбон бўлди


Донецк халқаро аэропорти, 2014 йил 26 май.

Донецк халқаро аэропорти, 2014 йил 26 май.

Украина шарқида жойлашган Донецк шаҳрида отишмалар давом этаётгани хабар қилинмоқда. 26 май куни Россия тарафдори бўлган айирмачилар ва Украина ҳукумати кучлари ўртасида содир бўлган тўқнашувларда ўнлаб айирмачи ўлдирилди.


Россияпараст айирмачилар душанба куни қарийб 24 соат давом этган отишмаларда 30-35 сафдоши ҳалок бўлганини билдирди.

Донецк ҳокими Олександр Лукянченко 40 киши, жумладан, тинч аҳолидан икки киши нобуд бўлганини билдирди. Ҳоким ўлдирилган бошқа 38 одам айирмачиларми ёки ҳукумат қўшинларими - бунга ойдинлик киритмади.

Украина Ички ишлар вазири вазифасини вақтинча бажараётган Арсен Аваков айирмачилар катта талафот кўрганини тасдиқлади. Аммо вазир айнан қанча одам ўлганини айтмади.

27 май куни Аваков Киевда журналистларга ҳукумат кучлари Донецк аэропортини ўз назоратига олганини маълум қилди.

- Аэропорт тўлиқ назоратга олинди ва душман жиддий талафот кўрди. Биз талафот кўрмадик. Донецкда амалиёт эрталабдан бери давом этмоқда, - дея баён қилди Арсен Аваков.

Бироқ Донецк аэропорти матбуот котиби Дмитрий Косинов Франс пресс ахборот агентлигига аэропорт кимнинг назоратида экани аниқ эмаслигини айтди.

Бош вазир биринчи ўринбосари Виталий Ярема “аксил террор амалиётлари Украина ҳудудида битта ҳам террорчи қолмагунича давом этиши”ни таъкидлади.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, 27 май куни айирмачилар Донецк шаҳридаги муз устида хоккей стадионининг бир қисмини ёқиб юборган. Ўт ўчирувчилар алангани ўчиришга муваффақ бўлган. Воқеада ҳеч ким жабрланмаган.

Айни пайтда, Украина чегара хизмати, 27 майга ўтар кечаси қўшни Луганск вилоятида чегарачилар Россиядан машиналарда келаётгани иддао қилинган айирмачиларни ўққа тутганини маълум қилди.

Отишмада камида бир нафар айирмачи ўлдирилган. Чегарачилар қуроллар олиб келаётгани иддао қилинган бир неча машина мусодара қилинганини билдирди.

25 май куни ўтказилган президентлик сайловида ғолиб бўлган Петро Порошенко Украина шарқида яшайдиган аҳоли билан мулоқот бошлашга ваъда берди. Бироқ Порошенко “террорчилар” билан музокара олиб боришдан бош тортди.

Петро Порошенко: “аксил террор амалиёти икки ёки уч ой давом этмаслиги керак. Амалиёт бир неча соат давом этиши керак”, деди.

Украина шарқида барқарор вазиятни қайта тиклашда Россия ёрдам беришига умид билдирган Порошенко Москва билан музокаралар олиб бориш истагини билдирди.

27 май куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина ҳарбийлари мамлакат шарқида олиб бораётган амалиётлар, шунингдек, “барча томон содир этаётган зўравонликлар” дарҳол тўхтатилишига чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG