Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:05

Солижон Абдураҳмоновнинг яқинлари президент Каримовга мурожаат билан чиқди


28 май куни 64 ёшини қарши оладиган сиёсий маҳбус Солижон Абдураҳмоновнинг яқинлари унинг озод қилиниши бўйича кўмак сўраб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилдилар. Шу кунда Қаршидаги 64/61-колонияда жазо ўтаётган мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг соғлиғи, яқинларининг таъкидича, вақт ўтган сайин ёмонлашиб бормоқда.

Солижон Абдураҳмонов оиласининг Узньюс.нет сайтида чоп қилинган мурожаатида олти йилдан буён қамоқда қолаётган мустақил журналистнинг шу кунда сурункали гастрит, ўн икки бармоқли ичакдаги, оёғ бўғимларидаги муаммолар ва ёши билан боғлиқ бошқа хасталиклардан азият чекиб келаётгани айтилади.

Мазкур мурожаатнома бўйича тафсилот сўраш мақсадида Солижон Абдураҳмоновнинг рафиқаси Шукуржон опа билан боғландик. Бироқ қўнғироқ қилган пайтимизда у киши касалхонада муолажа олаётгани учун саволларимизга бошқа куни жавоб беришни ваъда қилди.

Қорақалпоғистонлик мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йил июн ойида гиёҳванд модда сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз ҳисоботларида Абдураҳмоновга қарши иш уйдирилганини, унинг касбий фаолияти учун қамалганини таъкидлаб келадилар.

Шу йил январь ойида Қарши колониясида Солижон Абдураҳмонов билан учрашиб қайтган “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова ўтган ҳафта бошқа бир юмуш билан Жазони ижро этиш бош бошқармаси масъулларига йўлиққани, у ерда Солижон ака ҳақида ҳам кишига умид берувчи хабар эшитганини айтади.

- Солижон ҳақида сўраганимда: “Чиқиб қолса керак, чунки ҳозир уч-тўрт журналист бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда”, дейишди. Яна интернет саҳифаларидан ва баъзи бир халқаро ташкилот вакилларидан билишимга қараганда, уларни озодликка чиқариш учун тайёрламоқда. ГУИНдаги (Жазони ижро этиш бош бошқармаси демоқчи – таҳр.) олган жавобим ва атрофда бўлаётган гапларни бир-бирига боғлайдиган бўлсак, менимча, қандайдир бир енгиллик кутилмоқда. Бу менинг шахсий фикрим, - дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик” жамияти раҳбари бундан қарийб уч ҳафта муқаддам АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Уильям Бёрнс билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам Ўзбекистондаги Солижон Абдураҳмонов дохил сиёсий маҳбусларни озод қилишга кўмаклашишни бугунги куннинг энг долзарб масаласи сифатида кўтарганини айтади.

- Ҳали гапимга нуқта қўймасимдан у одам айтдики: “Бугун ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашдик, мен биринчи масала қилиб шу масалани кўтардим ва албатта ижобий натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақида мен улардан сўз олдим”, деди, - дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиёдаги вакили Стив Сверлоу эса 65 ни қоралаган ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар сиёсий маҳбус ўлароқ эътироф этган Солижон Абдураҳмоновни ўзбек расмийлари қатор йиллардан буён амнистияга тушишига имкон бермаётганини танқид қилади.

- Ўзбек расмийлари амнистия масаласига инсонпарварларча ва либераллик билан ёндошишлари ҳақида тез-тез мақтаниб туришни яхши кўришади. Улар ҳар йили бир неча минг киши авф қилингани ҳақида чор-атрофга жар солишади. Улар амнистия асосида озод қилишлари шарт бўлган тоифалардан бири ёши 60 дан ошган маҳкумлардир. Демак, Солижон Абдураҳмонов амнистия асосида бундан камида тўрт йил олдин озодликка чиқиши лозим эди. Аслида сиёсий сабаблар туфайли судланган Солижон Абдураҳмонов аввал-бошданоқ қамалмаслиги лозим эди, бироқ шундай бўлди – у озодликдан маҳрум қилинди. Солижонни тўхтовсиз озод қилиш вақти аллақачон етган, - дейди Стив Свердлоу.

Солижон Абдураҳмоновни озод қилиш талабини Тошкент олдига нафақат инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ҳамда журналистларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи нуфузли халқаро ташкилотлар, балки халқаро майдонда салмоққа эга бўлган сиёсатчилар ҳам қўйиб келади.

Чунончи, 2013 йил ёзида америкалик 12 сенатор Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга хат йўллаб, касбий фаолиятлари туфайли ўзбек қамоқхоналарида қолаётган журналистлар Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййид ҳамда ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирганди.
XS
SM
MD
LG