Линклар

logo-print

АҚШ 2016 йил охирига қадар Афғонистондан қўшинини тўла олиб чиқишни режаламоқда


АҚШ президенти Барак Обама 27 май куни қилган баёнотида шу йил охирида Афғонистондаги халқаро жанговар миссия тугаганидан сўнг ҳам бу мамлакатда 9800 америкалик ҳарбийни қолдириш ниятида эканини маълум қилди.



Президент Обамага кўра, Қўшма Штатлар 2016 йилнинг охирида Афғонистондан барча қўшинини тўлалигича олиб чиқиб кетишни режаламоқда.

- Келаси йилдан бошлаб афғонлар ўз мамлакати хавфсизлигига ўзлари масъул бўлади. Америка персонали афғон армиясини тайёргарликдан ўтказиш билан машғул бўлади. Ҳарбийларимиз энди Афғонистон шаҳар ва қишлоқларини қўриқлаш билан шуғулланмайди, деди Обама.

Афғонистонда қоладиган АҚШ ҳарбийлари¸ 2015 йиилдан кейин асосан¸ пойтахт Кобулдаги Бағром ҳаво базасида жойлашади. Уларнинг бир қисми Америка элчихонасини қўриқлашга жалб этилади.

2015 йил охирига бориб Афғонистондаги 9800 сонли Америка қўшинини яна 50 фоизга камайтириш, 2016 йил охирида эса ҳарбий кучларни бу мамлакатдан тўлалигича олиб чиқиш режаланмоқда.

Лекин бу режа Афғонистон раҳбарияти розилигига боғлиқ. Оқ уй маъмуриятига кўра, АҚШ президенти 27 май куни Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан бу режани телефон орқали муҳокама қилди.

Ҳозирча Афғонистон раҳбариятининг бунга рози ёки рози эмаслиги маълум эмас.

Оқ уй Афғонистонда президент сайловининг биринчи босқичида ютиб чиққан ҳар икки номзод билан бу бўйича келишувга эриша олишига қатъий ишончда.

Афғонистонда президентлик сайловининг иккинчи босқичи келаси ой ўрталарида ўтказилади. Сайловнинг иккинчи даврасида мамлакат собиқ ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло ва собиқ молия вазири Ашраф Ғанилар президентлик учун курашади.

Улар АҚШ билан хавфсизлик битимини имзолашга розилик билдирганлар.

Афғонистон янги президентининг исми август ойи бошларида маълум бўлади.

Британия ва Европанинг бошқа давлатлари ўз қўшинларини Афғонистондан, режага мувофиқ, шу йил охирига қадар олиб чиқишни режаламоқда.

Ҳафта охирида АҚШ президенти Барак Обама олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Афғонистонга борди ва Бағром ҳаво базасида АҚШ ҳарбийлари билан учрашди.

АҚШда нишонланадиган Хотира куни арафасида Кобулга борган Обама Афғонистондаги жангларда ҳалок бўлган 2000дан ортиқ америкалик ҳарбий хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG