Линклар

logo-print

"UzGazOil солярка тақчиллигини сунъий тарзда яратмоқда"


Тошкентда дизел ёнилғиси сотадиган ёнилғи қуйиш хусусий шохобчаси

Тошкентда дизел ёнилғиси сотадиган ёнилғи қуйиш хусусий шохобчаси

Бутун Ўзбекистон бўйлаб халқ орасида солярка деб аталадиган дизель ëнилғиси тақчиллиги кузатилмоқда. Озодлик суҳбатлашган Фарғона¸ Тошкент¸ Самарқанд¸ Навоий ва Хоразм вилоятларидаги ҳайдовчилар кейинги бир ҳафта ичида дизель ëнилғиси сотиб олиш деярли имконсиз эканлигини айтишди.

Мамлакат пойтахтида автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган Мираҳматнинг айтишича¸ Тошкентдаги дизель ёнилғиси сотадиган ёнилғи қуйиш хусусий шохобчаларида солярка умуман йўқ.

Айни пайтда¸ Озодликнинг Тошкентдаги манбалари Қоратош¸ Роҳат¸ Истироҳат мавзеларида ва Лок бўëқ заводи ëнидаги “UzGazOil" шохобчаларида ҳам дизель ёнилғиси сотилаëтгани ҳақида айтишди.

Манбаларга кўра¸ бу тўртта жойда дизель ëнилғиси эрталаб ўнга қолмасдан тугаб қолмоқда.

Тошкентлик автобус ҳайдовчиси Мираҳматнинг айтишича бу автозаправкалар ҳўжакўрсинга ишлаб¸ аслида дизелни қиммат нархда улгуржи савдогарларга сотиб юбормоқда:

-"UzGazOil" шохобчаларида ҳам дизель ёнилғиси йўқлигини эрталаб кўриб келдим. Бу шохобчаларнинг баъзиларида солярка фақат олдиндан шартнома тузган корхоналар автомобилларига карточка орқали берилаяпти. Лекин “пул ўтказдим” деган баҳона билан кўз олдимизда бу заправкалардаги дизелни ишбилармонлар улгуржи қилиб ташиб кетаяпти¸ дейди суҳбатдош.

Бу иддао юзасидан Озодлик "UzGazOil" бошқарувига яқин шахсга мурожаат қилди. "UzGazOil" бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда исми айтилмаслиги шарти билан гапириш асносида бу фактларни тасдиқлади:

- "UzGazOil"нинг 1-2 заправкасидагина олдиндан шартнома қилиб¸ "GazOil" пластик картасига пул тушириб қўйган корхоналар машиналарига онда-сонда 50 литрдан қуйиб беришаяпти. Лекин асосий катта ҳажмдаги дизель ëнилғиси четга сотилмоқда. Схема жуда оддий¸ давлат нархи 2050 сўм бўлган дизел 2500 ëки 2900 дан четга сотилмоқда.

"UzGazOil" бошқарувига яқин шахс иддаосига кўра ¸ давлат ширкатининг ўзи шу тарзда сунъий тарзда дизель ëнилғиси дефицитини яратмоқда:

- Менинг қўлимдаги мавжуд маълумотларга кўра¸ аҳолига сотилиши керак бўлган дизель ҳажмида ўзгариш бўлмаган. Фойда кўриш мақсадида "UzGazOil" ширкати сунъий дефицит ташкил қилди. Бу дефицит яратилганидан сўнг ўз-ўзидан дизелнинг қўлдаги нархи ошди. Пировардида¸ давлат ширкатининг фикс нархли дизели алдов-қалдов йўли билан чайқов бозорига ўтиб кетмоқда. Масалан¸ биргина Қоратошдаги "UzGazOil" заправкасида кунига 50 минг литр дизель берилган. Қани ўша дизель? Чапга кетган, вассалом. Бу ерда катта пул айланади¸ дейди "UzGazOil" бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸Тошкентдаги дизель ёнилғиси сотадиган ёнилғи қуйиш хусусий шохобчаларига солярка умуман берилмай қўйилган.

Озодлик мухбири суҳбатлашган Тошкентдаги бир қатор хусусий АЁҚШ ходимлари икки йилдан бери дизель ёнилғиси олмаганларини билдиришди.

Бу гапни Озодлик боғланган “Intrian service”¸“Masterclassoil” “Шарқ Азимекс гуруҳ” АЁҚШларининг операторлари ҳам таъкидлашди.

Дизель йўқлиги учун бу ширкатлардаги солярка резервуарлари 80-русумли бензин резервуарига айлатирилгани ҳам билдирилди.

Озодлик мухбири Тошкентда дизель ёнилғиси тақчиллашгани сабабларини ўрганиш мақсадида “Ўзнефтмаҳсулот” ҳиссадорлик жамиятига қўнғироқ қилди.

Бу ташкилотнинг ўзини таништирмаган мулозими Тошкентда дизель ёнилғиси тақчиллашганини тан олди. Тақчиллик сабаби¸ мулозимга кўра¸ солярканинг асосий қисми қишлоқ хўжалигидаги экин-тикинларга ишлов бераëтган техника учун сарфланаëтгани билан боғлиқ.

Суҳбатдошга кўра¸ далаларни культивация қилиш¸ лалми буғдой ўриш ва бошқа ишларга сафарбар қилинган қишлоқ ҳўжалик техникаси¸ биринчи ўринда¸ солярка олмоқда.

"UzGazOil" бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда қишлоқ ҳўжалик ишлари боис дизель тақчил бўлгани ҳақидаги гапни "асоссиз" дея рад этди:

- Бу гапда асос йўқ. Масалан¸ қиш пайтида қишлоқ ҳўжалик техникаси ишламаган даврда ҳам шунақа дефицит бор эди. Бу бир баҳона. Аниқ маълумотларга таяниб шуни айтишим мумкинки, дизель бир неча "UzGazOil" l шохобчаларида фақат раҳбариятнинг таниш-билишлари орқалигина сотилмоқда. Дизель ёнилғиси корхона раҳбарлари томонидан давлат нархидан анча баланд нархда сотилмоқда, деб қайта такрорлади ўз хавфсизлиги боис исми-шарифи сир қолишини истаган " UzGazOil" бошқарувига яқин манба.

"UzGazOil" Россиядан дизель ёнилғисини импорт қилаëтгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Ўзбекистон ўз нефт заҳираларига эга бўлса-да, мавжуд табиий ресурсларнинг ўз ички эҳтиёжини қондириш даражасида бензин ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги айтилади.

Таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг дизелга бўлган эҳтиёжини қондириш учун четдан йилига камида 4 миллион тоннадан дизель ëнилғиси сотиб олиш лозим бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG