Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:41

Биометрик паспортга соқол билан суратга тушиш мумкинми?


Ўзбекистон бўйлаб якунловчи босқичга кирган биометрик паспортга ўтиш жараëнида эркаклардан соқолсиз суратга тушиш талаб қилинмоқда.

Айни пайтда¸ қўлида ҳужжати бўлган имомлар ва ёши 60 дан ошган кексаларга узунлиги 2 сантиметргача бўлган соқол билан суратга тушишга рухсат берилган.

Тошкент шаҳридаги қатор паспорт столларидан олинган маълумотларга кўра, биометрик маълумотлардан бири ҳисобланган суратга тушиш пайтида соқол қўйганлар соқолини қирдиришлари шарт:

- Қонун шунақа, соқол, кўзойнак ва бош кийим билан паспортга суратга тушиш мумкинмас. Соқолни олиб келиши керак. Бир қарич соқоли билан суратга туширмаймизку ахир, деди Тошкент шаҳри туманларидан бири ИИБ паспорт столининг ўзини таништирмаган ходими.

Пойтахтнинг Учтепа, Олмазор ва Шайхонтоҳур тумани паспорт столлари ходимлари Озодлик билан суҳбатда соқол билан суратга тушиш мумкин бўлган тоифалар борлигини айтиб¸ бу тоифага аниқлик киритдилар:

- Агар имомлиги ҳақида қўлида удостворениеси бўлса, Диний идорадан бирорта справкаси бўлса, унда мумкин. Унда ҳам яхшилаб тушуниб олинг, унда ҳам бир қарич соқоли билан ҳеч кимни суратга олмаймиз. У 25-30 сантиметр бўлиб кетадику! Фақатгина ярим-бир сантимтер, қўлида ҳужжати бўлса 2 сантиметр мумкин, деди айни кунларда аҳолига биометрик паспорт бериш билан банд бўлган ИИВ ходимлари.

Баъзи паспорт столлари ходимлари ёши 60 дан ошган кексаларга ҳам 2 сантиметргача соқол билан тушишига рухсат берилиши мумкинлигига ишорат қилдилар:

- Соқолини қирқиб келсин, жуда тагидан олдиргиси келмаса. Ҳеч бўлмаса, 2 сантиметр қилсин, боринг ана 3 сантиметр қилсин! Агар жуда хоҳламаётган бўлса, олдин келсинчи қани паспорт столга, у ёғини маслаҳат қилармиз шу ерда, деди Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Паспорт столи ходими.

Озодликнинг Тошкент ИИБ паспорт столлари биометрик паспорт учун соқолсиз суратга тушиш талабининг қайси қонуний ҳужжатга таянаётгани ҳақидаги саволи очиқ қолди. Олинган мавҳум жавоблардан бу талаб кўпроқ ички норматив ҳужжатлардан келиб чиққанини тахмин қилиш мумкин.

2011 йилнинг 7 июлида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 18 бандида 35x45 мм шаклидаги рақамли фотосуратни олишга оид тартиб шундай баён қилинган:

"Агар шахс (15 ёшдан катта шахслар учун) қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ва кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти унга паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга".

**********************************************************************

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG