Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:20

Узоқ муддат хорижда юрганлар “Саволнома”га жавоб беришга мажбурланмоқда


Аксарияти оиласини боқиш учун Россияда оғир шароитларда оғир ишларни қилаëтган ўзбек муҳожирлари Тошкент ҳукумати томонидан "таҳдид гуруҳи" деб таснифланмоқда.
Аксарияти оиласини боқиш учун Россияда оғир шароитларда оғир ишларни қилаëтган ўзбек муҳожирлари Тошкент ҳукумати томонидан "таҳдид гуруҳи" деб таснифланмоқда.
Ўзбекистондаги “тинчлик ва барқарорлик учун таҳдидга айланиш эҳтимоли бор” деб кўриладиган Россия¸ Қозоғистон ва бошқа хориж давлатларида меҳнат муҳожиратида юрган ўзбекистонликлар ватанга қайтганида улар устидан турли “профилактика ишлари” ўтказиш кучайтирилмоқда. Шундай профилактикадан ўтган муҳожирларнинг бу ҳақдаги хабарларини Озодликнинг ички ишлар тизимидаги манбалари тасдиқлади.

Маҳалладан МХХ га...

Озодликнинг Ўзбекистон ички ишлар ва хавфсизлик тизимидаги манбаларига кўра¸ “узоқ муддатлилар” деб аталувчи меҳнат муҳожирлари турли сабаб¸ хусусан¸ биометрик паспорт олиш мақсадида уйига қайтганида¸ улар билан тегишли профилактика амалиëтлари ўтказиш мажбурий тусга кирган.

Ички ишлар бошқармалари қошидаги Ҳуқуқбузарликни олдини олиш¸ шунингдек¸ Жиноят-қидирув бўлими инспектор ва ходимлари назоратида ўтказилаëтган бу профилактика жараëнига оид батафсил ҳисобот ҳар ой Миллий хавфсизлик хизматига тақдим этилмоқда.

Бу жараëнда Қишлоқ фуқаролар йиғини оқсоқоллари ва маҳалла раислари фаол рол ўйнамоқда.

Озодликка бир-биридан мустақил мурожаат қилган Россиядаги ўзбек муҳожирлари¸ бундай профилактика амалиëтларининг Андижон¸ Бухоро¸ Жиззах¸ Қашқадарë¸ Хоразм ва Қорақалпоғистонда қандай бораëтгани ҳақида ҳикоя қилдилар.

"САВОЛНОМА"даги саволлар

Хусусан¸ Озодликка Бухоро бўйлаб Россиядан қайтган “узоқ муддатлилар”га участка нозири томонидан уйма-уй юриб тарқатилаëтган саволлар рўйхати ҳам тақдим этилди.
Саволнома нусхаси.
Саволнома нусхаси.
“Яшаш жойидан узоқ муддатга чиқиб кетиб қайтиб келган шахслар билан ўтказиладиган профилактик суҳбатда аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар бўйича САВОЛНОМА” деб номланган мазкур ҳужжатнинг Озодликка келган нусхасидан¸ 21 та савол ўрин олган.

Яқинларидан бири айни шу саволнома бўйича сўроқ қилинган бухороликлардан бири ҳикоя қилади:

- Маҳалланинг раиси келиб уйга берган мана шу саволномани. Ўшанга жавоб ëзиб берар эканмиз. Ундан кейин милиция чақириб¸ допрос қиларкан. Ўша вақтнинг ўзида сразу жавоб ëзиб бераяпти қўлига. Ундан кейин милиция чақириб¸ сўроқ қилган. “Ëнингда Андижондан¸ Намангандан бор эдими? Намоз ўқийсанми? Қанча пул ишладинг? Қаерда ишладинг? Қанчасини кимга¸ қандай юбординг? Нима ишлар қилдинг? Кимлар билан гаплашдинг?”га ўхшаган саволлар. Битта Бухорода эмас Қорақалпоғистон¸ Хоразмда ҳам шу нарса бўлди. Ҳамкасбларимиз бориб келган пайтда ҳаммаси допросга борган. Маҳалла нозири¸ асосан¸ “Намоз ўқийсанми?” деган савол жавоби билан қизиқади. Бориб келганлар айтаяптику. “Қаерда ишладинг? Стройкада ишладим. Нима иш қилдинг? Маляркада ишладим. Ким билан ишладинг? Ўрислар эди. Ўзбеклар йўқмиди? Ўзбеклар бор эди. Қаердан эди ўзбеклар? Қарақалпоғистоннинг туркманлари¸ Туркманистон туркманлари. Андижонликлар бор эдими? Йўқ. Қанча пул ишладинг ойига?”. Асосан ана шу саволлар экан¸ дейди яқинларидан бири шу ойда “Саволнома”га ëзма жавоб бергач¸ туман ички ишлар бўлимида махсус “профилактика”дан ўтган бухоролик йигит.

"Нега Ўзбекистондан кетдинг?"

Озодликка мурожаат қилган қашқадарëлик Марҳабо (исми ўзгартирилган)¸ бир неча ой аввал янги паспорт олиш мақсадида уйга борганида¸ паспортга ҳужжат қабул қилиш шартларидан биттаси¸ айнан шундай профилактик суҳбатдан ўтганини тасдиқловчи ҳужжат бўлганини айтади:

- Бир йилдан кейин янги паспорт олиш учун Ўзбекистонга бордим. Паспортга документларимни топширишга борсам у ерда “шунақа-шунақа текширувлардан¸ терговдан ўтишинг керак”¸ дейишди. Документларимни қабул қилишмади. Тилхат ëздиришди. Мазмуни” Россияда ҳеч ким билан бирга бўлмадим¸ намоз ўқимадим”.

Милиция бўлимида мени эркак киши тергов қилди. Хонада мен танимайдиган яна битта хотин ҳам бор эди. “Нимага Ўзбекистонда ишламайсан?” деб бошлади. Ўзбекистонда бунақа ойлик бермайди¸ десам¸ “Ўқисанг берарди. Мана ман ўқиб¸ ишлаб ўтирибманку!” деб қўпол муносабатда бўлди. Ëнимдаги хотин ëлғиз она экан¸ уни “Нега эрингдан ажрашдинг?” деб қийнаганидан сўнг¸ у “Шахсий ҳаëтимга аралашма”¸ деб чиқиб кетди. Бир ўзим қолдим. Эрга тегмаганимни билиб туриб мениям “туққанмисан¸ кимлар билан бўлдинг” деб ҳурматсиз қилиб ташлаганидан кейин¸ мен ҳам чиқиб кетдим¸ дейди қашқадарëлик ëш қиз.

Бу ва бошқа суҳбатдан ўтказилган ўзбекистонликларнинг гувоҳлик беришича¸ ҳозирда хорижда ишлаб ватанига қайтган фуқароларнинг барчаси аввалига маҳалла қўмитасида махсус гуруҳ олдида¸ сўнгра эса¸ ички ишлар бўлими терговчилари томонидан ëппасига шундай сўроқ-савол қилинмоқда.

"Бундай савол-жавобларнинг ҳамма "узоқ муддатлилар" учун мажбурий эканини ички ишлар бўлими олдидаги навбатдан кўрасиз. Мен¸ масалан¸ эрталаб борганимдан¸ қош қорайганда суҳбатга кирдим. Навбат шунақа узун¸ одам роса кўп"¸ дейди Озодлик суҳбатлашган жиззахлик муҳожир.

"Террорчиларни танийсанми?"

Озодлик суҳбатлашган “узоқ муддатлилар” таъкидича¸ уларнинг барчаси маҳалла ва ички ишлар ходимлари томонидан “намоз ўқийдиган¸ масжидга қатнайдиган ва турли экстремистик гуруҳларга алоқадор” одамлардан узоқ туриш лозимлигидан алоҳида огоҳлантирилмоқда. Айни пайтда уларга¸ шундай ўзбекистонликларни билиб қолишса¸ тегишли идораларга дарҳол билдириш” тавсия қилинган.

“Мендан террорчилар билан алоқадамисан?” деб сўради милиционер. Мен бунақа бемаъни саволга “Алоқада бўлсам эди¸ ҳозир бу ерда ўтирмаган бўлардим” деб жавоб қилдим”¸ дейди “профилактик суҳбат”дан ўтганлардан бири.

"Таҳдид гуруҳи"ни таҳдиддан огоҳлантириш...

Озодликнинг ички ишлар тизимидаги манбалари таъкидича¸ узоқ муддат Россия¸ хусусан¸ Қозоғистонда ишлаб юрган ўзбекистонликларга¸ бу мамлакатларда нисбатан эркин фаолият юрғизаëтган Ўзбекистонда тақиқланган диний гуруҳларнинг эҳтимолий ўлжаси сифатида қаралади.

“Бу қатлам экстремист-террорчилар ўлжасига айланмай туриб¸ ана шундай профилактик чоралар қўлланиб¸ уларни бундай эҳтимол оқибатидан огоҳлантираяпмиз. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистондаги тинчлик ва хавфсизлик учун¸ яна фуқароларимизнинг одам савдоси қурбонига айланиши олдини олиш учун қилинмоқда”¸ дейди Озодликка ички ишлар тизими ходимларидан бири микрофонсиз суҳбатда.

Оддий ўзбекистонликларга кўра¸ бундай профилактик амалиëтлар аввалги йилларда ҳам бўлган¸ аммо бу қадар оммавий тусда ўтказилмасдан¸ асосан¸ диндор ва намозхонларга нисбатан қўлланиб келинган.

Айни пайтда¸ 2014 йилдан бошлаб Ўзбекистонда бир йилдан кўпроқ вақт бўлмаганлар ватанга қайтиши билан аэропортларда ҳам махсус суҳбатдан ўтказилмоқда.

Бу суҳбатларда ҳам¸ гувоҳлар ҳикоясича асосан¸ милиция бўлинмаларидаги “Саволнома”лар асосида сўроқ-жавоб ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG