Линклар

Украина бўҳронига қарамай, Россиянинг Евроосиё интеграцияси амалга ошмоқда


Божхоналар Иттифоқига аъзо бўлган Қозоғистон, Беларус ва Россия Президентлари Н.Назарбоев (ч), А.Лукашенко ва В.Путин (ў), Минск ш., 2013 йил октябрь.

Божхоналар Иттифоқига аъзо бўлган Қозоғистон, Беларус ва Россия Президентлари Н.Назарбоев (ч), А.Лукашенко ва В.Путин (ў), Минск ш., 2013 йил октябрь.


Россия, Беларус ва Қозоғистон раҳбарлари 29 май куни Олмаота шаҳрида Божхоналар Иттифоқини 2015 йил январь ойигача Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕИИ)га айлантириш ҳақидаги келишувни имзолайди. Айни пайтда, Арманистон ва Қирғизистон ҳам Иттифоққа аъзо бўлиш ҳаракатини бошламоқда.


Москва қўшни давлатлар ички ишларига аралашишга тайёр эканини кўрсатган Украинадаги бўҳрон ортидан Россия билан келишув имзоланиши борасида хавотирлар кучаймоқда.

Бу хавотир Божхоналар Иттифоқига аъзо давлат раҳбарларининг Минск учрашувида кўзга яққол ташланди.

- Саммит арафасида Евроосиё Иттифоқида сиёсатдан кўра иқтисодиёт кўпроқ ўрин тутиши кераклиги борасида янграган баёнотлар, шартнома тайёрлаш жараёнини имкон қадар чўзиш учун уриниш бўлганига далолатдир, дейди Минскдаги сиёсий таҳлилчи Юрий Чаусов.

Москва ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа Россиянинг постсовет ҳудудида ўз ҳукмронлигини қайта тиклаш йўлидаги уриниш сифатида кўрилади.

Москва Украинада бўҳрон бошланишидан анча олдин Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақидаги шартномани жорий йил баҳор фаслида имзолашни режалаган эди.

Таҳлилчилар ушбу уриниш ортида Москванинг иқтисодий манфаатлари эмас¸ балки сиёсий мақсадлари яширинган¸ деган фикрда.

Чаусовга кўра, Украинадаги воқеалар ортидан Божхоналар Иттифоқига аъзо бўлган Беларус ва Қозоғистон Россия билан чуқурроқ интеграциялашиш борасида эҳтиёткор бўла бошлаган.

Апрель ойида Минскда бўлиб ўтган саммитда Беларус президенти Александр Лукашенко ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Иттифоқ жуда тез ҳаракат қилаётганига ишора қилган.

Божхоналар Иттифоқи 2010 йилдан бери фаолият юритиб келаётганига қарамай, унинг аъзо давлатларга келтирган иқтисодий манфаатини баҳолаш қийин.

Иттифоқ фаолият бошлаган дастлабки йилда аъзо давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми кўпайган.

Иқтисодчилар буни 2008-2009 йилги глобал молиявий бўҳрондан кейинги ўнгланиш билан изоҳлаган.

Ўтган ҳафта Евроосий Иқтисодий Комиссияси 2014 йилнинг биринчи чорагида учта давлат ўртасидаги савдо ҳажми 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга камайганини маълум қилди.

Бундай иқтисодий кўрсаткичларга қарамай, Арманистон ва Қирғизистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш “йўл харитаси”ни амалга оширишга киришди.

Қирғизистонлик тадбиркорлар эса мамлакатнинг Иттифоққа қўшилишидан хавотир билдирмоқда.

Бишкекдаги Енгил саноат ассосиацияси президенти Фарҳод Тологоновга кўра, Қирғизистон импорт қилаётган маҳсулотларнинг 60 фоизи Божхоналар Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар, хусусан, Хитой ва Туркиядан келтирилади. Агар Қирғизистон Иттифоққа қўшилса, солиқлар миқдори икки баробарга ошади.

Бишкекдаги Дордой бозорида кийим-кечалар савдоси билан шуғулланадиган Чинара Қосимбекова Озодлик мухбирига агар солиқлар ошса, тижорат касод бўлишини айтди:

- Тижорат бўлмайди. Кўриб турганингиздек, ҳамма нарса қиммат бўлади. Ҳозир товарлар қиммат. Агар Божхоналар Иттифоқига қўшилсак, умуман ҳеч нарса бўлмайди. Одамлар Божхоналар Иттифоқини хоҳламайди. Агар мамлакат қўшилса, одамлар ишламайди. Билмадим, улар балки уйларида ўтирар, балки бошқа жойга кетиб қолишар, дейди Чинара Қосимбекова.
XS
SM
MD
LG