Линклар

logo-print

Обама террорчиликка қарши халқаро жамғарма тузилишини эълон қилди


АҚШ президенти Барак Обама ўз чиқишида Американинг террорчиликка қарши кураш стратегияси ўзгартирилишини таъкидлади.

Террорчи ташкилотлар ин қурган ҳар бир мамлакатга қўшин киритиш самарасиз сиёсат эканини айтар экан Обама¸ ўз мамлакати яқин фурсатда терроризмга қарши халқаро жамғарма тузилишига бош қўшишини маълум қилди.

Оқ уй раҳбари халқаро жамғармани тузишдан мақсад дунёнинг турли давлатларида террорчиликка қарши курашаётган ҳукуматларга кўмак бериш эканини қайд этди:

- Мен Конгрессни 5 миллиард долларлик ана шу террорчиликка қарши халқаро ҳамкорлик жамғармасини тузиш режасини маъқуллашга чақираман. Бу бизга террорчиликка қарши курашда олд сафларда турган мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, шу мамлакат мутахассисларини ўқитиш имконини беради, деди Обама.

Айни пайтда, президент Обама агар ўз мамлакати манфаатлари йўлида зарурат туғилса¸ Қўшма Штатлар бир ёқлама ҳарбий куч қўллаши мумкинлигини истисно қилмади:

- Манфаатларимиз учун лозим топилса, фуқароларимизга таҳдид туғилса ёки иттифоқичиларимиз учун хавф юзага келса, бир томонлама ҳарбий чораларга қўл урилади, деди Обама.

Украинадаги бўҳронга тўхталган президент Обама Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари билан мувофиқлаштирилган тарзда Россияни Украинадаги амаллари учун жазолашга муваффақ бўлганини таъкидлади:

- Украинадаги Россиянинг амаллари Совет танкларининг Шарқий Европага киритилгани билан боғлиқ ўтмишдаги ҳодисаларни эслатмоқда. Лекин ҳозир Совуқ уруш давро эмас. Дунё ҳамжамияти Америка етакчилигида Россияни яна ҳам яккалаб қўйиши мумкин санкцияларни қўллаш борасида якдилдир¸ деди Обама.

Бир кун аввал Обама шу йил охирида Афғонистондаги халқаро жанговар миссия тугаганидан сўнг ҳам бу мамлакатда 9800 америкалик ҳарбийни қолдириш ниятида эканини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG