Линклар

Украина Россия гази учун қарзини тўлаш муддати бугун тугайди


Украина ҳукумати Россиянинг Газпром ширкатига 2 миллиард долларлик қарзини тўлаш учун берилган муҳлат бугун ярим тунда тугайди. Украина қарзини тўламаган тақдирда, газ етказиш тўхтатилиши ва бу Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

ЕИ воситачилигида имзолаган келишувга кўра, Украина 29 май якунига қадар 2 миллиард АҚШ долларини тўлаши, акс ҳолда келаси ҳафта газ оқими тўхтатилиши кўзда тутилган.

Россия Президенти Владимир Путин 28 май куни қилган чиқишида Украина пулини тўламаган газ миқдори Польшага “йилига бериладиган газ ҳажмидан” каттароқ, дея таъкидлади. “Бу чексиз давом эта олмайди”, деди Путин.

Путин шунингдек, Украина қарзини вақтида тўласа, Россия “келгусида газ соҳасида ҳамкорликни қай тарзда давом эттириш масаласини” кўриб чиқади, дея қўшимча қилди.

Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер 28 май куни қилган чиқишида, Россиянинг энергия сиёсати Украина устида чиққан сиёсий можарода “воситага айланмаслиги лозим”, дея таъкидлади.
XS
SM
MD
LG