Линклар

Украина шарқида айирмачилар ҳукуматга қарашли ҳарбий вертолётни уриб туширди. 14 киши ҳалок бўлди


Украина муваққат президенти Олександр Турчинов россияпараст айирмачилар ҳукумат кучларига қарашли вертолётни уриб туширгани оқибатида 14 ҳарбий, жумладан армия генерали ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Украина шарқидаги айирмачилар 29 май куни Славянск шаҳрида Украина ҳарбий вертолётини уриб туширганларини айтган эди. Ассошиэйтед Пресс агентлиги мухбири вертолёт уриб туширилганига гувоҳ бўлганини хабар қилди.

Вертолётнинг уриб туширилиши Славянск шаҳрида тиғиз жанглар давом этаётган пайтда рўй берди. Бу шаҳарда ҳукумат кучлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида жанглар бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда.

Айни пайтда Славянскдаги айирмачилар шу ҳафта бошроғида бедарак йўқолган ЕХҲТ миссиясининг тўрт кузатувчиси ушлаб турганларини эълон қилди.

Ўзини Славянск мэри, деб эълон қилган Вячеслав Пономарёв ЕХҲТ кузатувчилари яхши аҳволда экани маълум қилиб, яқин орада қўйиб юборилишларини ваъда қилди.

Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко “аксилтеррор амалиётини” давом эттириш ва мамлакт шарқидаги бўҳронни тез орада бартараф қилишга ваъда берган.
XS
SM
MD
LG