Линклар

logo-print

Москва суди "чукча" сўзига берилган изоҳдан ҳақорат аломати топмади


Чукотканинг туб аҳли асосан буғучилик билан шуғулланади.

Чукотканинг туб аҳли асосан буғучилик билан шуғулланади.

Москва шаҳар Замоскворецкий туман суди бир гуруҳ чукча миллатига мансуб жамоатчилик фаолларининг номус ва иззат-нафсини ҳимоя қилиш тўғрисида берилган даъво аризасини қондирмади. Даъвогарлар 1998 йилда Россияда чоп этилган “Рус тилининг катта изоҳли луғати”да Чукотка туб аҳолисининг “содда, тор фикрли одам” дея таърифланганига норозилик билдирмоқда.

Чукчалар рус тилининг изоҳли луғати муаллифлари устидан судга мурожаат қилди.

Чукотка туб аҳолиси вакиллари норозилигига луғатдаги 140 мингта сўздан атиги биттаси – айнан “чукча” сўзига берилган таъриф сабаб бўлди.

“Чукчаларни “содда, тор фикрли одам” деб аташаётгани бизга маъқул келмаяпти”, дейди журналистларга Россия Давлат Думаси собиқ депутати Владимир Етилин:

- Бу луғатдан ўқув юртлари, ёшларимиз фойдаланади. Улар бизлардан, катталардан “Нима учун чукчаларни “содда, тор фикрли одам” деб аташаяпти” деб сўрамоқда, дейди судга мурожаат қилганлардан бири Владимир Етилин.

"Рус тилининг катта изоҳли луғати"да “чукча” сўзига берилган биринчи изоҳда “Чукча миллати вакили” ёзилган бўлса, иборанинг иккинчи¸ оғзаки маъноси “содда, тор фикрли одам тўғрисида” деб белгиланган.

Даъвогарлар суддан 1998 йилги “Рус тилининг катта изоҳли луғати”ни барча кутубхона ва китоб дўконларидан олиб ташлаш ва унинг ҳар бир муаллифидан 5 миллион рубль миқдорида маънавий товон пули ундиришни талаб қилмоқдалар.

Чукоткаликлар бу луғатни чоп этган учта нашриёт, уни тузган таҳрирчи-филолог Сергей Кузнецов ва Фанлар Академиясининг Тилшунослик тадқиқотлари институти устидан Москва шаҳар Замоскворецкий туман судига мурожаат қилди.

Луғат бош муҳаррири петербурглик Сергей Кузнецов бу сўз ва унинг иккинчи маъносини ўзи кашф этмагани ва бу сўзнинг рамзий маънога эга эканини тушунтиришга уринмоқда:

- Ахир бу латифалар қахрамони, содда, бироз фикри тор, умуман олганда, очиқкўнгил одам. Менга эътироз билдиришнинг ҳожати йўқ, чунки мен уни ўйлаб топмаганман. Мен рус тилида бор нарсани луғатга киритдим, холос, деди изоҳли китоб муҳаррири Сергей Кузнецов.

Бир ой олдин топширилган ариза душанба куни Москва шаҳар Замоскворецкий туман суди томонидан кўриб чиқилди ва даъво аризаси қондирилмади. Суд ҳаками бу китобдан чукчаларни ҳақоратлаш аломатлари топилмагани ва китоблар мусодара қилинмаслигини билдирди.

Бу қарорга жавобан Чукотка аҳли фаоллари юқори инстанция судига шикоят қилишлари ва ўз талаблари қондирилмагунча кураш давом этажагини билдирди.

Бундан ташқари, бу миллат вакиллари аслида ўзларини “чукча” деб аташнинг аслан нотўғрилиги, бу халқ номи “льыоравэтльан” экани ва бундан буён барча уларни айнан шу ном билан аташлари кераклигига жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

Айни пайтда, чукоткаликларнинг бу норозилиги ва суд қарори Россия оммавий ахборот воситаларида навбатдаги таҳқирлаш ва янгидан-янги анекдотлар пайдо бўлишига туртки берди.

"Чукчалар китобни судга берди", “Учта чукча судда китобга бой берди!”, “Чукчалар ҳақиқий одамлар учун курашмоқда”, “Россия чукчаларнинг тор фикрли эканини тан олди!”, “Москва суди луғатни чукчалардан ҳимоя қилди”, “Чукоткаликлар китоб билан курашмоқда!”, “Суд чукчаларни “содда” ва “тор фикрли” деб атади” каби сарлавҳалар Рунетни тўлдириб юборди.

Охирги ўтказилган Бутунроссия аҳолини рўйхатга олиш натижасига кўра, Россияда ўзини чукча деб атаган 16 минг одам яшаб келмоқда. Уларнинг асосий қисми Чукотка мухтор округида яшаб, асосан¸ буғучилик билан шуғулланиб келади.

Чукоткаликларнинг Москва судида бошлаган мужодаласига Чукотка собиқ губернатори, ҳозирда Чукотка Думаси депутати¸ дунёнинг энг бадавлат одамларидан бири Роман Абрамович ҳозирча муносабат билдирганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG