Линклар

Славянскда айирмачилар армия вертолётини уриб туширди


Айирмачилар уриб туширган вертолётда ҳалок бўлган 14 аскар орасида армия генерали ҳам бор.

Айирмачилар уриб туширган вертолётда ҳалок бўлган 14 аскар орасида армия генерали ҳам бор.

Украинанинг Славянск шаҳрида пайшанба куни айирмачилар ҳукумат кучларига қарашли вертолётни уриб туширгани оқибатида 14 ҳарбий ҳалок бўлди. Мамлакат шарқида жанглар давом этмоқда. Киев ҳукумати Россия айирмачиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатса бўҳрон ҳал бўлиши айтмоқда.


Украинанинг муваққат президенти Олександр Турчинов мамлакат шарқидаги Славянск шаҳрида россияпараст айирмачилар ҳукумат кучларига қарашли вертолётни уриб туширгани оқибатида 14 ҳарбий, жумладан армия генерали ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Турчинов 29 май куни парламент олдида қилган чиқишида вертолёт “Россияда ишлаб чиқарилган акслиракета мосламаси” ёрдамида уриб туширлганини маълум қилди.

Вертолётнинг уриб туширилиши Славянск шаҳрида тиғиз жанглар давом этаётган пайтда рўй берди.

Донецк вилоятининг Славянск шаҳрида бир неча ҳафтадан бери ҳукумат кучлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида жанглар давом этмоқда.

Россияпараст айирмачилар Донецк ва қўшни Луганск вилоятида ўзларининг мустақил “халқ республикалари”ни эълон қилган.

Айни пайтда, 29 май куни Славянскдаги айирмачилар шу ҳафта бошроғида бедарак йўқолган ЕХҲТ миссиясининг тўрт кузатувчиси ушлаб турганларини эълон қилди.

Ўзини Славянск мэри, деб эълон қилган Вячеслав Пономарёв ЕХҲТ кузатувчилари яхши аҳволда экани маълум қилиб, яқин орада қўйиб юборилишларини ваъда қилди. Понамарёвнинг айтишича, ЕХҲТ вакиллари жосусликда гумон қилинмоқда.

Луганск вилоятида, 28 май куни айирмачилар Миллий гвардия сафидаги кўнгиллилар жойлашган казармага ҳужум қилди. Ўртада чиққан жангда иккала томондан талафотлар бўлганини айтмоқда.

Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко “аксилтеррор амалиётини” давом эттириш ва мамлакт шарқидаги бўҳронни тез орада бартараф қилишга ваъда берган.

Порошенко келаси ҳафта Россия Президенти Владимир Путин билан бўҳрондан чиқиш йўлларини муҳокама қилиш учун учрашиш режаларни ҳам эълон қилди. Порошенко билан Путин келаси ҳафта Францияда учрашишлари кутилмоқда. Президентлар Иккинчи жаҳон уруши пайтида иттифоқчиларнинг Нормандияга тушишининг 70 йиллигига бағишланган тантаналарда қатнашишади.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк 28 май куни қилган чиқишида Россия айирмачиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатса, мамлакат шарқидаги бўҳрон “бир-икки ҳафта ичида” ҳал бўлади, дея таъкидлади.

- Шарқдаги вазият ёмонлашмоқда. Кейинги беш кун ичида рўй берган воқеаларга қаранг. Қурол-аслаҳа, жангари ва Россияда тайёргарликдан ўтган бандитлар ортилган юк машиналари Россия томонидан Россия-Украина чегарасини кесиб ўтди. Биз Россия чегара назорат хизмати, Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, чегарани тўсиб, жангариларнинг чегарани кесиб ўтиши ва вазиятнинг кескинлашишига йўл қўймасликни сўрадик. Улар томонидан ҳеч нарса қилинмади.

Россия Украина шарқидаги айирмачи жангариларга ҳомийлик қилаётганини инкор қилиб келмоқда. Россия иддаосига кўра, исёнчилар Украина шарқидаги русийзабон аҳоли манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 29 май куни қилган чиқишида зўравонликларни тўхтатиш учун “самаралироқ мулоқот ўрнатиш чораларини кўришга” чақирди.

- Бу вазиятдан шунчаки қуруқ гаплар ёрдамида чиқиб бўлмайди. Зўравонликни тўхтатиш учун, балки самаралироқ мулоқот чоралари талаб қилинади, жумладан энг аввал жазо операциясини тўхтатиб, ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот ўрнатиш керак бўлади, деди Лавров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG