Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:15

Қирғизистонда битирувчиларга ўзбек тилида тест топшириш имкони берилди, аммо...


Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари учун яна она тилида тест топшириш имконияти пайдо бўлди. Аммо бу имкониятдан аввалроқ қирғиз ва рус тилида умуммиллий тест топширишга мажбур бўлган битирувчилар фойдалана олмайди.

Қирғизистонлик битирувчиларга ўзбек тилида умуммиллий тест топшириш имконияти берилаётгани ҳақида Озодликка Қирғизистон Таълим ва фан вазирлигининг матбуот котиби Амантур Ақматов маълум қилди.

- 2014 йилнинг 15 май куни Таълимда баҳолаш ва ўқитиш методлари маркази директори И.П. Валькова номига вазирликдан хат йўлланган. Унда 2014 йилги синовлар учун қайддан ўтмаган ва тестда қатнашмаган абитуриентлардан ёзма мурожаат бўлган тақдирда, шу йил июнь ойида бўлиб ўтадиган кечки тест синовлари доирасида улардан ўзбек тилида тест олиш сўралган. 17 июндан 23 июнгача умуммиллий тестнинг сўнгги босқичи учун рўйхатга олиш ишлари олиб борилишидан хабарингиз бўлса керак. Ўша ерда битирувчилар ўзбек тилида тест топширишлари мумкин, - дер экан Амантур Ақматов бу имкониятдан аввал тестдан ўтмаган битирувчиларгина фойдалана олишлари мумкинлигини таъкидлади.

Умуммиллий тест материалларини тайёрлаш ва бевосита ўтказиш билан шуғулланадиган Таълимда баҳолаш ва ўқитиш методлари марказининг жамоатчилик билан алоқаларга масъул ходимаси Чинара Батракееванинг айтишича, Таълим вазирлигининг хати марказга 17 май куни келиб тушган. Шу хат асосида кечки тест синови учун битирувчилар Қирғизистоннинг Бишкек ва Ўш шаҳарларида қайддан ўтишлари мумкин.

- Кечки тест синови учун қайдга олиш 17 июндан 23 июнгача юритилади. Бишкекда бу жараён 24-мактаб базасида, Ўшда эса шаҳар Ҳалқ таълими бўлими базасида амалга оширилади. Демак, ўзбек тилида тест топширишни истаганлар Ўш шаҳар халқ таълими бўлимига бориб, ариза ёзишлари лозим бўлади. Шундан кейин тахминан 25-27 июн кунлари бевосита тест синови ўтказилади, - дер экан Чинара Батракеева синов пайтигача марказ ўзбекча тест материалларини ҳозирлаб улгуражагини қўшимча қилди.

Қирғизистонда бу йил ўзбек тилидаги тест синовлари бекор қилингани ҳақида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Озодлик радиоси ҳам аввал хабар қилган. Расмийлар бунга ўзбек тилида тест топширишни истаганлар сони йилдан-йилга камайиб кетаётганини важ ўлароқ кўрсатганлар. Миллатчилик кайфиятидаги баъзи гуруҳлар эса Қирғизистонда тест фақат давлат тили бўлган қирғиз тили ҳамда расмий тил бўлмиш рус тилидагина ўтказиши лозимлигини таъкидлаб, ҳатто норозилик акциялари ўтказганлар.

Қирғизистонда олий ўқув юртларига фақат умуммиллий тест натижалари асосида қабул қилинади. Бу йил мамлакатда ўзбекча тест ўтказилмаслигидан хабар топган ўзбек мактаблари битирувчилари ўқишга кириш илинжида она тилида эмас, балки қирғиз ва рус тилларида тест топширишга мажбур бўлганлар.

Уларнинг аксарияти тест топшириб бўлганидан кейин Таълим вазирлиги томонидан ўзбек тилида тест топширишга рухсат этилиши ўзбек мактаблари битирувчилари ва яқинларининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

- Ўзбек тилида (тест) бўлиши ҳақида кейин айтилди. Шу битта минус томони – кеч бўлиб қолди. “Шуни эртароқ қилишнинг иложиси йўқмиди ёки нимага айнан эртароқ бўлмади?” деган саволлар бўлди-да одамларнинг ичида, - дейди бу йил укаси она тилида тест топшириш имкониятидан мосуво бўлган ўшлик Баҳриддин.

Ўшдаги ўзбек мактабларидан бирида ишлайдиган, аммо исми очиқланишини истамаган ўқитувчилардан бири аксарият мактабларда битирувчилар умуммиллий тестни биринчи босқичдаёқ топшириб бўлганларини айтиб, шу важдан кечки тестга қатнашиши мумкин бўлган абитуриентлар сони бармоқ билан санарли бўлажагини тахмин қилади.

“Ўзбек мактабларининг ҳар биридан беш ё олтитадан одам чиқиши мумкин биринчи босқичда тест топширолмай қолган. Шулар ҳаммаси жам бўлса, нари борса, 100-150 киши топшириши мумкин ўзбекча тестни. Кейин бу статистика “Ўзбек тилида тест топширишни истаган битирувчилар сони жудаям камайиб кетди” дея талқин қилиниб, янаги йилга ҳам ўзбекча тестларни тақиқлаб қўйишга асос бўлмаса бўлгани. Агар кейинги йилда битирувчиларга ўзбек тилида тест топширишга рухсат этилса, ишонаманки, она тилида тест топширишни истаган ўқувчиларимиз жуда кўп бўлади”, - дейди суҳбатдошимиз.

2015 йили Қирғизистонда ўзбек тилида тест топширишга рухсат берилиш-берилмаслиги ҳозирча номаълум. Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот котиби Амантур Ақматовнинг айтишича, ҳозир вазирликда умуммиллий тест тўғрисидаги низом ишлаб чиқилмоқда. Ақматовга кўра, бу низом лойиҳаси жорий йил охиригача ҳукуматга тақдим этилади ва шундан сўнг ўзбек тилида тест ўтказиш-ўтказмаслик ҳақида қарор қабул қилинади.

Қирғизистонда бу йил ўзбек мактаблари битирувчилари учун она тилида тест топшириш имконининг чеклаб қўйилгани халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари томонидан “инсон ҳуқуқларининг бузилиши” ўлароқ бир неча бор танқид қилинган.
XS
SM
MD
LG