Линклар

logo-print
2011 йилда уруш тугагани расман эълон қилинганига қарамай ҳануз тинчлик қарор топмаган, портлашлар битмаган Ироқдаги 20-40 яшар эркаклар орасида танасига исми, ёши ва манзили битилган татуировкаларни чиздириш анаъанаси кенгаймоқда. Уйидан ўқиш ёки иш учун чиқиб, ортга қайтмаслиги эҳтимоли катта бўлган яқинларининг жасадларидан ҳам мосуво қолмаслик истаги жамият вакилларининг бунга рози бўлишига туртки бўлмоқда. Айни пайтда жанг майдонларидаги жанггарилар орасида ҳам танасига тату туширганлар учраётгани кузатилмоқда.


Тату - портлаб кетган жасадни таниб олиш воситаси

2003 йилда бошланиб, 2011 йилда тугагани расман эъллон қилинган Ироқ урушидан азият чеккан мамлакат аҳли ҳануз тинчлик қарор томагани боис ўз хавфсизлигини таъминлаш йўлида ҳар чорага бош урмоқдалар.

Тонгда иш ёки ўқишга, деб уйидан чиқиб кетган фарзандлари ортга қайтмаслиги эҳтимолини қабул қилган баъзи оилалар яқинлари танасига исми, манзили, ёши ва телефон рақамлари битилган татуировкаларни туширмоқда.

Ўз шахсига оид маълумотларни танасининг бир неча қисмига мангуга муҳрлашга қарор қилган бағдодлик Эҳсон Нурий дунёнинг ривожланган қисмида урф ўлароқ ёйилаётган тату Ироқда ёшлар учун бир заруратга айланганини айтади.

- Аслида ҳаётимизга янги нарсалар кириб келаяпти, янги урфлар кириб келаяпти. Ҳаёт тарзи ўзгараяпти. Бугунги ёшлар эса шароитдан келиб чиқиб, бошқачароқ ёндашаяпти. Айниқса, бугун эрталаб уйингдан чиқиб кетаркансан, кечгача қайтишинг номаълум бўлиб турган бир шароитда нима учун янги урфдан ҳаётий зарурат учун фойдаланмаслик керак?! - дея савол ташлайди бағдодлик Эҳсон Нурий.


Танасига исмини муҳрлаётган 20-40 яшар эркаклар

Бағдод марказидаги кичиккина дўкончасида мижозлар танасига турли мазмун ва ранглардаги татуировкаларни муҳрлаётган уста Муҳаммад Азиз аввалари татуларнинг асосий қисми турли маънодаги сурат ва нақшлардан иборат бўлган бўлса, ҳозир мижозларнинг аксарияти бир неча сўз ва рақамлар билан чекланаётганини тасдиқлайди.

Унинг дўкончаси қошида 20-40 ёш оралиғидаги йигитлардан иборат мижозлар навбатини деярли ҳар куни кузатиш мумкин.

- Ёшлар, асосан ўзининг исми, ёши, манзили ва телефон рақамларини ёздираяпти. Уларнинг аксарияти 20-40 ёшлар оралиғида. Ҳозир жуда кўпчилик ёшлар шу ишни қилаяпти. Нарх эса чизилаётган татунинг шакли ва ҳаттолик услубига қараб белгиланади. Ҳар бир ҳарф учун тақрибан 15 АҚШ долларидан 40 долларгача ҳақ оламиз. Сурат ёки нақшлар солинган ўртача татуировка нархи 300-400 АҚШ доллари атрофида. Бундай татуларни чиздираётганлар ҳам оз эмас, - деди бағдодлик татуировка устаси Муҳаммад Азиз.


Жамият қоралаган бу ҳаракатни оқлаш фойдасиз

Ироқ республикаси аҳолисининг асосий қисми мусулмондир ва Исломда татуировка чиздириш гуноҳ бўлгани боис, ироқликлар орасида ҳам танасига у ёки бу кўринишда безак солганлар, умумиятла, қораланади.

Лекин, бугунги глобал ахборот алмашинуви замонида дунёнинг ривожланган ва фаровон қисмида урф бўлган ҳар қандай янгилик социал тармоқлар ва телевидение воситасида дунё бўйлаб соат сайин тарқалмоқда.

Бағдод университетида ишлайдиган социология фанлари профессори Фавза Аттияҳ шу вақтгача энг сўнгги русумда кийинган ва ясан-тусан қилиб юрган ироқлик ёшлар орасида танасининг қайсидир бир қисмида кичиккина татуси бўлишини ҳавас қилганлар оз эмас, деб ҳисоблайди.

- Ижтимоий тармоқларга тез ва осон кириб бораётган ёшлар орасида татуировкани замонавийлик, янги урфга ҳамоҳанглик белгиси, деб биладиган ёшлар кўп. Айниқса, ёш йигитлар танасининг кўриниб турган қисмига қанақадир жанговар ёки бошқа мазмундаги татуни муҳрлашни исташи мумкин. Фақат бундай ёшлар жамиятнинг эътирозидан, муҳокамаларидан қўрқиб бунга журъат қилмасди. Ҳозир бунга, гўёки бир узрли сабаб топилди. Ҳаётий зарурат, деб бу ишга қўл ураётган ёшларнинг аксарияти аслида мода кетидан қуваяпти. Лекин бу гуноҳ ва бунга оқлов йўқ, - дейди татутнинг янгича кўринишда урфлашаётганидан норозилигини яширмаган бағдодлик профессор.


Танасида Иблис сурати чизилган эҳтимолий ўзбек жанггариси

2012 йилнинг декабрида Пешавор аэропортига ҳужум қилган 10 террорчи ўлдирилган ва булар орасида елка, курак ва бел қисмига иблисона рамзлар акс этган татуировка чизилган мужоҳид дунёни ҳайратга солган эди.
Қизиғи, ўша рейд ҳақида хабар қилган The Express Tribune нашри ўлдирилган 10 мужоҳиддан 5 нафари ўзбек миллатига мансублиги ҳақида ёзган эди. Аммо, танасидан тату топилган мужоҳид миллатига аниқлик киритилмаган.

Экспертлар марҳум мужоҳид танасидаги якунига етказилмаган татуировкада акс этган иблисона рамз ва белгилар - ўлим билан юзлашган ва ундан қўрқмаслигини атрофдагиларга билдиришни истаган шахслар чиздирадиган тимсоллар эканини айтади. Бу тимсолларни ўйлаб топиб, кишилар танасига муҳрлаш амалиётини эса перулик машҳур тату устаси Борис Валейо бошлаган.

Унинг қаламига мансуб бу татуни мужоҳид танасига муҳрлаган уста эса профессионал бўлмагани ва бу иш 10-12 йил муқаддам бажарилгани ҳам экспертлар томонидан қайд этилган.

Шунингдек, Борис Валейо асарлари муштарийлари, асосан криминал дунёда танилган авторитетлар ва гангстерлар экани кузатилади.


Татуировкали жанггари мусулмонлардан эмас

Дунёда исломий қонунларни ўрнатиш ниятини даъво қилган террорчи гуруҳ аскари танасида Иблис тимсоли акс эттирилган татуировка бўлгани катта муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

2012 йилнинг декабрида Покистондаги Пешовар аэропортига уюштирилган қонли ҳужум учун масъулиятни бу мамлакатдаги "Таҳрики Толибон" гуруҳи ўз зиммасига олган эди.

Ислом таълимоти ҳақидаги бир неча китоблари билан ном таратган покистонлик олим Хуршид Аҳмад The Express Tribune газетасига берган интервьюсида: "Танангизда тату бор экан, диний ибодатни бажаришингиз мумкин эмас. Пешовардаги бу ҳужум шу каби террор хуружлари Ислом номини қора қилаётган ташқи кучлар томонидан амалга оширилгани ҳақидаги хавотирларимизни кучайтирди", деган эди.

Татуировкали жанггари ўлими ортидан кўтарилган шов-шувларни шарҳлаган мусулмон жамоалари айрим етакчилари эса жанггарининг муқаддам бошқа динда бўлгани ва бу унинг Ислом динига киришидан олдин қилган "хато"ларидан бири эканини таъкидлаган эдилар.

Покистон уламолари кенгаши ҳам татуировканинг Исломда тақиқланганини таъкидлаб, "бу жасад ўзини мусулмон билган шахсга тегишли эмас" мазмунида баёнот берган эди.


Тату Исломда қатъиян тақиқланган

Ислом келгунига қадар - жоҳилият даврида араблар орасида танасига ўчмас бўёқлар билан нақш солдириш, аёллар орасида эса тишларининг орасини кенгайтириш удуми бор эди. Айримлар ўзлари сиғинган будлар расмини танасига чиздирар эди.

Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ва унинг воситасида ер юзида ёйилган Ислом таълимотида бу амаллар қатъиян тақиқланди.

Ислом олами уламолари тату масаласида умумиятла айни фатвони такрорлаб келадилар ва бунда кўпроқ Имом Бухорий ва Абу Муслимлар келтирган саҳиҳ ҳадисни тилга оладилар:

"Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят. У киши дедилар: “Аллоҳ танага нақш чизувчиларни, нақш чиздирувчиларни, қош терувчиларни, чирой учун тишлар орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганига ўзгартириш киритувчиларни лаънатлади”.

Бундан ташқари, тана аъзолари (қош, кўз, лаб, соч ва бошқа аъзоларни) ўзгартириш Оллоҳ берган неъматдан қониқмай, унинг иродасига қарши чиқиш мазмунидаги гуноҳ экани акс этган "Нисо" сурасидаги оят ҳам тилга олинади.


Исломга кирганларнинг ўтмишдаги хатолари унутилади

Исломда тақиқланган ҳаракатларни ўтмишда содир этган ва кейинчалик қилмишидан пушаймон бўлиб, ибодат йўлига ўтганлар ёҳуд кейинчалик Исломга кирганлардан танасидаги татуни ўчириб ташлаш талаб қилинади.

Аммо, татуировканинг вақтинчалик ва доимий турлари бор. Терига игна воситасида бўёқларни сингдириш йўли билан чизилган тату йиллар давомида ўчмайди.

Ислом ибодатига киришганлар ўтмишда танасига муҳрланган татуни ўчира олмас экан, уни яшириш тавсия қилинади ва бундан кўзланган асосий мақсад нафақат ўша мусулмоннинг хайри, балки Исломнинг шаънига иснод келтирмаслик, Ислом дини ҳақида ёлғон тасаввур уйғотмасликдир.

Шу боис, Исломда нафақат бошқалар, балки кишиларнинг ўзлари билиб-билмай содир этган хатолар ва катта-кичик гуноҳларни ошкор қилмаслик, Оллоҳга тавба қилиб, уларни унутиш уқдирилади.

Ислом қоидаларига амал қилган мусулмонлар эса ўз сафларига янги кирган мусулмонларнинг ўтмишдаги хатолари, гуноҳларини унутадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG