Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:48

Шерали Жўраев: “Мен айтган қўшиқда “Роғун” сўзи йўқ!”


Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраев тожик матбуотига юборган мактубида ўзининг “Дарёлар” қўшиғида “Роғун” сўзини ишлатмаганини ва бу қўшиқни бошқача талқин қилганлар эса халқлар дўстлиги орасига рахна солувчи кимсалар эканлиги ҳақида ёзди. Тожикистондаги мустақил “Фараж” Интернет газетасида чоп этилган мактубни Шерали Жўраевга яқин манбалар таҳририятга келтириб бергани айтилади.

Тожикистондаги мустақил “Фараж” интернет-газетасида 28 май куни чоп қилинган “Шерали Жўраев: Душманлар мени тожиклар билан урушга солмоқчи!” мақоласида Шерали Жўраев яқинда куйлаган “Дарёлар” қўшиғида “Роғун” сўзи йўқлиги таъкидланган. Мақолада бу сўзга урғу берганлар қардош халқлар орасига низо солувчи шахслар экани ёзилган.

“Фараж” Интернет газетаси бош муҳаррири Хуршед Атовуллонинг Озодликка айтишича, бу мактубни Шерали Жўраевга яқин манбалар таҳририятга келтириб берган:

- Бу ҳақиқий мактуб. Уни Шерали Жўраевга яқин ва биз қаттиқ ишонадиган шахс келтириб берди. Мактубнинг ҳар саҳифасида Шерали Жўраевнинг имзоси бор. Ўзбекларнинг таниқли ҳофизи ўз мактубида Роғун ва Қамбарота ГЭСларини қўшиқда тилга олмаганини, бу қўшиқ халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида ижод қилинганини айтади,- деди Хуршед Атовулло.

Шерали Жўраев мақоласи деб иддао қилинаётган мактубда шундай деб ёзилади:

“Сирдарё Қирғизистондан бошланиб Ўзган, Ўш, Жалолободдан келиб водий - Фарғона, Андижон, Наманган, Хужанд, Ашт, Конибодомдан сўнг яна Тошкент областига ўтади. Бу сувни бир пайтлар Ўзганни уст томонидан бошқа томонга бурамиз, деган гап чиқди. Худо кўрсатмасин бундай бўлса тожиклар ҳам, ўзбеклар ҳам, қозоқлар ҳам сувсиз қолар эди. "Дарёлар тўлиб оқсин” деганимни маъноси шу.

Тожик халқи мани энг севимли қардошларим ҳамда бародарим! Ҳазрат Абдураҳмон Жомий улуғ пир, Амир Алишер Навоийнинг пирлари бизнинг-да пирларимиздур!

Жўрабек Муродов менга ака ва дўстим ва бутун тожик халқи мени севимли дўстларимдур!

Хоразмга борсам туркманлар канал қазиб сувни, яъни Амударё сувини буриб кетди, дарахтлар қуриди дейишади. Қорақалпоқ халқи эса ҳамма сувни пахтакорлар тўсиб, пахтага сув бериб, Орол денгизини қуритди, деб йиғлаб ётибди.

Мен айтган қўшиқни ичида “Роғун” деган сўз йўқ!

Буни интернетга чиқарган одам ўзини фойдаси учун гапирган бизни душманларимиздан биридир.

Мен айтган қўшиқ барча халқлар учун зарур масала...”
, деб ёзилади мактубда.



Мактубда икки қардош халқ дўстлигига алоҳида урғу берилади:

“Ўзбек ва тожик халқи эт билан тирноқ каби бир-бирига пайванд бўлган. Бизнинг аждодларимиз қадимулаййомдан қону-қариндош ва ёру-биродар бўлиб келган. Иншооллоҳ, биз ҳеч қачон бир-биримиздан айрилмаймиз.

Дўст билан обод уйинг гар бўлса у вайрона ҳам,
Дўст қадам қўймас эрса, вайронадур кошона ҳам.

Тинчлик ва хотиржамлик тилаб сизнинг дўстингиз Шерали Жўраев!”
деган сўзлар билан якунланади мактуб.

Озодлик Шерали Жўраевнинг ўзи билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ бунинг имкони бўлмади.

Озодлик бу мактубни Шерали Жўраевнинг шахсан ўзи ёзганлиги ҳақида ҳам аниқ маълумотга эга эмас.

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевнинг минтақа дарёлари ҳақида шоир Иқбол Мирзо сўзи билан айтган қўшиғидан сўнг ижтимоий тармоқларда “ҳофиз қўшни давлатларда қурилаётган “Роғун” ва “Қамбарота” ГЭСлари ҳақида куйлади” қабилидаги гап-сўзлар кўпайиб кетган эди.

Ўзбекистондаги “Даракчи” газетаси “Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев Роғун ва Қамбарота ГЭСлари ҳақидаги қўшиғини ёзиб тугатди”, деб хабар берган эди.

Шеър ҳукумат ўтказадиган “Наврўз”, “Мустақиллик” байрамлари сценарийлари муаллифи шоир Иқбол Мирзо қаламига тегишли.

67 ёшли ўзбек ҳофизи Шерали Жўраев кейинги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг етакчи телеканаллари ва катта концерт залларида қўшиқ айтмайди.

Озодлик манбаларининг айтишича, Шерали Жўраевнинг катта саҳнада қўшиқ куйлашига 1994 йилда юқоридан “норасмий тақиқ” қўйилган.

1947 йилнинг 12 апрелида Андижон вилоятининг Асака туманида таваллуд топган Шерали Жўраев яқин эллик йилдан буён ижод қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG