Линклар

logo-print
Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатга чек қўйиб, туб ислоҳотларни бошламас экан Жаҳон банки бу мамлакатга чақа ҳам ажратмаслиги керак, дейди Cotton Campaign халқаро гуруҳи вакили Мэттю Фишер Дали:

- Ўзбекистонда йиллардан буён давлат xизматчиларидан тортиб, талабалар, мактаб ва коллеж ўқувчилари далада ишлашга мажбурлаб қилинади. Қолаверса, коррупция чуқур илдиз отган мамлакатда маблағлар мақсадга мувофиқ ишлатилмайди. Биз Жаҳон банкини маблағлари ана шу мажбурий меҳнатга асосланган пахта саноатига йўналтирилиши мумкинлигидан хавотирдамиз, банкни Ўзбекистондаги шу лойиҳаларни молияламай туришга чақирамиз, дейди Фишер Дали.

Жаҳон банки Ўзбекистондаги икки лойиҳани молиялашни кўриб чиқмоқда. Биринчиси, Қорақалпоғистон жанубидаги сув таъминотини яхшилаш. Иккинчиси¸ Ўзбекистонда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳадир.

Банк шу соҳалар учун бир неча юз миллион доллар ажратиш ниятида.

Ўзбекистонда аксар аҳоли қишлоқ хўжалиги ҳисобига кун кўриши инобатга олинса¸ бу секторга халқаро тузилмалар молия ажратишининг нимаси ёмон?

Жаҳон банки сув таъминотини яхшилаш лойиҳаларига пул ажратса¸ сувсизликдан азият чекаётган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун фойдаку, деб сўраймиз Cotton Campaign халқаро гуруҳи вакилидан:

- Тўғри. Лекин, Жаҳон банки Ўзбекистонда фермерчиликни ривожлантириш учун аввал ҳам молия ажратган. Лекин, бу маблағлар шу фермерларга етиб бормаганди. Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга асосланган қишлоқ хўжалиги туб ислоҳ қилинмас экан¸ бу соҳага молия ажратиш бефойда, дейди Cotton Campaign халқаро гуруҳи вакили Мэттю Фишер Дали.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Жаҳон банки раҳбарига йўллаган хатида Ўзбекистон ўзининг қишлоқ хўжалик секторида болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан воз кечмагунича бу лойиҳани молиялашни тўхтатиб туришни банкдан сўрамоқда:

- Жаҳон банки инсон ҳуқуқларини бузувчи секторга ҳомийлик қилиш ўрнига, Ўзбекистон ҳукуматидан мажбурий меҳнатни тўхтатишни талаб қилиши керак, - дейди Мэттю Фишер Дали.

Озодлик радиоси Cotton Campaign гуруҳининг чақириқлари юзасидан Жаҳон банкидан муносабат сўраб мурожаат этди. Лекин, ҳануз жавоб бўлмади.

"Cotton Campaign" мактубида 2013 йилги пахта мавсумида ҳам Ўзбекистон ҳукумати 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва катталарни систематик тарзда пахта теришга мажбурлагани қайд этилади.

Ўтган йилги пахта терими мавсумида Ўзбекистонда жами 1 миллион одам мажбурий меҳнатга мажбурлангани ва пахта далаларида камида 11 одам ўлгани билдирилган.

Ўзбекистон ҳукумати ўз пахта саноатида болалар мажбурий меҳнатга жалб этилишини рад этиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG