Линклар

30 май куни Тошкентда ёққан кучли ёмғир натижасида пойтахт кўчаларини сел босди. Тошкентдан олинган хабарларга кўра, автомобил йўлларида тирбандликлар юзага келиб, жамоат транспортининг юриши қийинлашган. Метро станцияларига сув оқиб киргани оқибатида айрим бекатлар ёпилган.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчиси Озодлик билан суҳбатда сел жиддий оқибатлар олиб келмаганини айтди:

- Сел қаттиқ бўлди, лекин бизга нохуш ҳолатлар ҳақида сигнал тушгани йўқ. Ҳозир сув босган жойларни ходимларимиз назорат қилиб туришибди. Вазият тинч, деди бошқарма навбатчиси.

Озодликнинг мобил мухбири жўнатган ушбу видео тасвирда сув босган Тошкент кўчалари акс этган:



Озодликнинг Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манбасига кўра, Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳам вазият мураккаблашган.

"Ҳозирда Тошкент ва Жиззах вилоятларида вазиятни яқиндан кузатяпмиз. Бу вилоятларда 2 июнгача сел хавфидан огоҳлантирув ҳолати жорий қилинган. Об-ҳаво ўзгариб турибди, қаттиқ ёмғир яна такрорланиш хавфи бор, шунинг учун тайёр бўлиб турибмиз. Лекин на Тошкент шаҳри, на вилоятларда талафотлар бўлганига доир хабарлар йўқ", деди вазирлик вакили.

Мутасадди Тошкент метросининг "Ўзбекистон" йўли тушдан кейин бир-икки соат давомида тўхтаб қолганини тасдиқлади.

"Чорсу метро станциясига катта миқдорда сув оқиб тушган. Шу сабабдан метро қатнови бир неча соатга тўхтаб қолди. Лекин ҳозир станция тозаланиб, поездлар қатнови тўла тикланди", деди суҳбатдошимиз.




Вазирлик мутасаддисининг айтишича, пойтахт Тошкентда вазият мураккаблашганига бир кун аввал дарахтларнинг йиқилгани ва ёмғир сувлари оқадиган лотоклар тиқилиб қолгани кўчаларни сув босишига сабаб бўлган.

"Ҳозир коммунал хизмати, Тошкент ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа хизматларни жалб қилганмиз, улар жойларга чиқиб кетган. Йиқилган дарахтларни олиб ташлаш, лотокларни тозалаш ва ёмғир оқибатларини бартараф қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда", деди Озодлик манбаси.

Ёмғир суви учун мўлжалланган қувур ва лотокларнинг нима сабабдан вақтида тозаланмаганига доир саволимизни вазирлик мутасаддиси коммунал хизматлар идорасига беришимизни маслаҳат берди.

Қувур тизимларининг ишдан чиқиб, Тошкент кўчаларида сув дарё бўлиб оқаётганини Озодликнинг WhatsApp муштарийлари юбораётган видео ва фотолардан ҳам кўриш мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG