Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:34

Россия ФМСларида навбатлар узаймоқда


Кейинги кунларда Россия Федерал Миграция ҳизмати идоралари олдида рўйхатдан ўтиш ва ишлашга рухсат олиш илинжида турганлар навбати узаяётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Москвадаги Федерал Миграция ҳизмати идоралари олдидаги турнақатор навбатлар шаҳарнинг одатий манзарасига айланмоқда.

Москванинг Химки мавзесидаги Федерал Миграция хизмати идораси олдида рўйхатдан ўтиш, ишлашга рухсат олишга навбат кутиб турган беш юзга яқин одамнинг аксари ўзбекистонлик, тожикистонлик меҳнат муҳожирларидир.

Улар орасида бўлган наманганлик 26 ёшли Абдулла Озодлик билан суҳбатда бир ҳафтадан бери Федерал Миграция хизмати олдида кун бўйи навбатда туриб, бир йилга ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни ололмай сарсон бўлаётганини айтади.

- Бир ҳафтадан бери кунига қатнайман, ҳар куни очередь. Беш юзга яқин одам туради, ҳозир ҳам шунча одам турибди. Москвада тўрт йилдан буён ишлайман, бунақаси бўлмаган. Олдин бир кунда келиб олиб кетар эдик, ҳозир уч ҳафтадан буён очередда турганлар бор, - дейди Химкидаги ФМС идораси олдида навбатда турган Абдулла.

Федерал Миграция хизмати идоралари олдидаги навбатлар Россияда шу йил бошидан янги муҳожирлик қонунининг кучга кириши ортидан кўпайди.
Камчаткадаги ФМС олдида ҳужжат учун навбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:53 0:00


Шу қонунга мувофиқ, Россияга визсиз кириши мумкин бўлган хорижликлар тўқсон кун муддат якунланганидан сўнг, ўзини Россияда бўлиш муддатини бир йилга узайтирмаса, мамлакатига қайтиб кетиши ва навбатдаги уч ой мобайнида Россияга қайтиб кириши мумкин бўлмайди.

- Шунинг учун ҳозир ҳамма ФМС идораларига ёпирилган. Чунки, рўйхатдан ўтмай ишлаб юрганларни депорт қилиб юборяпти. Депорт қилса кейин киритмайди. Шунинг учун ҳозир кўпчилик қонун асосида яшаб, ишлашни хоҳлаяпти, - дейди Москвада таксичилик қилиб ишлайдиган Азамат.

Россиянинг бошқа шаҳарларидаги ФМС идораларида ҳам шу аҳвол. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар Россия Федерал Миграция хизмати олдидаги навбатлар акс этган фото ва видео тасвирларга тўлиб тошган.

Ана шу суратларда Россиянинг Тюмен, Камчатка, Приморье ўлкаларидаги ФМС идоралари олдидаги манзарани кўриш мумкин.


Москвадаги муҳожирларга кўмак берувчи “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, кўпчилик муҳожирлар ФМС идоралари олдида ҳафталаб навбатда туриб ҳам яшаш ва ишлашга рухсат ололмаяпти.

- Москва бўйича патент ёки ишлашга руҳсатномани олиш шунчалик қийинлашиб кетдики, бу ҳеч бир ақлга сиғмайди. ФМСларни олдида ҳар куни юзлаб одам, эркак, аёл ёш болалари билан туришади. Бугун борсам шунақа кўп оламон, мен митинг бўляптими, деб ўйлабман. Бу ердаги ўзбек, тожик бу ёғига қонуний яшайлик деяпти, ФМС эса уларга мана бунақа муносабат қиляпти, - дейди Бахром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоллари, жумладан, Баҳром Ҳамроев ҳам Россияда яшаш ва ишлашга рухсат олиш билан боғлиқ бюрокартик тўсиқлар кучайиши нолегаллар сонининг яна ҳам кўпайишига олиб келиши мумкинлигини айтишади.

- Ҳозир кўпчилик ўзбек муҳожирлари рўйхатдан ўтиш, патент олиш қийинлигини кўриб, қўл силтаб кетиб қолишяпти. Улар патент олишмаса, нелегал ишлашдан бошқа чораси қолмайди. Ахир муҳожир рўйхатдан ўтиб ишласа давлатга пул тўлайди, солиқ тўлайдику. Россия Федерал миграция хизматидагилар шуни тушинишмаяпти. Уларга қанча нелегал кўп бўлса, шунча яхши, улар ўз чўнтакларини шунча қаппайтиришлари мумкин-да. Нелегал бўлмаса, қандай қилиб пул ишлашади булар, - дейди Ҳамроев.

Озодлик мухбири Россия Федерал миграция хизмати матбуот котиби Золина Кариноловага боғланиб, ФМС идоралари олдидаги навбатлар сабабини сўради.

- Биринчидан навбатлар кўпайганини тасдиқлай олмайман, бу ҳақда бизга шикоят тушгани йўқ. Навбатлар доим бўлган ва ҳаммаси қонун ва тартиб доирасида. Ҳар бир ФМС идорасида навбат талонларини бериш йўлга қўйилган. Ҳар бир одам шу талонларни олиб навбатга туради, навбати келиши билан керакли ҳужжатларни топширса бўлди. Ҳар бир муҳожирга ўз вақтида хизмат кўрсатиляпти, - деди Карнилова.

Россия Федерал миграция хизматига кўра, 2013 йилда Россияга 17,6 миллион хориж фуқароси кириб келган, улардан ярмидан кўпи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Айни пайтда, Россия ҳукумати 2014 йилда атиги 100 минг мигрантга ишга рухсатнома берилишини белгилаб берди.
XS
SM
MD
LG