Линклар

АҚШ президенти Барак Обама Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко билан унинг қасамёдга келтирилишидан уч кун олдин, яъни 4 июнь куни Варшавада учрашади. Бу ҳақда Оқ уй расмийлари 30 май куни маълум қилди.

АҚШ президенти Барак Обама 3-4 июнь кунлари Польша пойтахти Варшавага сафар қилади. Обама Варшавада Украинанинг янги сайланган, лекин расман вазифасига киришмаган президенти Петро Порошенко билан учрашади.

Америка президенти учун ҳали вазифасига расман киришмаган давлат раҳбари билан учрашиш ғайриодатий холдир. Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенконинг қасамёдга келтирилиш маросими эса 7 июнга белгиланган.

АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси муовини Бен Родесга кўра, Обама Порошенко билан учрашиб, укриан халқи билан бирга эканини намоён қилади.

Жаноб Родес, шунингдек, президент Обама, айрим қрим татар лидерлари ўз ватанига киритилмаётгани, уларнинг фундаментал ҳуқуқлари топталаётганидан қаттиқ ташвишда эканини билдирди.

Март ойида Қримнинг Россия ҳудудига қўшиб олиниши ортидан минглаб татарлар ярим орол ҳудудини тарк этиб, Украинанинг бошқа минтақаларига кўчиб ўтишган.

Қримда қолганлари жисмоний тазйиққа учраётгани холатларини БМТ ҳужжатлаштирган.

Обама Варшавада айрим қрим татар лидерлари, жумладан Қрим татарлари мажлиси собиқ раҳбари, Украина Олий Радаси депутати Мустафо Жамилев билан ҳам учрашади.

Қрим татарларининг фахрий етакчиси Мустафо Жамилев ўтган ой ярим оролдан Украинага ўтаётганида унга 2019 йил 19 апрелигача Қримга кириш тақиқлангани ҳақидаги ҳужжат кўрсатилганди.

Жамилев Россия аннексиясини тан олмаслиги, Қрим Украинанинг таркибий қисми эканини таъкидлаб келмоқда ва бунга қадар ҳам бир неча бор унинг Қримга киришига монелик қилинганди.

Польшанинг Лех Валенса номи билан аталувчи “Солидарность” мукофоти бу йил қрим татарларининг фахрий етакчиси Мустафо Жамилевга берилади. Польша президенти Бронислав Коморовский мукофотни Жамилевга 4 июнь куни топшириши кутилмоқда.

Варшавада АҚШ ва Польша президентлари Шарқий ва Марказий Европа мамлакатлари, жумладан, Болгария, Хорватия, Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Руминия ва Словакия етакчилари иштирокидаги давра йиғинига ҳам мезбонлик қилишади.

Оқ уй расмийлари, келаси ҳафтада Францияда Нормандияга қўшин ташланишининг 70 йиллиги хотира маросимида президент Обаманинг Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашиш режаси йўқлигини билдиришди.

Хотира маросимида иштирок этаётганлар орасида Франция ва АҚШ президентлари, Канада ва Британия Бош вазирлари, ҳамда Шаҳзода Чарлз ҳам бор.

АҚШ президенти Барак Обама 5 июнь куни Брюсселда Британия, Канада, Франция, Германия, Япония ва Италия раҳбарлари иштирокидаги Катта еттилик саммитида қатнашади.

Бу йиғин Катта саккизлик саммити сифатида Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳрида ўтказилиши керак эди.

Украинадаги бўхрон, жумладан, Россия Қримни аннексия қилгани ҳодисасидан сўнг йиғин Брюссселга кўчирилди.

Қрим аннексиясига жавоб тариқасида Обама ва бошқа ғарб етакчилари Россияни ушбу гуруҳдан чиқариш масаласини қўйишди.
XS
SM
MD
LG