Линклар

АҚШ қонундаги ўғри тўғрисидаги маълумот учун 1 миллион доллар мукофот ваъда қилди


Қамчи Кўлбаев юзасидан Интерпол сайтидаги маълумот.

Қамчи Кўлбаев юзасидан Интерпол сайтидаги маълумот.

АҚШ Давлат департаменти қирғизистонлик қонундаги ўғри Қамчи Кўлбаев жиноий гуруҳи юзасидан маълумот берган шахсларга 1 миллион доллар миқдорида мукофот берилишини эълон қилди. Давлат департаменти Кўлбаевнинг гуруҳи МДҲ жиноий гуруҳларини бирлаштирган “Биродарлик доираси” синдикатига аъзо эканини билдирган.

Қамчи Кўлбаев 2011 йилда Қирғизистон ҳукумати уюшган жиноий гуруҳларга қарши уруш очилганини эълон қилгач, мамлакатни тарк этган эди. Маълумотларга кўра, мазкур тадбир доирасида уюшган жиноиий гуруҳларнинг 300 га яқин аъзоси қўлга олинган.

2012 йилда Дубайдан Қирғизистонга ўз ихтиёри билан қайтиб келгач, Кўлбаев судланган эди. Унинг жазо муддати шу йилнинг 8 июнида якунланади.
АҚШ Давлат департаменти томонидан Қамчи Кўлбаев жиноий гуруҳига алоқадор бўлган маълумотларни берган шахсларга 1 миллион доллар мукофот ваъда қилиниши Қирғизистонда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига нисбатан ишончсизлик сифатида қабул қилинмоқда:

- Бу масала АҚШ томонидан кўтарилиши бизнинг вазирликка нисбатан ишончсизликни туғдирди ва турли танқидий фикрлар учун асос яратди. Аслида эса мазкур жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзоси бизнинг назоратимиз остида. Улар ноқонуний ҳаракатларни содир этиши биланоқ қўлга олинаяпти, жиноят иши очилиб, суд қилинаяпти. Қамчи Кўлбаев яқинда қамоқдан озод этилади. Шундан кейин ҳам унинг ҳар бир қадами бизнинг назоратимизда бўлади, -деди Қирғизистон ички ишлар вазирлиги расмийси Жўрабой Абдураимов.

АҚШнинг халқаро уюшган жиноятчиликка қарши курашиш дастури Қамчи Кўлбаевни Евросиё жиноят синдикати раҳбарларидан бири сифатида бир неча йил аввал қора рўйхатга киритган эди.

Хавфсизлик масалалари бўйича бишкеклик эксперт Талант Раззақовнипнг айтишича, Қамчи Кўлбаев шахсига АҚШнинг қизиқиши бежиз эмас:

-Менимча, АҚШ Қамчи Кўлбаев уюшган жиноий гуруҳи бўйича ўзини қизиқтирган бир қатор маълумотларга эга. Шунинг учун ҳам АҚШ томони Ички ишлар вазирлиги ва ҳукумат томонидан берилган расмий маълумотларга қониқиш ҳосил қилмай, бу гуруҳ ҳақида қўшимча маълумотлар изламоқда. Қамчи Кўлбаев ортида қандай сиёсий кучлар тургани тўғрисидаги маълумот жуда оз. Уни қўллаётган юқори лавозимли амалдорлар ва сиёсатчилар тўғрисидаги маълумот АҚШ учун жуда керак, -деди Талант Раззақов.

Қамчи Кўлбаевга 2008 йили Москвада “Япончик” тахаллуси билан машҳур б ўлган марҳум Вячеслав Иваньков раислик қилган йиғинда қонундаги ўғри сифатида тож кийидирилгани айтилади. 2011 йилда эса Қамчи Кўлбаев АҚШ томонидан дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига киритилган.

2012 йилда Қирғизистонда Қамчи Кўлбаев ҳукумат томонидан жорий этилган уюшган жиноий гуруҳларга қарши уруш доирасида судланган. Бироқ суд жараёнида гувоҳлар Қамчи Кўлбоевга нисбатан терговда берган кўрсатмаларидан бош тортишган. Бунинг ортидан унга нисбатан олти жиноят иши қисқартирилиб, Бишкек суди уни бир жиноят иши бўйича айбдор деб топган ва 2 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Кўлбаев жорий йилнинг 8 июлида жазо муддатини ўтаб, озодликка чиқарилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG