Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:30

Ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров озодликка чиқди


Абдурасул Худойназаров.
Абдурасул Худойназаров.
30 май куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг Тошкентдаги 64/18-сонли муассасасидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Тошкент вилоят бўлими фаоли, 58 ёшли Абдурасул Худойназаров муддатидан аввал озодликка чиқарилди.

Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг ўзи билан сўзлашган мобиль мухбирларимиз хабар қилди.

“Эзгулик” жамиятининг ўз фаоли озод қилиниши муносабати билан тарқатилган баёнотида Ўзбекистон Республикаси жиноят ижроия қонунчилигининг гуманизм тамойиллари қўлланилиб, муддатидан аввал озод қилинган Абдурасул Худойназаровнинг аҳволи қониқарли, руҳи тетик экани қайд этилади. Жамият ўз фаолининг оиласи бағрига қайтганидан мамнун.

“Эзгулик”ка кўра, ҳуқуқ фаоллари Абдурасул Худойназаровнинг озод қилиниши масаласида ҳукуматга доимий талабномалар билан чиқиб келишган, дипломатик корпус ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўзаро мулоқотларда шу масалани кўтаришган.

- Худойназаров қамоқда туберкулёз (сил) хасталиги билан оғриган. Шу боисдан Зарафшондан Тошкентга олиб келинганди. Ҳозирда унинг муддатидан аввал “шартли қамоқ” билан озодликка чиқарилганми ёки у жазонинг қолган қисмини ўташдан озод қилинганми - бу бизга маълум эмас, - деди “Эзгулик” жамиятининг Тошкент вилоят бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов.

Эслатиб ўтамиз, Абдурасул Худойназаров Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 227-моддасида (Ҳужжатларни сохталаштириш) кўзда тутилган айбловлар бўйича 2005 йилнинг 26 июнида ҳибсга олинган ва 2006 йилнинг 12 январь куни 9,6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Худойназаров Бекобод қамоқхонасидаги таҳқир ва қийноқлар туфайли 2008 йил сентябрида ўз жонига қасд қилишга урингани ва бахтли тасодиф туфайли ўлим чангалидан қутулиб қолгани маълум.
XS
SM
MD
LG