Линклар

logo-print

Беш йил толиблар асири бўлган америкалик аскар озод қилинди


Толибон ҳакарати 2009 йил 25 декабрда эълон қилган сержант Боу Бергдалнинг фотосурати.

Толибон ҳакарати 2009 йил 25 декабрда эълон қилган сержант Боу Бергдалнинг фотосурати.

АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистонда беш йил жанггарилар қўлида тутқунликда сақланган сержант Боу Бергдал АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасидаги беш нафар толибларнинг юқори лавозимли аъзоси Қатар ҳукумати қамоқхонасига ўтказилиши эвазига озод қилинганини билдирди. Обама Гуантанамо маҳбусларининг Қатарга ўтказилиши АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид эмаслигини маълум қилди.

АҚШ президенти маъмуриятининг юқори лавозимли расмийси афғонистонлик маҳбусларнинг Қатар қамоқхонасига ўтказилиши Қатар воситачилигида Афғонистон бўйича “кенгроқ ярашув жараёни”нинг бир қисми эканини маълум қилди.

Озодлик мухбирига кўра, 2013 йилда Толибон ҳаракати музокарачилари Қатардаги ўз идораси орқали афғонлараро тинчлик жараёнида маҳбуслар ҳам иштирок этишини таъминлаш мақсадида Гуантанамо қамоқхонасида сақланган юқори лавозимли толиблар вакиллари Қатар қамоқхонасига ўтказилиши эвазига АҚШ армияси сержанти Боу Бергдални озод қилиш таклифини илгари сурган.

Бироқ Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай эътироз билдиргани ортидан Қатардаги Толиблар ваколатхонаси ёпиб қўйилганидан кейин ўтган йил томонлар келишувга эриша олмаган.

Гуантанамодан Қатарга кўчирилган беш нафар маҳбуснинг тўрт нафари Толибон режимининг юқори лавозимли расмийси ва бири Ҳаққоний тармоғининг аъзоси бўлган.

Сержант Боу Бергдал озод қилингани муносабати билан шанба куни Вашингтонда сўзлаган АҚШ Президенти Барак Обама Гуантанамодаги беш маҳбус Қўшма Штатлар хавфсизлиги химояланиши кафолатлангани ортидан Қатарга кўчирилаётганини урғулади.

- Қўшма Штатлар Гуантанамо қамоқхонасида сақланган беш маҳбусни Қатарга топширмоқда. Қатар ҳукумати бизнинг миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш чоралари кўрилишига кафолат берди, - дея баён қилди Барак Обама.

Толибон ҳаракати эълон қилган баёнотда афғонистонлик беш маҳбус Қатар қамоқхонасига ўтказилиши ҳақидаги хабар Афғонистонда “катта қувонч” билан қарши олингани билдирилган.

Вашингтонда Оқ Уйнинг юқори лавозимли расмийси журналистларга афғонистонлик беш маҳбус “Қатар ҳукумати назоратида бўлишини, уларнинг ҳаракати ва фаолияти чекланган бўлиши”ни таъкидлади.

Қатар ҳибсхонасига ўтказилган тўрт маҳбус Толибон ҳаракатининг муҳим аъзолари бўлиб, улар толиблар режими ағдарилганидан сўнг 2001 йил охири ва 2002 йил бошида АҚШ қўшинлари томонидан қўлга олинган.

Толибон режимининг Ички ишлар вазири Хайрулла Хайрхва, Мудофаа вазири ўринбосари Муҳаммад Фазл, толибларнинг Балх вилояти ҳокими Мулла Нурулло Нур, шунингдек, Толибон ҳаракати асосчиларидан бири, Толибон режимининг разведка хизмати бошлиғи ўринбосари Абдул Ҳақ Восиқ Қатардаги ҳибсхонада сақланади.

Қатар ихтиёрига топширилган бешинчи маҳбус Толибон ҳаракатида юқори лавозимни эгалламаган, аммо Ҳаққоний тармоғига алоқаси бўлгани тахмин қилинган Муҳаммад Набидир.

АҚШ армияси сержанти Боу Бергдал 2009 йил 30 июнь куни Афғонистоннинг Пактика вилоятида Ҳаққоний тармоғига алоқадор экани тахмин қилинган жанггарилар томонидан асир олинганидан бери тутқунликда сақланган.

31 май куни пойтахт Кобулдан шимол томонда жойлашган Бағром ҳаво базасида дастлабки тиббий кўрикдан ўтган Боу Бергдал 1 июнь куни эрталаб тиббий муолажадан ўтиш учун АҚШнинг Германиядаги ҳарбий базасига учиб кетган.
XS
SM
MD
LG