Линклар

Бокс: Баҳодир Мамажонов Дон Кинг билан шартномани тўхтатди


Донгдор бокс промоутери Дон Кинг ва Баҳодир Мамажонов, Лас Вегас ш., 2013 йилнинг 12 апрели.

Донгдор бокс промоутери Дон Кинг ва Баҳодир Мамажонов, Лас Вегас ш., 2013 йилнинг 12 апрели.

Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) йўналиши бўйича 2013 йилда жаҳон чемпиони бўлган Баҳодир Мамажонов дунёга машҳур промоутер Дон Кинг билан ҳамкорлик ҳақида имзолаган уч йиллик шартномани тўхтатди. Мамажонов буни Дон Кинг келишувда кўрсатилган жангларни уюштириб бера олмагани билан изоҳлади.

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Мамажонов Озодлик билан суҳбатда донгдор промоутер Дон Кинг билан имзоланган шартномани тўхтатишдан мақсад бошқа йўналишдаги камар учун жангларни тезроқ уюштиришдан иборат эканини айтди.

- Бир йил кутдик. Дон Кинг мен хоҳлаган жангларни уюштириб беролмади. Шартномада бир йил ичида иккита жанг бўлиши кераклиги кўрсатилган эди. "Биттаси Америкада, биттаси Ўзбекистонда бўлиши керак", деб шарт қўйган эдик. У рози бўлганди. Ҳаракат қилмади эмас, ҳаракат қилди. Лекин эплай олмади, - деди Баҳодир Мамажонов.

Дон Кинг Баҳодир Мамажоновга яна бир оз кутишни таклиф қилган. Аммо ўзбекистонлик чемпион кўнмагани сабабли шартномани тўхтатишга рози бўлган.

Муҳаммад Али, Майк Тайсон каби афсонавий боксчиларга промоутер бўлган Дон Кинг Баҳодир Мамажоновга, агар келгусида бирор ёрдам керак бўлса, ҳеч иккиланмай, мурожаат қила олиши мумкинлигини урғулаган.

26 ёшли профессионал боксчи Баҳодир Мамажонов Озодлик билан суҳбатда айни дамда ўз мураббийси ва менежери Кен Ричардсон билан машғулотларни давом эттираётгани ва янги рақибларни ўзлари топишга ҳаракат қилаётганларини айтди.

- Худо хоҳласа, 27 июнда Хьюстонда ўзимиз жанг ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Унда Аҳрор Муралимов (15-0-0, 12 KO) UBF International камари учун урушади. Кейин мен урушаман. Аҳрор кечанинг асосий жангида урушади. Меники битта олдин, иккинчи асосий жанг бўлади, - дейди ўзбекистонлик жаҳон чемпиони.

2013 йил 12 апрел куни АҚШнинг Невада Штатида уюштирилган профессионал бокс кечасида Баҳодир Мамажонов (14-1-0, 10 KO) 61 килограммгача бўлган вазнда 24 ёшли кубалик Анжело Сантанани (14-1-0, 11 KO) техник нокаут билан мағлубиятга учратиб, Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони камарига сазовор бўлган.

Баҳодир Мамажонов ғолиб, деб эълон қилинган заҳоти Сантананинг промоутери бўлган Дон Кинг ўзбекистонлик боксчига промоутерлик ҳақида шартнома имзолашни таклиф қилган ва май ойида уч йиллик шартнома имзоланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG