Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:37

"Спорт" канали футбол бўйича ЖЧ-2014 трансляцияси нархини туширишга уринмоқда


Жаҳон Чемпионатига чиқа олмаган миллий футбол жамоаси.
Жаҳон Чемпионатига чиқа олмаган миллий футбол жамоаси.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси қошидаги "Спорт" телеканали Бразилияда 12 июнь куни бошланадиган футбол бўйича 2014 йилги Жаҳон Чемпионатини трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олишга уринмоқда. Норасмий манбага кўра, 12 июндан 13 июлгача бўладиган футбол ўйинларини жонли тарзда эфирга узатиш ҳуқуқи учун 1 миллион АҚШ доллари атрофида сўралган ва "Спорт" канали маъмурияти бу нархни туширишга уринмоқда.


"Спорт" телеканалининг Халқаро ўйинлар ва тадбирлар трансляцияси учун масъул бўлимидан олинган маълумотга кўра, Бразилияда бўладиган ЖЧ-2014 футбол ўйинлари трансляциясини харид қилиш бўйича "музокаралар ҳалиям давом этмоқда ва 2-3 кун ичида натижаси расман эълон қилинади".

Бразилияда чемпионат бошланишига 10 кун қолди ҳамки, Ўзбекистондаги миллионлаб футбол мухлислари ўйинни жонли томоша қилиш имкони бўладими ёки йўқми, деган савол жавобини ололмай хуноб бўлаётган эди.

Зеро, 2014-йилги Жаҳон Чемпионатини тўғридан-тўғри эфирга узатиш ҳуқуқини сотиб олган дунё ОАВ ва трансляторлари рўйхатига ҳозирча Ўзбекистон киритилгани йўқ.

"Спорт" телеканали таҳририяти музокараларга оид тафсилотларни ҳозирча очиқламади. Аммо, Ўзбекистон Футбол федерацияси ходимларидан бирининг Озодликка шахси сир қолиши шарти билан айтишича, ҳозир трансляция ҳуқуқи учун сўралган нархни тушириш устида сўзлашувлар бормоқда.

"1 миллион АҚШ доллари, дейишган. Ҳозир шу нархни туширишга уринишаяпти. Натижа маълуммас ҳали. Аслида ФИФА томонидан бу ҳуқуқлар ҳар хил нархда сотилади. Баъзи минтақаларда расмий трансляторлар бор. Уларга қиммат нархда сотилади. Ўзбекистонда эса бу ҳуқуқни Миллий телерадиокомпания сотиб олади. Муҳими, чемпионатга яқин қолганда трансляция нархи ҳам арзонлайди", деди Ўзбекистон ФФнинг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Халқаро Футбол федерацияси матбуот хизмати эса "трансляция учун нарх специфик масала экани ва бу нарх томонлар ўртасидаги музокаралар асосида шаклланиши"ни маълум қилди.

Аммо, шу йилнинг 30 апрелида аввалдан ваъда қилинган ва теледастурларга киритилган Европа Чемпионлар лигаси ярим финали доирасидаги “Челси” ва “Атлетико” футбол жамоалари ўртасидаги ўйин эфирга узатилмай қолди.

Stadion.uz сайтининг ёзишича, энг сўнгги дақиқларда “Спорт” телеканалининг бу ўйинни жонли эфирга узатиш қароридан қайтишига трансляция ҳуқуқига эгалик қилувчи компания даъвоси сабаб бўлган.

"30 апрель куни ЎзМТРКга ушбу компаниядан учрашувни трансляция қилмаслик ҳақида огоҳлантириш хати келган. Шуни эътиборга олиб, ЎзМТРК раҳбарияти учрашувни эфирга узатмасликка қарор қилган", деб ёзди ушбу сайт.

Айни пайтда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси 2010 йилда Жанубий Африкада бўлган чемпионатни тўғридан-тўғри намойиш қилиш ҳуқуқини сотиб олган ва ўйинлар "Спорт" ҳамда "Ёшлар" телеканаллари орқали жонли узатилган эди.

Қуйида ўтган йилги ўйинларни томоша қилган ва бу йил ҳам шундай имкон берилишига умид қилаётган тошкентлик футбол ишқибози Камолиддин билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00
Бевосита линк


Бундан ташқари, Ўзбекистон МТРК расмийлари бу каналлардан берилаётган ўйинни катта экранда намойиш қиладиган клублар, кафе ва бошқа жамоат муассасалари ҳам ҳақ тўлаши кераклигини иддао қилганди.

"Ўзбекистонда кафелар 1 минг АҚШ долларидан ЎзМТРКга пул тўлайди. Компания трансляция ҳуқуқини сотиб олаётганда бунинг учун ҳам ҳақ тўлайди", деди Озодликнинг ЎзМТРКдаги манбаси 2014-йилги ЖЧ арафасида ҳам.

Аммо, ФИФА маъмурияти жамоат муассасаларига нисбатан трансляция ҳаққи сотилишига оид даъволарни инкор қилган. Жумладан, 2012 йилги Европа чемпионати пайтида Ўзбекистон телевидениеси вакилларининг айни тажрибаси ФИФА талабларидан келиб чиққани ҳақидаги иддаолар инкор қилган эди.

ФИФА талабларига биноан "агар кафе, бар ëки жамоат жойларида футбол ўйинлари кўрсатилса, экрани 6 квадрат метрдан катта бўлмаслиги, 150 кишидан ортиқ томошабин йиғилмаслиги ва томошабинлардан футбол ўйинини томоша қилиш учун ҳақ ундирилмаслиги лозим". Бундан ташқари, текин томоша вақтида ҳам "реклама эълонлари берилмаслиги лозим".

Шу талаблар доирасидан чиқиб кетилган тақдирда намойиш учун келишув имзоланади ва бундай келишув фақат ФИФА вакиллари билан имзоланади ҳамда ҳақ ФИФАга тўланади.

Яъни, Ўзбекистонда бўлгани каби ЖЧ ўйинларини бераётган телеканаллар эфирини кафе, ресторан ёки бошқа жамоат жойларида текинга намойиш қилган юридик ёки жисмоний шахслардан намойиш учун ҳақ ундириш ноқонунийдир.

12 июнь куни Бразилияда бошланадиган чемпионатни ёритиш учун ҳозирча Ўзбекистонда ягона электрон ахборот воситасиси - uff.uz сайти журналистларига аккредитация берилгани хабар қилинган.

“ФИФА ташкилоти Бразилияда футбол мусобақаларини ёритиш учун бутун Ўзбекистон матбуоти бўйича фақатгина Uff.uz сайтига расмий аккредитацияни берди. Тез кунларда мазкур сайт журналистлари - Азизхон Акбаров ҳамда Санъат Шарипов Бразилияга хизмат сафарига учиб кетишади" деб ёзди, жумладан uff.uz сайти.

2 июнь куни олинган маълумотга кўра, Осиёнинг энг сара ҳаками, деб тўрт бора тан олинган Равшан Эрматов ва унинг бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари бўлиб ўтадиган Бразилияга етиб борган.

Равшан Эрматовга ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровлар ёрдамчилик қилади. Равшан Эрматов МДҲ ва Болтиқбўйича мамлакатлари ҳакамлари орасида мазкур чемпионатда қатнашаётган ягона бош ҳакамдир.

Эслатамиз, ўзбекистонлик Равшан Эрматов 2010 йилда Жанубий Африкада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам ҳакамлик қилган.
XS
SM
MD
LG