Линклар

Ўзбек газини Хитойга етказувчи яна бир қувур очилди


“Марказий Осиё - Хитой” газ қувуридан ўтадиган газ ҳажми 2015 йилнинг охирига бориб йилига 55 млрд. куб метрга етади.

“Марказий Осиё - Хитой” газ қувуридан ўтадиган газ ҳажми 2015 йилнинг охирига бориб йилига 55 млрд. куб метрга етади.

31 май куни фойдаланишга топширилган қувур “Марказий Осиё - Хитой” газ қувурининг учинчи тармоғидир. Газопроводнинг “С” тармоғидан, Хитой миллий нефть ва газ корпорацияси (CNPC) хабарича, Туркманистондан Ўзбекистон ҳудудига 31 май куни дастлабки газ ҳайдалган.

Газ ташиш иншоотининг “С” қувури мавжуд “A”ва “B” қувурлари билан битта йўналишда ётқизилган бўлиб, иншоотнинг умумий узунлиги 1830 километрдир. Иншоот лойиҳасига кўра, ундан йилига 25 миллиард куб метр газ ташилади. Бу кўрсаткичнинг 40 фоизи Ўзбекистонга, 40 фоизи Туркманистонга ва қолгани Қозоғистонга тўғри келади
.

Яъни Ўзбекистон Хитойга бир йилда 10 миллиард куб метр газ сотади.

Синьхуа агентлигига кўра, “С” қувури Туркманистон билан Ўзбекистон чегараси яқинидаги ҳудуддан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистондан ўтади ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор районидаги Хоргос чегара назорат-ўтказиш масканида тўхтайди. Ундан нарига эса, Хитойнинг “Ғарб-Шарқ” газ қувурининг учинчи тармоғига уланади.

“С” қувурини ётқизиш ишлари 2012 йил сентябрида бошланган ва 2013 йилнинг охирида якунига етган эди.

Хабарларга қараганда, шу кунда “С” қувуридан ўтаётган табиий газ ҳажми 7 миллиард куб метрга етмоқда. Ҳисоб-китобларга қараганда, 2015 йилнинг охирига бориб мазкур қувурдан ўтадиган газнинг йиллик ҳажми 25 млрд. куб метрни ташкил қилади.

“Марказий Осиё - Хитой” газ қувурининг уччала тармоғидан ўтадиган газ ҳажми эса, 2015 йилнинг охирига бориб йилига 55 млрд. куб метрга етади.

“Марказий Осиё - Хитой” газ қувурининг “А” тармоғи 2009 йил охирида, “В” тармоғи эса, 2010 йил октябрида фойдаланишга топширилган. Хитойнинг “Ғарб-Шарқ” газ қувурининг иккинчи тармоғига уланган бу икки тармоқдан йилига 30 млрд. куб метр туркман гази Хитойга ташилмоқда.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкати Хитойга етказиб берилаётган табиий газ ҳажмини 2015 йилда 1,66 марта кўпайтириб, йилига 10 миллиард куб метрга етказишни режалаштираётганини ўтган ойда маълум қилган эди.

“Ўзтрансгаз” маълумотига кўра, ҳозир Ўзбекистондан Хитойга йилига 6 миллиард куб метр газ экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистон 2012 йил август ойидан бери Хитойга газ экспорт қилиб келмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида аҳоли йиллар давомида газ тақчиллигидан шикоят қилиб келади.

Бас, шундай экан, яъни ички бозорда табиий газ тақчил экан, ҳукумат нега уни четга сотади?

Озодлик радиосининг OzodNazar эшиттириши бу саволни тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиевга берган эди:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG