Линклар

Сўнгги 12 йил давомида Афғонистонга ҳарбийлар ва ҳарбий техника етказиб берган АҚШнинг Бишкекдаги ҳарбий транзит маркази 3 июнь куни расман ёпилди. АҚШ томони Қирғизистонга ҳарбий базадаги 30 миллион долларлик мол-мулк ва техник воситаларни тортиқ қилди.

АҚШ ҳарбий базаси Бишкекда 2001 йилнинг декабрида ташкил этилган эди. 2009 йилда мазкур база номи АҚШ транзит маркази деб ўзгартирилган. Транзи марказ қўмондони Жон Милларднинг айтишича, Афғонистонга жўнатилган ҳарбийларнинг 98 фоизи мазкур база орқали олиб ўтилган.

- Бизнинг Транзит марказимиз Афғонистон учун ҳаво дарвозаси бўлиб хизмат қилди. Сўнгги 12 йил ичида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширдик. Бу давр мобайнида Афғонистон ҳаво ҳудудида 33 минг марта ҳарбий учоқларга ёнилғи қуйдик, Афғонистонга Қирғизистон орқали 5 миллион 300 минг ҳарбийни олиб ўтдик. Яъни Афғонистонда хизмат қилган ҳарбийларнинг 98 фоизи мазкур марказ орқали олиб ўтилганидан фахрлансак бўлади, -деб билдирди Жон Миллард хайрлашув маросимида.

Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит марказида НАТОга аъзо 26 давлат ҳарбийлари хизмат ўтади. Марказ йилига Қирғизистон ҳукуматига ижара ҳақи сифатида 60 миллион доллардан ҳақ тўлаб турган.

-Марказда 200 дан ортиқ бинолар бор. Уларнинг умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил қилади. Бу иморталар билан биргаликда 65 ҳарбий автотранспорт ҳам Қирғизистонга қолдирилмоқда, -деди Транзит маркази расмийси подполковник Роберт Гробер.

Ҳозирги кунда Транзит марказида АҚШнинг 400 ҳарбийси қолган. Улар ҳам 10 июлгача мамлакатни тарк этиши айтилмоқда. Бу ерда маҳаллий аҳоли вакилларидан 700 киши ҳам меҳнат қилган. Улардан бири Валентина Турабекова гапиради:

-Мен бу ерда жуда яхши ишладим, шунга яраша ойлигим ҳам жуда яхши эди. Бу ерда ишлаган қирғизистонликларнинг барчаси яхши ойлик туфайли турмуш фаровонлигига эришди. Транзит маркази ёпилгач бу ерда ишлаган 700 қирғизистонлик ва уларнинг оила аъзоларига анча қийин бўлиб қолади, - деди Валентина Турабекова.

АҚШ транзит маркази ёпилаётган бир пайтда Бишкек шаҳар Свердловск туман судида АҚШ транзит маркази менеджери Мекрей Брендон Корнелиусни 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм ўқилди. 29 ёшли Мекрей Брендон Корнелиус шу йилнинг 9 мартида Бишкекда 22 ёшли қизни зўрлашга ҳаракат қилганликда айбланиб қамоққа олинган эди.

Бишкекдаги “Манас” аэропорти ҳудудида 2001 йилнинг декабрида ташкил этилган АҚШ ҳарбий базасининг Қирғизистондаги ҳозирлик муддати 2014 йилнинг 10 июлида якунланади. Қирғизистон парламенти ва ҳукумати 2013 йилда АҚШ ҳарбий базасининг Бишкекдаги ҳозирлик муддатини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Айни пайтда Бишкекдан 20 километр олисликдаги Қант шаҳрида 2009 йилдан бери Россия ҳарбий ҳаво базаси фаолият кўрсатмоқда. Икки ой олдин Бишкекдан АҚШ ҳарбийлари кўчирила бошлагач, Қантдаги Россия ҳарбий ҳаво базаси таркиби янги ҳарбийлар ва ҳарбий учоқлар билан мустаҳкамлангани хабар қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG