Линклар

logo-print
Худо кўрсатмасин, бетоб бўлиб қолсангиз, кўзингизга дунё тангу тор кўриниб касалхонага чопасиз. Шундай маҳалда нажот истаб борган шифокорингиз ўзи ёрдамга муҳтож бўлса-чи?! Cиз йиғлаб борсангиз, у ҳўнграб чиқса-чи?!

Шу кунларда Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш муассасаларида кадрларни ёшартириш кампанияси давом этяпти. “Даври ўтган” кекса мутахассислар кузатилиб, улар ўрнини янги авлод эгаллаяпти.

Майли-да, тегирмон навбати билан. Кексалар нафақага чиқиб, ўз ўрнини ёшларга бўшатиб бергани нур устига нур. Лекин эски авлод ўрнига келаётган янги авлод орасида малакасиз, ҳатто соҳага тасодифан кириб қолган йигит-қизлар анчагина экани хавотир уйғотмай қўймайди.

Оилавий поликлиникаларда ҳам навқирону навжувон мутахассислар хийла кўпайиб қолди. “Ақл ёшда эмас, бошда” деган кўҳна гап бор. Ҳакими ҳозиқ Ибн Сино 11 ёшида Бухоро тождори Нуҳни даволагани маълум ва машҳур. Лекин замон ўзгариб, “Ақл бошда эмас, ёшда” қоидаси устун келаётгандек.

Поликлиникалардаги она сути оғзидан кетмаган тажрибасиз шифокорларни кўриб, очиғи, раҳмингиз келади. Ҳатто фонендоскопни амал-тақал ишлатади, ташхис қўйишга келганда музтар ер чизиб туради. “Аввал шифокорга учраганмисиз? Нима деганди?” кўзлари жавдираб касалингизни ўзингиздан сўрайди (Бу манзарага Сиз ҳам дуч келган чиқарсиз).

Ҳойнаҳой, тиббиёт академиясини ҳотамтой отасининг даврида битириб олган. Мударриснинг гаврони ҳам кор қилмаганини қаранг! Жиллақурса, “Доктор Ҳаус” сериалини тўлиқ кўриб чиққанида ҳам бинойидек шифокор бўп қоларди-я!

Бемор зоти ваҳимачи, бадгумон бўлади, шундай эмасми? (Эсингизда бўлса, ёзувчи Дино Буцатти “Етти қават” ҳикоясида касал одам психологиясини кифтини келтириб тасвирлаган) Сониялар ичида не хаёлларга борасиз. Боз устига, нўноқ шифокорни кўриб, жисми жонингиз оғриб тургани ҳам зумда эсдан чиқади. Жон ширин-да!

Бошқа соҳаларни билмадим-у, лекин тиббиётда ёш омили ҳам муҳим. Йиллар ўтгани сари шифокорнинг кўзи пишади, тажрибаси ошади. Билим ва тажрибани беармон ғамлаган ҳакимларни кўчага чиқариб қўйишдан эса, биринчи навбатда, беморлар жабр кўради.

От ўрнини той босгани дуруст. Лекин тойчоқлар бебош ва ётағон чиқаверса, ёши ўтинқираган бўлса-да, отлар хизматидан фойдаланиб туриш керак.

Синчков бемор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG