Линклар

Украина шарқида ҳукумат кучлари билан айирмачилар ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда


Россияпараст айирмачи чегара штабини нишонга олмоқда. Луганск шаҳри. 2014 йил, 2 июнь.

Россияпараст айирмачи чегара штабини нишонга олмоқда. Луганск шаҳри. 2014 йил, 2 июнь.

Украина шарқидаги Славянск ва Краматорск шаҳарларида ҳукумат кучлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида қуролли тўқнашувлар сешанба куни ҳам давом этмоқда. Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков 3 июнь куни ўзининг Facebook саҳифасида Славянскда тиғиз жанглар бўлмоқда, дея маълум қилди.

Россияпараст айирмачилар ракеталардан Украина ҳукумати кучларига қарашли зирҳли машиналарни ўққа тутди. Талафотларга доир хабарлар олингани йўқ.

2 июнь куни Луганск шаҳрида исёнчилар қўлида бўлган ҳукумат биносида рўй берган портлаш оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди. Интерфакс агентлиги маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийларига таяниб, ҳодисада етти киши ҳалок бўлганини хабар қилмоқда. Исёнчилар ҳужумни ҳукумат кучлари амалга оширганини иддао қилмоқда.

Киев ҳукумати бу иддаоларни рад этиб, ракетани исёнчилар ер-ҳаво мосламасидан отгани ва нишон ҳато олингани натижасида бинога бориб урилганини айтмоқда.

Душанба куни Луганск шаҳрида исёнчилар чегара хизмати штабига ҳужум қилди ва кун давомидаги жангларда камида беш нафар айирмачи ҳалок бўлгани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG