Линклар

"Ўзбекистонда амнистия қилинганлар орасида фирибгар ва савдогар аёллар кўп"


Амнистия қилинган маҳбуснинг яқинлари билан учрашуви. (ЎзТВ 2012 йилда намойиш қилган "Панжара орти ëхуд Озодлик неъмати" ҳужжатли филмидан олинган сурат.)

Амнистия қилинган маҳбуснинг яқинлари билан учрашуви. (ЎзТВ 2012 йилда намойиш қилган "Панжара орти ëхуд Озодлик неъмати" ҳужжатли филмидан олинган сурат.)

Ўзбекистон Бош прокуратураси Конституциянинг 21 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга илинган 69 ярим минг маҳбусдан 43 минги жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилинганини маълум қилди. Ҳуқуқшунослар кузатувича, амнистия қилинаётган маҳбус аёллар орасида одам савдоси, фирибгарлик ва безориликда айбланган аёллар сони ортиб бормоқда.


Амнистия ижросида камчилик борлиги эътироф этилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўтган йили декабрда эълон қилинган амнистия акти 69 минг 497 кишига нисбатан қўллангани ва булардан 43 минг 82 нафари жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилинганини маълум қилди.

Прокуратурада 30 май куни бўлиб ўтган мажлис ҳақида матбуот хизмати берган расмий хабарда айтилишича, озод қилинганлардан 3 минг 237 нафари иши судга ошмай туриб ёки суд залидан озод қилинган шахслардир.

Ўтган йили 12 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати ялпи масжлисида Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинган эди. Амнистияга оид Сенат қарори ижроси учун эса 3 ой муддат белгиланган.

Матбот хизмати хабарида айтилишича, Бош прокуратура йиғилишида маҳбусларга нисбатан амнистия актини қўллаш жараёнида камчиликларга йўл қўйилаётгани эътироф этилган ва Жазони ижро этиш муассасаларининг бу ишга масъул бўлимлари танқид қилинган. Натижада, айрим вилоят прокурорлари ва уларнинг мақомига тенглаштирилган прокурорлар камчиликлар учун изоҳ берган.

Шунингдек, бу расмий хабарда Қорақалпоғистон республикаси прокуратураси қатор жиддий камчиликлар йўл қўйгани ҳам таъкидланган ва алоҳида огоҳлантириш берилган.

Бош прокуратуранинг қисқагина хабарида йўл қўйилган камчиликлар айнан қандай камчиликлар экани ва бу камчиликлар қайси вилоятларда содир этилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.


Амнистия қилинган шахслар яна жиноят содир этмоқда

Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан амнистия акти қўлланиши жараёнини йиллар давомида кузатиб келадиган ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг айтишича, амнистия қилинган маҳбусларнинг асосий қисмини Ўзбекистон ЖКнинг 168-, 167-, 109-, 135-моддалари асосида айбланиб, қамалган ёки ҳибсга олинган шахслар ташкил қилмоқда.

- 168-модда - фирибгарлик, 167-модда - ўзганинг мулкини ўзлаштириш, 277-модда - безорилик, 109-модда - тан жароҳати етказиш, қизиғи яна 135-модда - одам савдоси каби жиноятлар кўп содир этилмоқда ва шу жиноятларни содир этганлар амнистия қилинмоқда, - дейди ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.


Ўзбекистонда 498 мингга яқин маҳбус бор

2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси Бўритош Мустафоев мамлакатдаги маҳбуслар умумий сони ҳақида тасаввур бериши мумкин бўлган баёнотни эълон қилган эди.

«Народное слово» газетаси Олий Суд раисидан Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 166 нафар махбус тўғри келиши ҳақидаги иқтибосни чоп этган эди. Демак, бу расмий баёнот асосида 30 миллион аҳоли сонига қиёсланса, мамлакатдаги жами маҳбуслар сони 498 минг экани маълум бўлади.


Одам савдоси, фирибгарликда айбланган аёллар кўпаймоқда

Адвокат Руҳиддин Комилов 43 минг маҳбуснинг озод қилингани аслида мамлакатда криминаллашув кучаяётганидан даракдир, деб ҳисоблайди.

- Ўзбекистонда жамиятнинг криминаллашуви кучаймоқда. Кейинги йилларда жиноятчи аёллар сони кўпаяётганини кузатаяпман. Одам савдоси, фирибгарлик ва безориликда айбланган аёллар амнистия асосида озод қилинаяпти ва жиноятни келган жойидан яна давом эттираяпти. Юзингизда очиқ таҳдид қилишади:"Амнистия билан чиқиб келаман, кейин кўрасан мендан!" деб. Амнистия тарбиявий аҳамиятга эга бўлиши керак аслида. Бизнинг шароитда эса бунинг акси бўлмоқда, - дейди ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Қуйида ҳуқуқ фаоли Руҳиддин Комилов билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.


Сиёсийлар ҳам авф қилинади, "лекин улар жуда камчилик"

2012 йилда Ўзбекистонда эълон қилинган амнистия акти ижроси ҳақида "Ўзбекистон" телевидениеси берган “Панжара орти ёҳуд озодлик неъмати” номли ҳужжатли филмда йиллар давомида озод этилмай келган "Ҳизбут Таҳрир", "Нурчилар", "Жиҳодчилар" диний оқимларида айланиб, қамалган маҳбуслар намойиш қилинган эди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ва муҳолифат фаоли, Ўзбекистон расмий телевидениесидаги кўрсатувни томоша қилган Дилором Исоқова озод этилган сиёсий маҳбуслар ва эътиқод тутқунлари сони жуда оз бўлишини айтади.

- Бу у қадар тўғри эмас. 244,159, 242 билан судланган ва маҳкум қилинганлар ҳам амнистияга илинган. Лекин улар жуда камчиликни ташкил этади. "Ҳизбут Таҳрир" партиясига аъзоликда айбланиб, янглишмасам 10 йилга маҳкум қилинган ва кейин амнистия қилинган маҳкум қўшним бор. 7 йил деганда чиққан. Худди шунинг билан баробар 10 йилга қамалган ва муддати устига 3 йил, 5 йил, яна 10 йил қўшиб берилганлар ҳам бор, - дейди Дилором Исоқова.

Қуйида диний мотивларда айбланиб қамалган ва амнистия акти асосида озод қилинаётган маҳбуслар ҳақидаги “Панжара орти ёҳуд озодлик неъмати” номли ҳужжатли филмни томоша қилишингиз мумкин.


Амнистия қўлланиши мумкин бўлган маҳкумлар тоифаси

Олий Мажлис Сенат томонидан қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қарорда айтилишича:

- биринчи марта жиноят содир этган аёллар,
- жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар,
- амнистия кучга киргунга қадар 60 ёшга тўлган эркаклар,
- жиноят содир қилгунига қадар доимий яшаш жойи Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган, озод этилганидан кейин мамлакатда бўлиш учун қонуний асослар бўлмаган чет эл фуқароларига нисбатан амнистия акти қўлланилади.

Шунингдек:

-эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этганлар,
- биринчи марта ҳукм қилинган шахслар ҳам (ижтимоий хавфи катта бўлган ёки ўта оғир жиноят содир этмаган бўлса) жазони ўташдан озод этилиши мумкин.

Амнистия акти:

- қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касаликка чалинган,
- ёки биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилган маҳкумларга ҳам тегишлидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG