Линклар

Обама Шарқий Европада АҚШ ҳарбий ҳозирлигини ошириш ташаббусини эълон қилди


АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ Президенти Барак Обама Шарқий Европада Америка ҳарбий ҳозирлигини ошириш мақсадида қўшимча 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш таклифи билан АҚШ Конгрессига мурожаат қилди. Обаманинг бу ташаббуси Украина бўҳрони давом этаётган ва Россия Қримни тортиб олган пайтга тўғри келмоқда.


Европага тўрт кунлик сафар билан келган президент Обама сешанба куни Варшавада қилган чиқишида, Европадаги иттифоқчиларнинг хавфсизлигини кучайтириш мақсадида илгари сурган ташаббуси ҳақида эълон қилди.

- Марказий ва Шарқий Европадаги иттифоқчи мамлакатларда доимий равишда хизмат ўтаётган Америка қўшинлари, армия ва ҳаво кучлари сонини оширамиз. Шунингдек, Украина, Молдова ва Грузия каби дўстларимиз ўз мудофаа салоҳиятларини таъминлашларида улар билан ҳамкорликни ошириш ниятидамиз,- деди Обама.

Обама ўз ичиқшида АҚШ Конгрессига мурожаат қилиб, Европадаги “янги иттифоқчи” мамлакатларда АҚШнинг пиёда, ҳаво ва денгиз қўшинлари ҳозирлигини оширишни молиялаш учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш қарорини маъқуллашга чақирди.

- Мен конгрессни мазкур ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард доллар ажратишни маъқуллашга чақираман. Бу Амекрика НАТО бўйича иттифоқичиларимиз олдидаги мажбуриятларидан оғишмаслигининг кучли намойиши бўлади,- деди Обама.

Обама душанба куни Европа бўйлаб тўрт кунлик сафари доирасида Польшага келди. Варшавада қилган чиқишида у, Вашингтоннинг Польша ҳамда Марказий ва Шарқий Европадаги бошқа иттифоқчилари хавфсизлиги бўйича олган мажбуриятлари Америка хавфсизлигининг “пойдеворидир”, дея баён қилди.

Бу мажбурият “муқаддасдир”, деган Обама, Украина бўҳрони Польшадаги АҚШ ҳарбий ҳозирлигини ошириш эҳтиёжини пайдо қилганини қайд этди.


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен сешанба куни Брюсселда Шимолий Альянс давлатлари мудофаа вазирлари йиғинидан олдин қилган чиқишида Обаманинг ташаббусини олқишлаб, Қўшма Штатлар “Россиянинг Украинадаги ноқонуний ҳарбий ҳаракатларига тезкор жавоб қайтарди”, дея баён қилди.

Оқ уй баёнотида яна айтилишича, мазкур ташаббус Украина, Грузия ва Молдова каби НАТОга аъзо бўлмаган мамлакатларнинг ўз мудофаа салоҳиятини оширишларида Вашингтон ва НАТО билан ҳамкорлик қилиш имкониятини оширади.

Сешанба куни Брюсселда бошланадиган йиғинда НАТОга кирувчи 28 давлат мудофаа вазирлари Россиянинг Украинадаги ҳатти-ҳаракатларига жавобан иттифоқнинг шарқий сарҳадларига қўшин ташлаш масаласини кўриб чиқади.

Бу ҳақда маълум қилган НАТОнинг юқори лавозимли расмийсига кўра, 3-4 июнь кунлари бўлиб ўтадиган йиғинда НАТО билан Россия ўртасида 1997 йилда тузилган келишув шартлари қайта кўриб чиқилади. Бундан 17 йил аввал тузилган битимга кўра, НАТО шарқий сарҳадларга “қўшимча жанговар кучларни доимий тарзда дислокация қилишдан” тийилиши кўзда тутилган.

Собиқ Совет Иттифоқи ва Варшава битимига аъзо бўлган ҳозирда эас НАТОга кирувчи давлатларнинг баъзилари Россиянинг Қримни аннексия қилганидан хавотир билдирмоқда.

Шимолий Альянс қўшинларининг Шарқий Европада жойлаштирилишига оид якуний қарор шу йил сентябрь ойида Уэльсда ўтказилажак НАТО саммитида қабул қилинади.

Обаманинг ташаббуси ва НАТОнинг Брюсселдаги йиғини Россия Қримни аннексия қилиб, Украина шарқида ҳукумат кучлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида қуролли можаро давом этаётган пайтга тўғри келмоқда.

Обама яна бир бор АҚШнинг Украинада тинчлик ва бақрорлик ўрнатишда Киев ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ҳаракатлари давом этишини таъкидлади.

- 25 май куни сайлов ўтказилгани ва эндиликда янги сайланган президент аниқланган экан, бу йўналишда олиб борилаётган ҳаракатларимизни жадаллаштириш имконини беради. Украинанинг янги сайланган президенти Украинанинг бутун халқини тамсил қилувчи конституциявий тартибни ўрнатиш бўйича барча минтақалар билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган,- деди АҚШ президенти.

3 июнь куни АҚШ раҳбари Польша Президенти Бронислав Коморовский ва Бош вазири Дональд Туск билан учрашади. 4 июнь куни Обаманинг Варшавада Марказий Европа мамлакатлари, жумладан Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко билан ҳам учрашиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG