Линклар

logo-print
Йилига мингдан зиёд ўзбекистонликка француз тилини ўргатиб келган Тошкентдаги Франция институти июнь ойи охиридан фаолиятини тўхтатади.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмийлари Тошкентдаги Франция институти Ўзбекистон ҳукуматининг илтимосига биноан шу ой охиридан фаолиятини буткул тўхтатишини маълум қилди.

Элчихона мулозими Ўзбекистон томонидан қўйилган бу талабни "илтимос" деб таърифлади:

– Ўзбекистон ҳукумати илтимосига кўра, Франция институти ўз фаолиятини 2014 йилнинг 30 июнидан тўхтатади, - деди Озодлик билан суҳбатлашган элчихона расмийларидан бири.

Франция институтида таҳсил олиб келган ўзбекистонлик талабалардан бирининг Озодликка айтишича, институт устидаги қора булутлар аслида йил бошида пайдо бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати январ ойида Франция элчихонасидан институтда тил курсларини ёпишни талаб қилган.

Элчихона қошида ташкил этилган Франция институтида тил курслари пуллик бўлган, дипломатик ваколатга эга элчихона тижорий фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас, деган сабаблар келтирилган.

- Шундан сўнг институтда француз тили курслари тўхтаб қолганди. Келажакда француз тилини ўқитиш билан бошқа ташкилот шуғулланиши айтиляпти. “Альянс Франсез” ташкилотини Ўзбекистонда қайта очиш ҳақида ҳам гап-сўзлар бор, - деди исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик талаба.

Ўзбекистондаги Француз институти 2002 йилда очилган эди. Институт француз тили курсларини очиб, француз маданиятини тарғиб этиш билан шуғулланиб келган.

Ҳар йили мингдан зиёд ўзбекистонлик шу институтда француз тилини ўрганган. Шунингдек, мазкур институт ўзбекистонлик талабаларга францияда ўқиш учун стипендиялар ҳам ажратиб келган.

2002 йилга қадар Франциянинг “Альянс Франсез” нотижорат ташкилоти Ўзбекистонда француз тили ва маданиятини тарғиб этиш билан шуғулланган.

“Альянс Франсез” нотижорат ташкилоти фаолиятини 2002 йилда тўхтатганди.

Францияда яшайдиган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Франция институтининг ёпилиши Ўзбекистон ҳукуматининг ташқи таъсирдан қўрқуви билан боғлиқ бўлиши мумкин.

- Ташқи таъсирдан, Ғарбий Европа таъсиридан, умуман ҳар қандай ташқи таъсирдан қўрқув, ҳадиксираш ва асоссиз хавотирланиш Ўзбекистонда шаклланган сиёсий зеҳният, ҳокимиятнинг сиёсий тафаккурига айланган, - дейди Камолиддин Раббимов.

2010 йилда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги яна бир институт – Марказий Осиёни тадқиқ қилиш Франция институти - IFEAC фаолияти ҳам тугатилган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги институтнинг аккредитациясини узайтиришдан бош тортган.

Камолиддин Раббимовга кўра, Ўзбекистон тарихи ва археологияси бўйича тадиқотлар олиб борган институт ходимлари Ўзбекистондаги ижтимоий мавзуларни ҳам ўрганишга киришган ва хориж матбуотида Ўзбекистондаги ҳукумат хоҳламаган мазмундаги тадқиқотларнинг пайдо бўлгани институтнинг ёпилишига асосий сабаб бўлган.

- Ҳар йили бу институтнинг журнали чақар эди. Шу журналда менинг мақолаларим ҳам босилганди. IFEACнинг Ўзбекистонда "қора рўйхат"га тушиши Андижон воқеаларидан кейин бошланган ва Ғарбнинг бошқа тадқиқот марказлари қатори бу институт ҳам Ўзбекистонда ёпилганди, - дейди Раббимов.

Дунёда 220 миллион одам француз тилида сўзлашади. Бу тил жаҳонда оммавийлиги бўйича бешинчи, Европада иккинчи ўринда туради.

Тошкентдаги Франция элчихонасига кўра, Ўзбекистонда француз тилини 400 минг атрофида ўқувчи ва талаба ўрганмоқда.
XS
SM
MD
LG