Линклар

Алишер Усмонов Минор масжидига алоқаси йўқлигини билдирди


Алишер Усмонов масжидга ҳомийлик қилаётгани тўғрисидаги хабарлардан ҳайрон қолганини айтмоқда.

Алишер Усмонов масжидга ҳомийлик қилаётгани тўғрисидаги хабарлардан ҳайрон қолганини айтмоқда.

Асли ўзбекистонлик Россия олигархи Алишер Усмонов Тошкентда қурилаётган янги масжидга алоқаси йўқлигини билдирди. Фарғона.ру агентлигининг хабар қилишича, миллиардернинг расмий вакиллари агентлик таҳририятига йўллаган баёнотда, Тошкентнинг Минор маҳалласида қурилаётган масжидга Алишер Усмонов ҳомийлик қилаётганига доир гап-сўзлар инкор қилинган.


Фарғона.ру агентлигига кўра, Алишер Усмонов ўз баёнотида, масжид қурилишида иштирок этмаётгани, лекин бундай илтимос тушадиган тақдирда, ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини изҳор қилган.

“Баъзи ОАВларида Тошкентдаги масжиднинг қурилишида менинг иштироким борлиги тўғрисида теширилмаган ва ҳақиқатга мос бўлмаган маълумотнинг тарқатилаётганидан ҳайроон қолдим. Мен масжиднинг қурилишида иштирок этмаяпман, лекин бунга оид мурожаат тушадиган тақдирда, бундай улкан ва муҳим лойиҳани қўллаб-қувватлаб, ўз ҳиссамни қўшишга тайёрман”, дея иқтибос келтирмоқда агетлик Алишер Усмонов баёнотидан.

Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган Минор маҳалласида янги масжид қурилаётгани ва уни Алишер Усмонов молиялаштираётганига доир гап-сўзлар пайдо бўлгани ҳақида Озодлик ҳам бир неча марта хабар қилган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳам, Озодлик билан суҳбатда, Минор қабристони ёнида қурилаётган масжидга Алишер Усмоновнинг алоқаси йўқлигини айтган эди:

- Бундай миш-мишлар бор. Лекин расмий ҳужжатлар йўқ. Ўша ерда ишлаяпмиз. У кишини (таҳр.: Алишер Усмоновни) ҳали кўрганимиз йўқ. Ўша қабристонда хилхоналари бор. Ота-оналари, бази хеш-ақраболари, жиянлари кўмилган. Ўша нуқтаи назардан одамлар гап қилиб туришибди. Лекин ҳали биз у кишининг масжидга алоқалари борлигини билганимиз йўқ, деган эди шайх Абдулазиз Мансур 2013 йил декабрида Озодликка берган суҳбатида.

Озодлик шунигндек, янги масжид қурилиши муносабати билан Минор қабристонидан олинадиган қабр жойи "нархи" 2 минг АҚШ долларидан 4 минг АҚШ долларига ошгани тўғрисида ҳам хабар қилган эди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълумотига кўра, масжид 2014 йилнинг декабрида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда ва масжид биноси ичида икки минг, ташқи сатҳи билан бирга ўн минг мусулмон намоз ўқиши мумкин бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG