Линклар

logo-print
Андижонда никоҳсиз туққан чақалоғини ўлдириб, зовурга ташлаганликда айбланган 20 яшар аёл уй қамоғида сақланмоқда. Вилоятнинг Булоқбоши туманида апрель ойида содир бўлган бу воқеа тафсилотлари Озодликка 3 июнь куни маълум бўлди. Озодлик манбасига кўра, ўз боласини ўлдирганликда айбланаётган аёл устидан тергов бир ойдан буён давом этмоқда.


Андижон вилоятидаги Булоқбоши туманининг Майариқ қишлоқ фуқаролик йиғинига қарашли маҳаллалардан бирида истиқомат қиладиган 20 яшар қиз (исми-фамилияси ошкор қилинмаяпти – Таҳр.) туққан чақалоғини ўлдириб, зовурга ташлаганликда айбланмоқда.

Бу хабарни тасдиқлаган Андижон вилоятининг ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, воқеа апрель ойида содир бўлган:

- Бу қиз 16 апрел куни ҳеч кимга билдирмай бир қариндошининг уйида болани туғиб, сўнгра бўғиб ўлдирган. Туғилган чақалоқ қизбола бўлган. Кейин болани қишлоқдаги зовурлардан бирига ташлаб юборган, - деди манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, бу қизнинг фарзанд кўргани ҳақидаги хабарни милицияга шифокорлар етказган:

- Бола оғир шароитда туғилгани учун бу қиз соғлигидан шикоят қилиб, икки ҳафтадан сўнг гинекологга мурожаат қилган. Бола туғилгани, бироқ унинг йўқлиги шифокор кўнглига шубҳа солиб, у милицияга хабар берган. Суриштирувлар натижасида қиз гуноҳини бўйнига олди ва бола ташланган жойни кўрсатди, - деди манба.

Майариқ қишлоқ фуқаролар йиғини исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, айни пайтда бу қиз уй қамоғида сақланмоқда ва тергов-суриштирув ишлари олиб бориляпти:

- Бу қиз ҳали турмушга чиқмаган эди. Боланинг отаси номаълум бўлгани учун у шу ишга қўл урганини айтди. Номусга қолишдан қўрққанда. Ўзи боғчада тарбиячи бўлиб ишлаган. Тўққиз ой кўтариб юрган боласини ўзи ўлдириб ташлагани кўпчиликни ғазабини келтирди. Агар бола боқишни истамаса, қишлоқ фуқаролар йиғинига келтириб ташлаганда ҳам ўзимиз боқиб олардик. Қизча увол бўлди, қизнинг отаси эса маҳаллада бош кўтаролмай қолди, - деди маҳалла фаолларидан бири.

Озодлик олган маълумотга кўра, бу иш билан ҳозир Булоқбоши туман прокуратураси шуғулланмоқда.

Прокуратуранинг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди.

Сўнгги пайтларда Озодликка WhatsApp орқали келаётган хабарлар орасида маиший характердаги жиноятлар кўп тилга олинмоқда.

Жумладан, 28 май куни Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги Зирабулоқ қишлоғида 30 яшар эр икки фарзандининг 27 яшар онасини бўғиб ўлдирди ва ички ишлар бўлимига ўзи бориб¸ таслим бўлди.

Жорий йилнинг январь ойида Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 13 яшар қизалоқ 25 ёшли ўз туғишган акасидан фарзанд кўрган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG