Линклар

Кёльн Жаҳон санъати академияси билан ҳамкорликда петербурглик рассомлар уюштирган мазкур танлов бир ярим ойдан кейин якунига етади.

Санкт-Петербургда Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари учун “Хўжа Насриддин латифалари” танлови бўлиб ўтмоқда. Кёльн Жаҳон санъати академияси билан ҳамкорликда петербурглик рассомлар уюштирган мазкур танлов бир ярим ойдан кейин якунига етади.

“Сен Россияга келдингу, бу ерда сени кўргандан шод эмасларми? Бошлиқ ҳақингни бермаяптими? Қўшниларинг қўполми? Милиция пул сўраяптими? Ўрнингда Хўжа Насриддин нима қилган бўлар эди? Жим турма! Насриддиннинг Россиядаги саргузаштлари тўғрисида энг яхши латифа ўйлаб топиб, совринингни ол!”

Бу сўзлар Санкт-Петербургда бир неча ҳафтадан буён давом этаётган муҳожирлар латифалари мусобақасининг таклифномасида ёзилган.

Лойиҳа ташаббусчиси петербурглик рассом Ольга Житлина Озодлик билан суҳбатда “Хўжа Насриддин латифалари” шинавандалари аллақачон 6 маротаба йиғилгани ва июль ўрталарига мусобақа финали бўлиб ўтишини маълум қилди.

- Бу энг аввало бадиий лойиҳа, уни ижтимоий лойиҳалар билан адаштирмаслик керак. Унга грантни мен Кёльн Жаҳон санъати академиясидан олдим. Унга келган муҳожирлар ва умуман питерликлар мигрантларнинг Россияга келиб, турли вазиятларга тушаётганини муҳокама қилади. Улар бу чигал вазиятларни Осиёда танилган ҳажв қаҳрамони Хўжа Насриддин ёрдамида ечишга уриниб кўради. Тўғри, кўп ҳолатда бу вазиятлар кулгили ҳам эмас: полициянинг ирқий-миллий белгилар асосида ҳужжат текшириши, маош масаласи ва ҳоказолар. Лойиҳамизнинг яна бир иштирокчиси Анна Терешина мана шу суҳбатлар асосида комикслар тайёрлаб боради, деди рассом Ольга Житлина.

Лойиҳа қатнашчилари “Йиғлашдан кулиш яхши!” шиори остида Санкт-Петербургнинг турли кутубхоналари, парклари ва бошқа жамоат жойларида йиғилмоқда.

Ҳар якшанбада бўлиб ўтаётган ҳажвчи муҳожирлар танлови ғолиби 2 минг рубль билан тақдирланмоқда.

- Ҳажвий ҳикоялардан ташқари биз аёлларимиз учун Хўжа Насриддиннинг синглиси - Дилфуза образини яратдик. Бу хоним аёллар муаммоларини ҳам муҳокамага олиб чиқади. Россияга келиб ўз ҳаётини ўзгартиришга уринаётган аёлнинг муаммолари ҳақида гапиради Дилфуза,
деди Ольга Житлина.

Унинг айтишича, якуни бўйича китоб чоп этилади, видеофильмлар тайёрланади.

Тадбирни бошлашдан олдин ташаббусчилар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга саёҳат қилиб, муҳожирларнинг ўз юртидаги ҳаёти, турмуш-тарзи билан яқиндан танишиб келгани маълум.

Муҳожир қизиқчиларнинг ҳар ҳафтадаги йиғилишлари жойи “ВКонтакте” ва “Одноклассники” тармоқларидаги саҳифаларда, шунингдек лойиҳанинг махсус сайтида эълон қилиб борилади.

Лойиҳада кузатувчи сифатида иштирок этган Санкт-Петербург Европа университети профессори, миграция масалалари бўйича йирик мутахассис Сергей Абашин бундай лойиҳа сўзсиз меҳнат муҳожирларининг фақат рус тилини билувчи, зиёли қисмида кўпроқ қизиқиш уйғотиши табиийлигига эътибор қаратди.

- Ахир мигрантлар ҳам турли тоифаларга бўлинади. Лойиҳада иштирок этаётганларнинг асосий қисмини рус тилини билувчи, ҳужжатлари жойида бўлган ёки оғир жисмоний иш билан шуғулланмайдиганлар ташкил этади. Уларга, албатта, бу жуда қизиқлиги сезилиб турди. Шунга қарамасдан, лойиҳанинг энг муҳим томони шундаки, у туфайли рус жамияти, зиёлилари мигрантларни танқид қилишдан ўзгача йўл танламоқда, уларни ўрганмоқда, Россия жамиятига интеграциялашуви билан шуғулланмоқда, дейди жамиятшунос олим Сергей Абашин Озодлик билан суҳбатда.

Ташкилотчилар қизиқчилар йиғилишларида истаган одам қатнашиши мумкинлигини ҳам билдирмоқда.

“Хўжа Насриддин латифалари” танлови иштирокчилари чиқишларидан:

Мухтор исмли йигит маҳаллий миллатчи-тақирбошнинг “Нега бу ерга келдинг?” деган саволига бундай жавоб бериш керак дейди:

"Бухоро амирининг тахти ҳозир Эрмитажда турибди. Мен ана шу бобомнинг тахтини олиб кетгани келдим, холос!"

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG