Линклар

logo-print

Сирғали машина бозорини мелиса босди


Ўзбекистондаги энг йирик Сирғали машина бозорининг рейддан кейинги кўриниши.

Ўзбекистондаги энг йирик Сирғали машина бозорининг рейддан кейинги кўриниши.

4 июнь куни Тошкент шаҳар Сирғали туманида жойлашган пойтахтдаги энг йирик автобозор ҳисобланган Сирғали машина бозорида туман ички ишлар бўлими амалиëт ўтказди. Озодлик расмий ва норасмий манбаларига кўра¸ бу рейдга бозордаги тошкентлик ва қашқадарëлик савдогарлар ўртасида юзага чиққан муштлашув сабаб бўлган.

Расмий изоҳ

Озодликнинг пойтахт ҳуқуқ тизимидаги манбасига кўра¸ 4 июнь куни эрталаб Сирғали машина бозорида тошкентлик ва қашқадарëлик икки йигит ўртасида жанжал чиққан. Иккала томон бозорда ўз ҳамюртларини тўплагандан кейин¸ бу жанжал кўлами кенгайган. Бу ҳақда Сирғали туман ички ишлар бўлимига хабар етиб келиши билан¸ 16 нафар милиция ходими Отайўл автобусида бозорга етиб келган ва биринчи ва иккинчи павильонларда эҳтиëт қисмлари сотиш ва баллон ямаш билан шуғулланувчи вилоятлик йигитларни автобусга босиб¸ ички ишлар бўлимига олиб келган. Олиб келинган 30 нафарча вилоятлик сотувчи ва баллончи йигит суратга туширилиб¸ улар бармоқ излари олинган ва тегишли маъмурий амаллар қўлланилган.

Ўз исми сир қолишини сўраган расмий манбага кўра¸ милиция ходимлари олиб келинганларнинг эрталабки жанжалга алоқаси бор-йўқлигини суриштириш жараëнида улар аксарининг Тошкент пропискаси ва тегишли лицензия-рухсатномаси бўлмаган ҳолда Сирғали машина бозорида савдо ва хизмат билан шуғулланиб келганини аниқлаган.

“Ҳозир тергов қилинганлар тегишли тарзда маъмурий жазога¸ агар жанжалга алоқадорлиги аниқланса¸ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин”¸ дейди Озодликнинг расмий манбаси.


Гувоҳ ҳикояси

Сирғали туман ички ишлар бўлими ходимлари машина бозорида ўтказган рейдга бевосита гувоҳ бўлган савдогар йигит¸ 15 чоғли милиционер 30 нафар чамасидаги бозорчи йигитни куч билан Отайўл автобусига босиб олиб кетиши билан Озодликка сим қоқиб¸ воқеа тафсилотларини ҳикоя қилиб берди:

“Сирғали машина бозоридаги дўконлардан бирида савдо қиламиз. Бозордаги мелисаларни яхши таниймиз. Тушдан кейин бозорнинг бошига Отайўл келиб тўхтаб¸ ундан мелиса формасидагилар тушиб¸ ўртада савдо қилаëтганларнинг ҳаммасини бошдан бошлаб босишга ўтди. Булар бегона мелисалар¸ бозорникимасди. Ҳамма ëқ ур-йиқит¸ тўполон бўп кетди¸ ҳамма дўконини ëпиб¸ ўртадагилар молини йиғиштириб қочишга киришди. Қизиғи¸ тошкентликларга тегмади¸ фақат вилоятликларни ушлади. Улар мол ëйиб ўтирганди¸ моли билан шундоқ автобуснинг ичига тиқди. Ҳеч ким нима бўлганини тушунтиргани йўқ. Нимага келди¸ нимага босди¸ нега фақат областнойларни олди¸ ҳеч кимга айтилмади. 15 минут ичида бутун бозор тум-тарақай бўлиб¸ очиқ дўкон қолмади”¸ дейди Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан суҳбатлашган тошкентлик савдогар йигит.

Сирғали машина бозорининг икки четидаги дўконлар орасида ўт ўчириш машиналари ҳаракатланиши учун очиқ қолдирилган кенг майдон бор ва бу суҳбатдош эътирофича¸ айни шу майдонда вилоятдан келган йигитлар ҳеч бир расмий рухсатсиз автомобил эҳтиëт қисмлари сотади.

“Бу йигитларнинг ҳаммаси бозор маъмурияти¸ бозордаги мелиса ва солиқчиларга ойига 100-200 долларлик “доля”сини тўлаб¸ шу ерда тирикчилик қилади. Бозордан дўкон ижарага олиш жуда қиммат¸ агар оборотингиз катта бўлмаса¸ патент ва солиқлар белингизни чиқаради. Бугун¸ асосан¸ шу йигитлар қўлга тушди. Энди улардан ҳаммаси учун роса олишса керак”¸ деб тахмин қилади савдогар суҳбатдош.

Тошкент ички ишлар тизимидаги Озодлик манбаси¸ Сирғали машина бозорида ўтказилган махсус рейднинг ноқонуний савдо ëки бож тўланмаган молларни мусодара қилиш мақсадида ўтказилмаганини алоҳида таъкидлади.

“Бу иш билан бошқа тизимлар шуғулланади. Бугунги милиция гуруҳи фақат эрталабки жанжал ташаббусчи ва иштирокчиларини аниқлаш ва қўлга олиш учунгина бозорда амалиëт ўтказди”¸ деди жумладан бу манба.

“Мелисалар ўртада савдо қилиб ўтирган болаларнинг ҳамма молини олмади¸ лекин қўлига тушганини ўзига қўшиб автобусга отди. Бу орада бозорда қонуний савдо қилаëтганлар ҳам қўшилиб¸ қўлини орқасига қайириб олиб кетилди. Бу ишни асосан сержантлар қилди. Орасидаги битта капитани кимдир сўраган экан “тошкентликлар билан қашқадарëлик баллончилар ўртасида уруш чиқиб¸ иккита мелиса ҳам калтак еган. Шуни тинчлантиришга келдик”¸ деб айтибди. Лекин биз бунга кўп ҳам ишонмадик. Булар фақат вилоятликларни босиб олиб кетганидан¸ яна қаттиқ ҳужжат текшириш бошланган¸ шекилли”¸ дейди Сирғали машина бозоридан сим қоққан манба.

Рейддан кейинги бозор

Сирғали бозоридаги тўполон ва рейд ортидан ушбу бозорга борган тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов одатда одам қайнайдиган Ўзбекистоннинг энг йирик машина бозорида бирорта очиқ дўкон ва савдо қилаëтган савдогар қолмаганига гувоҳ бўлди.

- Мана ҳозир рейд бўлган запчасть бозорида турибман. Ҳеч ким йўқ¸ дўконларнинг ҳаммаси ëпиқ. Янги машина сотиладиган иккинчи павильондаям ҳеч ким йўқ. Эски машиналар бозорида бир-иккита одам бору¸ савдо қилаëтган йўқ. Шу ерда ишлайдиганлардан биттаси билан гаплашдим. Унинг айтишича¸ кейинги пайтларда бозорда ҳар хил рейдлар тез-тез бўларкан. “Ментларнинг бозор ичида ўз қулоқлари бор. Битта сигнал тушиши билан улар бозорни босади”¸ деди мен гаплашганлардан бири¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Озодлик ихтиëрида ҳозирча 4 июнь кунги рейд давомида олиб кетилган савдогар ва баллончиларга қандай чора кўрилгани¸ ушланганлардан нечтасининг қўйиб юборилиб¸ қанчасининг ҳибсга олинганига оид аниқ маълумот йўқ. Тафсилотларни ўрганишда давом этамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG