Линклар

Ўзбекистонда импорт машиналарини нотариал расмийлаштириш бир ойга тўхтатилди


Импорт машиналари расмийлаштирувининг тўхтатилгани давлат божларига доир ўзгаришлар билан боғлиқ.

Импорт машиналари расмийлаштирувининг тўхтатилгани давлат божларига доир ўзгаришлар билан боғлиқ.

Ўзбекистонда импорт қилинган автомобилларни расмийлаштириш бир ой муддатга тўхтатилди. Давлат нотариуслари хорижда ишлаб чиқарилган машиналарнинг нафақат олди-сотдиси, балки ишонч қоғозини расмийлаштирмаяпти. Ўзбекистон Адлия вазирлиги бу қарорини импорт машиналар учун давлат божини йиғиш тартибига ўзгартишлар киритилаётгани билан изоҳламоқда. Вазирлик ўзгартишлар нимадан иборат бўлишини изоҳламаётир.



Жорий ой бошидан ўзбекистонлик импорт машиналар эгалари ўз мулкини на сота олади, на уни бошқа одамга тухфа қила олади ва на ишонч қоғозини расмийлаштириб бера олади.

Ўзбекистонда чиқадиган Интернет нашрлари чеклов фақатгина Россияда ишлаб чиқарилган “Жигули” русумидаги машиналарга жорий қилинганини ёзди.

Лекин Тошкентдаги давлат нотариус идораларидан бирининг ходими импорт машиналарининг барча турларини бир одамдан бошқаси ихтиёрига ўтказишга бир ой муддатга тақиқ жорий қилинганини Ўзбекистон Адлия вазирилигидан кўрсатма туширилгани билан изоҳлади.

- Бир ойга, вақтинч тақиқ қўйилди ҳозир. Бу ҳақда адлия вазирлигидан топшириқ келди. Импорт машиналарига довренность (ишонч қоғози-таҳр.) ҳам бермаяпмиз. Лекин тақиқ сабабини мен билмайман,- деди тошкентлик нотариус.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда хорижий машиналар билан савдо қиладиган автосалонлардан сотиб олинган машиналарни расмийлаштиришга ҳам тақиқ жорий қилинганми йўқми, аниқлаштира олмаслигини айтди.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг нотариуслар билан ишлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган мутасаддиси хорижда ишлаб чиқарилган машиналарни расмийлаштиришга бир ой муддатига челов жорий қилинганини тасдиқлаб, бу фақат жисмоний шахслар ўртасидаги машина олди-сотдисини расмийлаштиришга тааллуқли эканини билдирди.

- Бир ойга жорий қилинди. Сабаби давлат божини ундириш тартиби ўзгармоқда. МДҲ мамлакатларида ишлаб чиқарилган машиналарга тегишли бу тақиқ. Бир ой давом этади холос, бир ойдан кейин бемалол расмийлаштиришингиз мумкин бўлади. Ҳозир махсус ишчи гуруҳи тузилди, улар импорт машиналари учун ундирилаётган давлат божини ўрганишмоқда. Лекин автосалонлардан сотиб олинган машиналар ГАИда расмийлаштирилади. Унинг учун нотариусга бориш шарт эмас,- деди адлия вазирлиги расмийси.

Импорт машиналари учун давлат божи йиғиш тартибига ўзгатишлар киритилаётганини айтган вазирлик расмийси, ўзгартишлар нимадан иборат бўлишини аниқлаштирмади.

Унинг чеклов фақат МДҲда ишлаб чиқарилган машиналарга тааллуқли дегани ҳам қизиқ. Чунки тошкентлик нотариуслар хорижда ишлаб чиқарилаган барча машиналарни расмийлаштириш бир ой муддатга тўхтатилган, демоқда.

Ўзбекистонда автотранспорт бозорида амал қиладиган тартиб-қоидалар ўзига хосдир. Хориждан мамлакатга олиб кириладиган автомобилларни божхонадан ўтказиш учун тўланадиган давлат божлари машина нархининг 100 фоизидан ортиқроғини ташкил қилиши ўзбекистонлик автомобилистларнинг эътирозига сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш учун жорий қилингани айтиладиган бу тартиб ўзбекистонлик ҳаридорнинг эҳтиёжларини умуман инобатга олмаслигини хулоса қилса бўлади. Чунки Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган машинани сотиб олиш учун харидорлар ойлаб навбат кутишлари ҳаммага маълум.

Бунда потенциал харидор автосалон билан машина сотиб олиш учун шартнома тузган пайтда нархнинг 85 фоизини тўлаб қўйиши, шундан кейин камида олти ой давомида кутиши керак бўлади. Агар бу орада нархлар ошадиган бўлса, машинани олаётган пайтда нарх ошишишдаги фарқни тўлаш ҳам харидор зиммасига тушади.

Бундан ташқари мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган машинани сотиб олган ўзбекистонлик уни бир йил давомида сота олмайди.

Натижада кўп ҳолларда иккинчи қўл машинанинг бозордаги нархи, автосалондаги янги автомобил нархидан анча қимматроқдир. Дунёнинг бошқа мамлакатлари учну мисли кўрилмаган бу ҳолат ўзбекистонликлар учун одатий ҳолга айланган.

Импорт машиналарини расмийлаштириш бир ой муддатга тўхтатилиб, давлат божини унидириш тартибига ўзгартиш киритилаётгани кўпчиликнинг шундоқ ҳам осмондаги нархлар яна ошади, деган хавотирларни келтириб чиқарди.

Ҳар қалай, Ўзбекистонда давлат божлари ёки бошқа тўловлар арзонлагани тажрибада ҳали кўрилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG