Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:55

Давлатнинг дарра билан одамларни жаннатга йўллаши баҳсга сабаб бўлмоқда


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.
Ўтган ой охирларида жамоатчилик олдида қилган чиқишида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний давлат фуқароларнинг шахсий ҳаëтига камроқ аралашиши лозим¸ деган гапни таъкидлай туриб¸ давлатнинг гуруҳ-гуруҳ одамни жаннатга йўллаш миссиясидан воз кечиш эҳтиëжини тилга олди. Эрон исломий ҳокимияти асосларига рахна деб кўрилган бундай баëнот¸ қудратли оятуллоҳлар эътирозига учрамай қолмади.


Оятуллоҳ Руҳоллоҳ Ҳумайний ўлимидан 25 йил ўтиб¸ Эрон ислом жумҳурияти тепасида ўтирган оятуллоҳлар давлатнинг эронликлар шахсий ҳаëтига қанчалик аралашишга ҳақли экани борасида баҳсга тортилди.

Баҳслашаëтганларнинг бир қутбида Эрондаги қудратли консерватив оятуллоҳлар бўлса¸ улар қаршисида нисбатан мўътадил ҳисобланмиш президент Руҳоний турибди. Баҳс марказига эса¸ жаннат¸ аниқроғи унга элтувчи йўл қўйилган.

Эрондаги исломий ҳукуматнинг ўз фуқаролари ҳаëтига аралашуви деярли чегара билмайди ва давлат номидан ҳамма учун қандай кийинишу қандай юриш туришга қадар қолип белгилаб берилган.

Ўтган ой жамоатчилик олдида қилган чиқишида президент Руҳоний эронликларга кўпроқ эркинлик ва ҳақ берилиши лозимлигини таъкидлаб¸ давлатнинг улар ҳаëтига аралашувини чеклаш эҳтиëжини тилга олди.

"Одамларни ўз ҳолига қўяйлик. Одамларни ақлдан оздирмайлик. Ҳатто ҳамдардлик учун ҳам одамларнинг шахсий ҳаëтига аралашишни бас қилайлик. Одамлар жаннатга тушиш йўлини ўзи танласин. Биз одамларни зўр қўллаб ë дарра билан жаннатга йўллай олмаймиз”¸ деди 24 май куни президент Руҳоний.

Президентнинг ўз нутқида даррани тилга олиши¸ 30 йилдан ошиқроқ шариат қонунлари орқали бошқарилаëтган Эронда алкогол ичиш ва заифатбозлик каби амаллар учун дарра уриш билан жазолашга очиқдан-очиқ тааллуқлидир.

Шариатдаги бундай жазони савол остига олиш Эрондаги ашаддий диндорларни ғазабга келтирмай қолмади.

Ашаддийларнинг “Кайҳон” газетаси президентнинг бу сўзларининг ўзини савол белгиси остида чоп этди.

30 май кунги жума ваъзида аксар консерватив муллалар Руҳонийнинг бу баëнотига эътироз билдириб¸ “давлатнинг асосий иши айнан ўз фуқароларини жаннатга етаклаш” эканини иддао қилдилар.

“Давлатнинг вазифаси жаннат йўлини осонлаштиришдир. Ҳукумат ўз фуқаролари учун шу йўлни солиб бериши керак”¸ деди жумладан Теҳрондаги эътиборли уламолардан бири Оятуллоҳ Аҳмад Хотамий жума ваъзида.

Машҳадда танилган яна бир консерватив руҳоний Оятуллоҳ Аламолҳада ҳам президент баëнотини ўз ваъзида танқид қилди.

“Биз нафақат қамчи¸ балки бошқа куч билан одамларимизни жаннатга юборишга халақит бермоқчи бўлаëтганларга қарши чиқамиз”¸ деди бу оятуллоҳ ўз ваъзида.

Исломий инқилоб маркази асосчиси Хўжатулислом Ҳамид Руҳоний ҳам президентга ташланмай қолмади.

"Президент нима учун ҳеч кимни давлат дарра воситасида жаннатга юбориши керак эмас¸ деди? Халқимизнинг аксари айнан шундай бошқарув учун овоз берди ва бу диний қоидалар куч билан ўрнатилиши лозим¸ деганидир”¸ дея иқтибос келтирди бу уламодан Эрон матбуоти.

Унга кўра¸ фуқароларни дарра билан жаннатга юбориб бўлмайди¸ дейиш мамлакатда бош-бошдоқлик келиб чиқишига хизмат қилади.

Эрон адлия тизими¸ қолаверса ҳокимиятнинг аксар тармоқларини назорат қилувчи ашаддий исломчилар фуқароларга кўпроқ эркинлик ва ҳақ бериш ўз ҳокимиятига раҳна солишидан қўрқади.

Шу боис¸ ўзи ҳам диний ҳокимият вакили бўлишига қарамай эркинликлар ва ҳақ масаласида бир оз прагматик ëндашув қўллаб¸ оддий эронликлар ҳаëтида қандайдир ўзгартиш қилишга уринаëтган президент Руҳонийга нисбатан ана шу консерватив кучлар босими кучайиб бормоқда.

31 май куни президент Руҳоний ўз мухолифларига аччиқ киноя билан жавоб қайтарди.

Эронликлар ҳаëтига ўзгариш киришидан қўрқаëтганлар ҳақида гапирган президент¸ дин ва нариги дунë ҳақида керагидан ортиқ ўйлаш одамнинг бошини айлантириб қўйишини таъкидлади.

Муқаддас Қум шаҳрида илк марта душ қуриш бошланганида¸ одамлар бунинг қандайдир фалокат келтиришидан қўрқиб¸ ҳаммомларни бузиб ташлаган эди¸ дея эслатган Руҳоний¸ ўшанда диннинг ярми барбод бўлди¸ деган ваҳималар тарқалганини кулиб тилга олди.

"Баъзи одамларнинг қилишга умуман иши йўқ. Иши йўқ дунëдан узилиб¸ фақат дин ва наиги дунë ташвишига тушади. Фақат шу ҳақда ташвиш қиладиганларнинг на дин ва на нариги дунëдан бутунлай хабари йўқ аслида”¸ деди ўз мухолифларига жавобан президент Руҳоний гулдурос қарсаклар остида.

Ҳозирча ашаддий диндорлар бу кинояли жавобга муносабат билдирмади. Аммо кузатувчилар Руҳоний мухолифларининг бу жавобга жавоби қаттиқ бўлажагини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG