Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:19

Булунғурда қайнона ёш келинини ўлдирганликда гумонланмоқда


Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Ботбот қишлоғида яшаб келган 20 яшар келинчак 11 май куни ўз уйида эшикка осилган ҳолда топилди. Озодликка маълум бўлишича¸ марҳуманинг ота-онаси қизини қайнонаси томонидан уриб ўлдирилгандан сўнг осиб қўйилганини даъво қилмоқда.

Самарқанд вилоятидаги Булунғур туманининг Ботбот қишлоғида истиқомат қилувчи 52 яшар аëл ўзининг 20 яшар келинини уриб ўлдирганликда гумонланмоқда.

Бу хабарни тасдиқлаган Булунғур ҳуқуқ тизимидаги Озодлик манбасига кўра, воқеа юзасидан жиноят иши очилган ва туман прокуратураси тергов-суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Ботботда яшовчи Озодлик манбасига кўра, воқеа 11 май куппа- кундузда содир бўлган:

“Бизнинг билишимизча, қайнона-келин ўртасида қаттиқ жанжал бўлган. Ғазабланган қайнона қумғон билан келининг бошига уриб ўлдириб қўйган. Кейин бўйнидан рўмол ўтказиб уйнинг эшигига осиб қўйган ва шундан сўнг дод-вой солиб қўшниларни чақирган”, деб ёзади манба.

Озодлик мухбири билан исми сир қолиш шарти билан гаплашган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, бу оилада жанжал мунтазам бўлиб турган ва маҳалла қайнона-келинни яраштиришга кўп уринган:

- Қудалар бир маҳаллада, деярли қўшни яшашади. Бола ҳам, нобуд бўлган аёл ҳам оилада ёлғиз фарзанд бўлган. Келин аразлаб бир неча бор онасининг уйига кетиб қолган эди. Жанжал кўп бўлиб турарди, бир неча бор яраштиришга ҳам борган эдик. Уч ёшли ва олти ойлик икки бола етим қолди, деди маҳалла фаоли.

Келиннинг қайнона томонидан уриб ўлдирилилгани ҳақидаги гап-сўзлар тарқаб кетганини эътироф этган бу суҳбатдош¸ ҳозирча тергов тизимлари бу гумонни тафтиш қилаëтганини айтиш билан чекланди:

- Бу ишни ҳозир туман прокуратураси тергов қилмоқда. Айтишларича¸ жиноят иши очилган. Келин уриб ўлдирилганми ёки ўзини ўзи осганми, бу ҳақдаги хулосалар экспертиза натижалари чиққандан сўнг маълум бўлар экан, деди маҳалла фаоли.

Маҳалла фаолига кўра, келинчакнинг ота-онаси қизи ўлдирилганини даъво қилиб, Булунғур туман прокуратурасига шикоят ёзган.

Булунғур тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими бу воқеа юзасидан жиноят иши очилганини тасдиқлади, бироқ бошқа тафсилотларни телефон орқали беролмаслигини айтди.

Манбага кўра, қотилликда гумонланаëтган қайнона уй қамоғида сақланмоқда.

Сўнгги пайтларда Озодликка келаётган хабарлар орасида маиший характердаги жиноятлар кўп тилга олинмоқда.

Жумладан, апрель ойида Андижон вилоятидаги Булоқбоши туманининг Майариқ қишлоқ фуқаролик йиғинига қарашли маҳаллалардан бирида истиқомат қиладиган 20 яшар қиз туққан чақалоғини ўлдириб, зовурга ташлаганликда айбланмоқда.

Жумладан, 28 май куни Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги Зирабулоқ қишлоғида 30 яшар эр икки фарзандининг 27 яшар онасини бўғиб ўлдирди ва ички ишлар бўлимига ўзи бориб¸ таслим бўлди.

Жорий йилнинг январь ойида Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 13 яшар қизалоқ 25 ёшли ўз туғишган акасидан фарзанд кўрган эди.
XS
SM
MD
LG