Линклар

Россия билан Ғарб қарама-қаршилиги авжига чиққан пайтда Путин Францияга келди


Россия Президенти Владимир Путин.

Россия Президенти Владимир Путин.

Россия Президенти Владимир Путин Қрим аннексия қилиниб, Украина шарқида россияпараст айирмачилар исёни бошланганидан бери илк бор Ғарбга сафар қилмоқда. Путиннинг Францияга ташрифи Брюсселда учрашган Ғарб етакчилари Россия раҳбарини янги санкциялардан огоҳлантирган пайтга тўғри келмоқда.


Президент Путин Францияда нишонланадиган Иккинчи жаҳон уруши пайтида иттифоқчи қўшинлар Нормандияга тушишининг 70 йиллиги тантаналарида қатнашгани ва франциялик ҳамкасби Франсуа Олланд билан учрашгани бу мамлакатга сафар қилмоқда.

Путиннинг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, 5 июнь куни Путин билан Олланд ўртасидаги учрашувда турли масалалар, жумладан Украинадаги вазият муҳокама қилинади.

Олланд Россиянинг март ойида Украинадан Қримни тортиб олгани ва шарқий Украинада айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганини кескин танқид қилиб келаётган Ғарб етакчиларидан биридир.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия раҳбари Нормандиядаги тадбирлардан олдин Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ва Германия Канцлери Ангела Меркель билан ҳам алоҳида учрашувлари режалаштирганини билдирди.

Песков Путин билан АҚШ Президенти ўртасида юзма-юз учрашув режалаштирилмаганини қўшимча қилди. Лекин унинг айтишича, Нормандия ҳодисаларини хотирлаш маросими иштирокчилари ҳаммаси бир жойда бўлгани боис, уларнинг “турган жойда” учрашиб қолишларини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.

Путиннинг ўзи Франция матбуотига берган интервьюсида Нормандя тантаналарида қатнашаётган давлат етакчилари, жумладан Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко билан юзма-юз келишдан қочмаслигини таъкидлади.

Россия президенти Украина устида чиққан қарама-қаршиликларга қарамасдан, АҚШ Президенти Барак Обама билан ҳам учрашишга тайёрлигини билдирди.

- Мамлакатлар орасида, айниқса Россия ва Қўшма Штатлар каби йирик мамлакатлар орасида муаммолар ҳар доим бор. Лекин бу муаммоларни қандайдир сўнгги нуқтага олиб бориш керак, деб ўйламайман. Ҳар қалай, биз бунинг тарафдори эмасмиз. Ва мен барча ҳамкасбларим, жумладан президент Обама билан ишлашга тайёрман,- деди Путин.

Лекин ғарб матбуоти АҚШ президенти Франциядаги тантаналарда россиялик ҳамкасби билан юзма-юз келмаслик учун имкон борича ҳаракат қилишини ёзмоқда.

Европадаги йирик нашрлар расмий Париж вакилларига таянган ҳолда хабар қилишича, Обама ва Путин учрашиб қолмасинлар учун президент Франсуа Олланд АҚШ ва Россия етакчилари учун алоҳида кечки овқат уюштиришига тўғри келишини ёзмоқда.

Путин француз журналистлари билан суҳбат давомида Порошенко Киев ҳукумати Украина шарқида олиб бораётган “жазо операциясини” тўхтатиш имкони бор, дея таъкидлади.

- Жаноб Порошенконинг уникал имконияти бор, деб ҳисоблайман. Унинг қўли ҳозирча қонга ботгани йўқ ва бу жазо операциясини тўхтатиб, ўз мамлакати шарқи ва жанубидаги ўз фуқаролари билан мулоқот бошлаши мумкин,- деди Путин.

Олланд 4 июнь куни Брюсселда қилган чиқишида Порошенко Украина президент сайловида ғалаба қилиши ортидан уни Нормандияга байрам тадбирларида иштирок этиш учун таклиф қилганини билдирди. Шундан кейин Путинга қўнғироқ қилиб, бу маросимда Украинанинг янги сайланган президенти қатнашиши ҳақида хабардор қилганини таъкидлади Олланд

Россия Қримни аннексия қилганидан бери Путин Ғарбга илк бор сафар қилмоқда.

Путиннинг Францияга сафари Катта Еттилик давлатлари етакчилари Брюсселда учрашиб, Россиянинг Украинадаги ҳатти-ҳаракатларига жавобан Кремлга нисбатан санкцияларни кучайтириш масаласини муҳокама қилган пайтга тўғри келмоқда.

Катта Еттилик давлатлари етакчилари Брюсселда икки кундан бери учрашмоқда.

Дунёнинг энг саноатлашган етти давлати саммитида муҳокама қилинаётган асосий масала Украина бўҳрони бўлиб қолмоқда.

4 июнь куни Катта Еттилик етакчилари қабул қилган қўшма баёнотда Россия Президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, Россия Украинада вазиятни "беқарорлаштиршни" тўхтатмаса, Москвага қарши яна санкциялар қўлланишидан огоҳлантирди.

Мазкур саммит Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилиши керак эди, лекин Қрим аннексия қилинганига жавобан, Катта Еттилик аъзолари йиғинни Брюсселга кўчириб, Россияни унга таклиф қилмади.

Украинанинг ўзидан олинаётган хабарларга кўра, мамлакат шарқида ҳукумат кучлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Луганск вилоятида 5 июнь куни айирмачилар ҳукумат ҳарбийларига қарашли иккита назорат пунктига ҳужум қилгани хабар қилинмоқда.

Жангларда иккала тарафдан жароҳатланганлар бўлгани айтилмоқда. Украина Ҳарбий ва сиёсий тадқиқотлар маркази координатори Дмитро Тимчук неча киши яралангани номаълум эканини айтмоқда. Тимчукнинг яна айтишича, айирмачилар ҳукуматнинг ҳарбий конвойига ҳам ҳужум қилган, лекин жиддий зиён етказа олмаган.

Украина расмийлари 5 июнь куни Донецк вилоятининг Славянск шаҳрида айирмачиларга қарашли қурол-аслаха омбори йўқ қилинганини билдирди. Украина ҳарбийлари вакили Владислав Селезнёв хавфсизлик кучлари Славянскда “йирик қурол-аслаха” омборини йўқ қилди, дея таъкидлади.

Селезнёвга кўра, бир кун аввал 300дан ошиқ айирмачи жангари ўлдирлгани ва “аксилтеррор операция” давом этаётганини билдирди. Айирмачилар бу рақамларни инкор қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG