Линклар

logo-print

Республика гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти қошидаги Онкогематологик касалликларни даволаш марказида уч бемор ўзак ҳужайраларини қўллаш ёрдамида соғайиб кетгани тўғрисидаги хабарларни тилга олинган Марказ раҳбари Озодликка тасдиқлади.

Ўзбекистонлик бошқа бир соҳа олимлари эса, оптоэлектроникага оид атамалар изоҳли луғатини ўқувчиларга тақдим этди.

Ўткир миелейкоз касаллигига чалинган киши қонида оқ қон хужайралари тез кўпайишни бошлайди ва шундай ташҳис қўйилган беморлар, мутахассисларга кўра, шу пайтгача қўлланиб келган муолажани олар экан, 5 йилгачагина яшайди.


Uzbekistan Today нашри ўзбек шифокорларининг ютуғи тўғрисида хабар қилар экан, бундай ёзди:

"Дастлабки кимёвий муолажалардан кейин беморларнинг ўзак ҳужайралари олинади. Бу эса кучли кимёвий муолажадан сўнг уларнинг қон ҳосил қилиш тизими қайта ишга тушиб кетиши кафолатидир. Шундан сўнг беморга катта миқдорда кимёвий препаратлар бериладики, улар саратонга чалинган ҳужайраларни ўлдиради. Касалланган ҳужайралар билан бирга организм ҳаётини таъминлаб турган ўзак ҳужайралари ҳам ўлади. Лекин бундан буён беморлар қўрқмасаям бўлади: саратонга чалинган ҳужайралар йўқ қилингач, беморга олдиндан тайёрлаб қўйилган ўзак ҳужайралари қуйилади ва улар организмнинг қайта тикланишига ёрдам беради", деб тушунтирди ўз хабарида Uzbekistan Today нашри.

Онкогематологик касалликларни даволаш маркази мудири Абдураҳим Қаюмовнинг Озодлик саволларига берган жавобларига қараганда, мазкур воқеанинг янгилиги унинг "нафақат Ўзбекистон, балки умуман Марказий Осиё минтақасида биринчи бор қўлланилганида"дир.

Айтилишича, Онкогематологик касалликларни даволаш марказида ўзак ҳужайралари ёрдамида наманганлик, сурхондарёлик ва хоразмлик қон саратонига чалинган уч бемор даволанган.

Доктор Қаюмовнинг сўзларига қараганда, қон саратонини ўзак ҳужайралари билан даволашнинг ҳозирча бир қатор нозик жаҳатлари ҳам бор.

- Муолажа учун беморларни танлашда¸ биринчи навбатда¸ уларнинг жигари ва ўпкасининг соғми-йўқлигига, қандли диабетга чалинганми-йўқлигига қарадик, деган доктор Қаюмов.

Унинг айтишича, ҳар уччала беморнинг муолажаси оғир оқибатларсиз амалга ошган.

Доктор Қаюмовнинг Озодликка айтишича, қоннинг ўткир миелейкоз касаллигини ўзак ҳужайралари билан даволаш тажрибадан ўтган ва жаҳоннинг қатор давлатлари шифокорлари қўллаб келаётган усулдир.

- Бу бутун дунёда тан олинган усул. Фақат Ўзбекистонда бу усул биринчи марта қўлланилди,
деди Онкогематологик касалликларни даволаш маркази мудири Абдураҳим Қаюмов.

***

Гап ўзбек олимлари ишлари ҳақида борар экан, ўтган ойда нашрдан чиққан бир луғат ҳақида ҳам хабар бериб қўймоқчимиз.

Техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Муҳиддиновнинг таҳрири остида тайёрланиб, чоп этилган “Оптоэектроникага оид атамаларнинг инглизча-русча-ўзбекча изоҳли луғати”да оптоэлектроникага (Электроника фанининг оптик диапазондаги электромагнит нурланишнинг электр токига айланиши ва акс ҳаракатини ўрганувчи бўлими) ҳамда информацияни қайта ишлашнинг оптикавий усулларига оид 2000 дан ортиқ атама йиғилган, бу аталамаларнинг изоҳи берилган.

Лоийҳа раҳбари профессор Муҳиддинов луғат тўғрисида Озодликка бундай деди:

- Ҳозирги пайтда илм-фаннинг толали оптика, оптоэлектроника йўналишлари борки, уларнинг перспективаси жуда катта. Шунинг учун бу йўналишда ўзбек тилида атамалар луғати, боз устига изоҳли луғати яратиш жуда долзарб масала эди. Чунки келажакда энг замонавий, энг тез ишлайдиган компьютерлар бўлади. Шунинг учун, менинг фикримча, бундай луғат ёшларга керак. У ёшларни фикрлашга, профессионал фикрлашга ўргатиш учун, фаннинг шу йўналишларида изланиш олиб боришлари учун керак, деди профессор Муҳиддинов Озодлик саволига жавоб бераётиб.

“Оптоэлектроникага оид атамаларнинг инглизча-русча-ўзбекча изоҳли луғати” илмий хидимларга, оптоэлектроника, толали оптика ва бу фанларга қўшни соҳалар мутахассисларига, олий ўқув юртларининг ўқитувчилари, магистрантлари ва талабаларига мўлжалланган.

Луғат 500 нусхада чоп этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG