Линклар


Грузияда тожикистонлик аёл ўз ватандошини алдов йўллар билан Батуми шаҳрига олиб келиб, уни фоҳишаликка мажбурлаганликда айбланиб ҳибсга олинди. Расмий маълумотларга кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида 72 нафар тожикистонлик аëл алдов йўли билан хорижга олиб кетилиб¸ фоҳишаликка мажбурланган.

Грузия Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Батуми шаҳрида ўтказилган тезкор амалиёт чоғида 40 ёшли Тожикистон фуқароси Зарина А. қўлга олинган.

Гурзия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра¸ Зарина А. 1988 йилда туғилган Баргигул. Р.ни 2012 йилда Тожикистондан алдов йўли билан олиб келган.

"Зарина Баргигулнинг паспортини олиб қўйиб, шантаж ва зўравонлик билан уни фоҳишалик қилишга мажбурлаган. Зарина А. бир йил давомида Баргигулнинг танфурушликдан топган пулларини ўзлаштириб олган", дейилади матбуот хизмати хабарида.

Грузияда тожик аёлининг одам савдосида айбланиб ҳибсга олиниши илк бор кузатилмоқда. Бундан аввал тожикистонлик хотин-қизларнинг Россия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Афғонистон каби давлатларда одам савдоси қурбони бўлганлиги қайд қилинган эди.

Тожикистонлик аёллар Россияда “секс-индустрия” яратди

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияга селдай оқиб бориши ортидан бу мамлакатда тожикистонлик қўшмачи ва фоҳишаларнинг ўзига хос “секс-индустрия” яратгани айтилади.

Россиянинг Марказий Осиё, Кавказдан борган меҳнат муҳожирлари зич яшайдиган минтақаларида¸ расмий ва норасмий манбалар таъкидича¸ яширин исловотхоналар амал қилади ва бу жойда Тожикистондан алдов йўли билан олиб борилган кўплаб ёш қизлар танфурушликка мажбурланмоқда.

Ўтган йил ёзида Санкт-Петербург шаҳри полицияси Ярослав Ҳашек кўчасидаги яширин исловотхоналардан бирида рейд ўтказиб¸ бир тожик аёлини ушлаган эди. 2009 йилда эса Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 17 нафар ўзбекистонлик ва тожикистонлик хотин-қизлар қўлга олинган эди. Қозоқ расмийларининг айтишларича, “Жибек жўли” меҳмонхонасида ташкил этилган фоҳишахонада бу қизлар танфурушлик билан шуғулланган.

Бугунги кунда, рус тилидаги Интернет сайтларида “массаж салони”, “сауна”, “эскорт хизмати” сингари номлар билан берилган фоҳишабозлик хизматларини кўплаб топиш мумкин. Бу хизматлар мижозларининг аксарияти тожикистонликлар эканлиги айтилади. Сўнгги пайтда Интернетда “секс с таджичкой” номи билан берилаётган шаҳвоний видеолар ҳам кўпайган.

Тожик қизлари Бобулда

Шу ўринда тожикистонлик танфурушларнинг Афғонистон ҳудудида, жумладан Кобул шаҳрида ҳам кўпаяётгани айтилади. Маълумотларга кўра, тожик фоҳишалари Кобул марказидаги Бобул боғида ўз “хизмат”ларини таклиф этишади.

Афғонистонлик руҳонийлардан бири Мавлавий Азизуллоҳ Муфлиҳ апрель ойида қилган ўз маърузаларидан бирида шунга ишора қилади:

“Тожикистонлик қизларнинг Бобул боғида сайр қилиб юришларидан бехабар эмасмиз. Бизнинг кўчаларимизни рақсу ўйинлар ва исловотхоналар босиб кетди. Муҳтарам буюк давлат, ахборот ва маданият вазирликлари қаерда ухлаб ётибсан, нега ухлаб ётибсан?”, деган эди афғон руҳонийси.

Руҳонийнинг айтишича, Кобулдаги “Келинлар салони” номи билан фаолият юритадиган салонларда Тожикистондан олиб келинган қизлар фаҳш ишлар билан шуғулланади.

Тожикистон Хотин-қизлар ва оила қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йилда 679 киши одам савдоси қурбони бўлган. Булар орасидаги 72 нафар аëл алдов йўли билан хориж мамлакатларига олиб чиқиб кетилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG