Линклар

Хотира маросимида қатнашиш учун АҚШ президенти Барак Обама, Канада ва Британия бош вазирлари, Британия шаҳзодаси Чарлз ҳам Францияга етиб келган.

Маросимда Россия президенти Владимир Путин ҳам қатнашмоқда. Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко ҳам Нормандияга таклиф этилган.

1944 йил 6 июнида АҚШ, Британия ва Канада қўшинлари Франция шимолидаги Нормандия вилоятига ташланганди.

Франциянинг Нормандия вилоятидаги жангларда иттифоқчи кучларнинг 2 ярим минг ҳарбийси ҳалок бўлганди.

Ҳалок бўлганларнинг жасади Нормандиядаги Омаха-бич қирғоғига яқин жойлашган қабристонга кўмилган.

Европада фашистлар оккупация қилган мамлакатларни озод этишга қаратилган "Оверлорд" ҳарбий амалиётида 150 минг аскар жалб этилди.

Нормандияга қўшин ташланган кун “Д Куни” деб аталади. Шу кундан 11 ой ўтиб Европада фашизм тор-мор этилди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида иттифоқчи қўшинлар Нормандияга тушишининг 70 йиллиги тантаналари Украина бўхрони атрофида Россия ва Ғарб ўртасида халқаро кескинлик юзага келган бир пайтга тўғри келмоқда.

Кузатувчилар Францияда ўтадиган раҳбарлар учрашувларида Украина бўхрони атрофида юзага келган халқаро тангликнинг юмшашига умид билдирмоқдалар.

Президент Франсуа Олланд Владимир Путин ва Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенколарнинг юзма-юз учрашувини уюштиришга уриниб кўриши айтилмоқда.

Оқ уй маъмурияти АҚШ президанти Барак Обаманинг Нормандияда Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашиш режаси йўқлигини билдирган.

5 июнь куни Брюсселда Катта Еттилик саммити иштирокчилари Президент Владимир Путинни Россиянинг Украинадаги “беқарорлаштириш” ҳаракатларни тўхтатиш, акс ҳолда Москвага нисбатан янги санкциялар жорий қилинишидан огоҳлантирганди.

Шунингдек, Катта Еттилик Россияни Петро Порошенкони Украина президенти этиб сайланганини тан олишга чақирди.

Аввалроқ Франция радиосига берган интервьюсида Путин Нормандия тантаналарида Порошенко билан юзма-юз келишдан қочмаслигини таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG