Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:59

Хиёнаткор эр айбини яшириш учун хотинини ёқиб юборди


Қишлоқ ҳудудларида бўри ва шоқоллар хавфли тарзда кўпаймоқда. Самарқандда 100 дан ошиқ фуқаронинг пенсиясини ўзлаштирган почта бўлими бошлиғи қўлга тушди. Хонанда Муниса Ризаева фотиҳаси бузилгани сабабини маълум қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Сариосиё ва Узун туманларида патологик касалликлар кўпаймоқда”

Сурхондарё вилоятнинг Сариосиё ва Узун туманларида болалар ўртасида патологик касалликлар кўрсаткичи ошиб бормоқда (“Инсон ва қонун”, 3 июн).

Сариосиёдаги 175 минг аҳолининг 42 мингдан кўпроғи эндокрин касалликларга чалинган, Узун туманида яшайдиган 150 минг кишининг 100 мингга яқини турли хасталикларга дучор бўлган. Қайд этилишича, бунга Тожикистон алюминий корхонаси фаолияти сабаб бўлмоқда.

Профессор Жуманазар Холмўминовга кўра, ёз ойларида Сурхондарё вилоятининг шимолий туманлари атмосферасида фторли водороднинг миқдори йўл қўйиладиган энг юқори концентрациядан 3,4 бараварга ошиб кетмоқда. Бу эса минтақанинг 1 миллионга яқин аҳолиси соғлиғини хавф остига қўймоқда.

“Тошкентда ота-оналардан болаларнинг сувда чўкиши бўйича кафолат хати олинди”

Тошкент шаҳридаги мактабларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ота-оналаридан болаларнинг сувда чўкиши ҳолати юзасидан кафолат хати олинди (“Тошкент оқшоми”, 4 июн).

Мазкур тадбир Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Бахтиёр Раҳмонқулов ташаббуси билан амалга оширилган.

Газетага кўра, бу сувда чўкиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг кескин камайишига хизмат қилади. Айни пайтда, Тошкентдаги 291 та таълим муассасасидан ёзги таътилга чиқаётган 268 мингдан ошиқ ўқувчиларга сувда сузиш мавзусидаги диктант ёздирилган.

“Хиёнат устида қўлга тушган эр хотинини ёқиб юборди”

Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида яшаган Ирина Шалотина эри Давид Владимиров томонидан ваҳшиёна ўлдирилди (“Ҳуқуқ”, 5 июн).

Воқеа тафсилотларига қараганда, Шалотина эри Владимировни ўз дугонаси Марина Цой билан хиёнат устида қўлга туширади. Ўз қилмиши фош бўлганидан ғазабга минган Владимиров Ирина Шалотина устига керосин қуйиб ёқиб юборади. Шалотина бир неча соатдан кейин вафот этади.

Шундан кейин Марина Цой ва Давид Владимиров биргаликда жасадни йўқотиш режасини тузишади. Давид Бекобод бозорига бориб тузламалар тайёрлашга мўлжалланган темир бочка сотиб олади ва икковлон Иринанинг жасадини буклаб бочкага жойлаштиради. Шу билан бирга цемент, қум ва сиркани сувга аралаштириб жасаднинг устига қуйиб юборишади. Кейин бочканинг оғзини маҳкамлаб омборга киритиб қўйишади. Қайд этилишича, тергов жараёнида Владимиров ва Цойнинг айби исботланиб, уларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“iPhone”ни ишлаб чиқаришда Ўзбекистон олтинидан фойдаланилади”

АҚШнинг “Аpple” компанияси мобил қурилмалар ва компьютерлар учун Ўзбекистон олтинини ишлатади (“Оила даврасида”, 5 июн).

Маълум қилинишича, “Аpple”нинг “iPhone”, “iPad”, “Mac”, “iPod”, “Apple TV”, дисплей ва аксессуарларидаги контакт (электр симларини уловчи қисм)ларни қоплашда қўлланиладиган олтин Ўзбекистондан харид қилинган.

“Қишлоқ ҳудудларида бўри ва шоқоллар хавфли тарзда кўпайиб кетмоқда”

Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида бўри, шоқол каби йиртқич даррандалар хавфли тарзда кўпайиб, ёввойи ҳамда хонаки ҳайвонларга қирон келтирмоқда.
Йиртқичлар одамларга ҳам ҳужум қилмоқда (“Новый век”, 5 июн).

Қўриқхоналар бошқармаси раҳбари Д.Мусаевга кўра, ўтган асрнинг 80-йилларида мазкур йиртқич ҳайвонлар сони назорат қилиб борилган. Шу мақсадда бўри ва шоқол ўлдирган овчиларга пул мукофотлари берилган.

Ҳозир эса аксинча – битта шоқол ўлдирган овчи Давлат бионазорат идорасига энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида пул тўлаши керак. Қўриқхоналар бошқармаси раҳбари йиртқичларни камайтириш бўйича Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига уч марта хат йўллагани, аммо бунга жавоб бўлмаганини маълум қилган.

“100 дан ошиқ фуқаронинг пенсиясини ўзлаштирган почта бўлими бошлиғи қўлга тушди”

Cамарқанд вилояти Тайлоқ тумани Боғизағон почта алоқа бўлими раҳбари Мафтуна Қурбонова пенсия маблағларини ўзлаштиргани учун қўлга олинди.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, Қурбонова 100 дан ошиқ фуқаронинг 15 миллион сўмдан зиёд пенсиясини ўзлаштирган. Қурбоновага ушбу почта алоқа бўлимининг собиқ раҳбари Алишер Абдуназаров йўл-йўриқ кўрсатган.

Суд ҳукми билан Қурбоновага 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, 1 йилу 6 ойга мансабдорлик лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Абдуназаров эса 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Машина ювиш шахобчасидан “Каптива” олиб қочилди”

Сўнгги ойларда Тошкентда автомобил ўғирлиги билан боғлиқ бир неча ҳолат қайд этилмоқда.

Транспорт соҳасидаги янгиликларни ёритувчи бир неча нашрда ёзилишича, Қоратош мавзесидаги машина ювиш шахобчасида “Каптива” русумли автомобил олиб қочилган.

Авто эгаси машина ювувчига автомобил калитини ҳам қолдирган. Ҳайдовчиларнинг фикрича, автомобилни ювувчи олиб қочмаган. Ювувчи калитни машинада қолдирганидан номаълум шахс унумли фойдаланган. Бундан аввалроқ Тошкентдаги тўхташ жойидан иккита автомобил олиб қочилгани хабар берилган.

“Фотиҳаси бузилган хонанда Муниса Ризаева уни синдирмоқчи бўлган шахслар кўплигини айтди”

Хонанда Муниса Ризаева фотиҳаси бузилгани ва тўйи бекор қилингани сабабини очиқлади (“Даракчи”, 5 июн).

Хонандага кўра, у бўлажак турмуш ўртоғи ва касбдоши Жасур Ғойипов ҳақида “омма олдида айтиб бўлмайдиган” гап-сўзлар эшитган. Шу сабабли тўй тўхтатилган.

Икки шоу бизнес вакилининг тўйи 30 май куни бўлиши режалаштирилганди. Айни пайтда, хонанда унга қарши шахслар ҳам кўплигини айтган. “Одам қанчалик танилса, душманлари ҳам кўпаявераркан. Мени синдирмоқчи бўлганлар жуда кўп... Шоу бизнесда ҳамма эркалик ва хоҳишларимни амалга оширадиган кучли “ҳомий”ларим йўқ. Ўзим учун ўзим ҳомий ва устунман. Мендайларни бу “олам”да ҳамма ҳам ёқтиравермаслигини англадим” деган хонанда Муниса Ризаева.
XS
SM
MD
LG