Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:17

Қўшиқчи Феруза Жуманиёзова яна “запрет”га учради


Ўзбекистонлик таниқли хонанда Феруза Жуманиёзова яна лицензиядан маҳрум этилди. Тўрт йил давомида эфир юзини кўрмаган хонанданинг шу йил апрель ойида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан олган лицензияси яна бекор қилинди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси расмийларига кўра, Феруза Жуманиёзова лицензия битими талабларини мунтазам бузиб келган. Шу сабабли унга апрель ойида берилган лицензия 3 июндан бекор этилган.

“Хонанда Феруза Джуманиязова томонидан лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар мунтазам равишда бузиб келинганлиги сабабли, Бирлашманинг 2013 йил 13 августдаги МР-15-сон буйруғи асосида берилган АJ-3937-рақамли лицензиянинг амал қилиши 2014 йил 3 июндан тугатилди”, дейилади “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг расмий билдиришномасида.

“Ўзбекнаво” матбуот хизмати раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров Озодлик билан суҳбатда эстрада бирлашмаси таъсис этган қоида ва тартибларга риоя этмай келгани учун Жуманиёзовани лицензияси тугатилганини айтди:

- Махсус кенгаш аъзоларининг фикри асосида шунга қарор қилинди. Бу ҳақда “Ўзбекнаво”нинг бир ходими ёки раҳбари қарор бермайди. Сабаблари борки, шу даражага олиб келиндики, шунга қарор берилган. Ферузанинг ўзи билади, нима сабабдан бунақа бўлганини, - деган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг матбуот хизмати раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров Жуманиёзованинг лицензияси бекор қилингани асл сабабини очиқламади.

Лицензиядан маҳрум этилиши ҳақида Ферузанинг ўзи журналистларга гапирмаяпти. Хонанданинг маъмури Ширин Ғофурова ҳам бу ҳақда изоҳ беролмаслигини айтди.

Интернетда тарқалган хабарларга кўра, Жуманиёзова "Ўзбекнаво" тадбирларида қатнашмай келгани учун лицензияси бекор қилинган. Лекин, "Ўзбекнаво" вакили буни рад этди.

Ўзбекистонда хонандаларга концерт - томоша фаолияти турларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилади.

Ўтир деса ўтирамиз, тур деса турамиз

Хоразмлик хонанданинг лицензияси биринчи марта олиб қўйилаётган йўқ. У 2010 йилда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасини расман огоҳлантирмай, Тожикистонда концертлар бергани учун лицензиядан маҳрум этилганди.

Ўшанда Ферузанинг ҳам онаси¸ ҳам менежери бўлган Зуҳра опа қизи учун телевидениеда эфир эшиклари ҳам ёпилгани ҳақда Озодликка гапирганди.

- Мана ўтирибмиз. Яна меҳнат қилиб турибмиз¸ яна ишлаб турибмиз. Клиплар¸ ашулаларни тўхтасин, дейишди¸ тўхтадик. "Кел", дейишса¸ борамиз. Шу тўхтатиб қўйишибдику. Телевидениега борсак ҳам “Қўйилиши мумкин эмас”, дейишади. “Бўпти”, деймиз. Тўхтатишди. Мумкин эмас Феруза дейишди. Ўтир деса ўтирамиз, тур деса турамиз, - деган эди Зуҳра халфа.

Феруза Жуманиёзова ўзбек телерадиоларида тақиқланган ягона хонанда эмас. Ўзбек "примадоннаси" Юлдуз Усмонова президент Сапармурат Ниёзов тириклигида Туркманистонга бориб концерт бериб келганидан сўнг Ўзбекистонда тақиқларга дучор бўлган эди.

Абдулла Қурбоновнинг одоб доирасидан чиққан ҳолда милиция ходимларини "порахўр" деб сўккани акс этган видеотасвир Интернет ва қўл телефонларида тарқатилгач, қўшиқчи 22 феврал куни лицензиядан мосуво қилинган эди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг матбуот ҳизмати раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров бугунги кунда Ўзбкистонда лицензияси тугатилган хонанда фақат Феруза Жуманиёзова эканини айтди.

- Қайси қўшиқчини лицензияси бекор бўлса, расмий равишда эълон қилинади. Ферузадан бошқа ҳамма санъаткорларнинг лицензияси бор. Шерали Жўраев дейсизми, Юлдуз Усмоновами, ҳаммасида лицензия бор. Фаолият юритишяптику мана, - дейди Одилжон Абдуқаҳҳоров.

Феруза қўшиқларини ҳиргойи қилиб юриши мумкин

Лицензиясидан маҳрум этилган қўшиқчи учун фақат саҳна ва телеэфир эшиклари ёпиладими ёки тўй-ҳашамларга ҳам бора олмайдими, деб сўраймиз "Ўзбекнаво" вакилидан.

- Оммавий тадбирларда иштирок этолмайди. Чунки қўшиқ айтиш ваколати йўқ. Лицензия қўшиқ айтиш ваколатини беради. Уйида, оиласида қўшиқларини хиргойи қилиб юриши мумкин. Бу ўзининг иши. Лекин расмий равишда тўй-ҳашам, концертлар ва бошқа оммавий тадбирларга чиқиш ваколати бўлмайди.
Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузурида комиссия бор. Улар кўриб чиқади, - деди "Ўзбекнаво" вакили.

Ўтган йили “Ўзбекнаво” эстрада концерт бирлашмаси “Мустақилликнинг 22 йиллиги байрамини ўтказиш бўйича ҳукумат қарорини тўлиқ англаб етмай, байрам тантаналари учун янги қўшиқ тайёрлаш борасида жиддий камчиликка йўл қўйган бир қатор эстрада хонандалари” ни жазолаган эди.

Жумладан¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, "Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод Раҳмонов, "Уммон” ва "Манго” гуруҳлари хонандалари лицензиядан маҳрум қилинганди.
XS
SM
MD
LG