Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:15

Ленинграддаги чўчқахонада икки ўзбек муҳожири ҳалок бўлди


Ленинград вилоятидаги чўчқахонада қудуқ қазиётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси метан газидан заҳарланиб ўлди. Иш берувчи корхона раҳбарияти муҳожирлар боши айланиб қудуққа тушиб кетганини иддао қилмоқда. Кузатувчилар Россияда охирги бир неча йил давомида 20 ортиқ ўзбек муҳожири ис гази ва ботқоқ газидан нобуд бўлганини таъкидлаяпти.

4 июнь куни Ленинград вилоятининг Тосно туманида "ИДАВАНГ Агро" ширкатига қарашли чўчқа етиштирадиган корхонада қудуқ қазиш пайтида 26 ва 33 ёшли Ўзбекистон фуқаролари нобуд бўлгани юзасидан текширув кетмоқда.

Бу ҳақда Озодликка қўшимча маълумот берган "ИДАВАНГ Агро" корхонаси расмий хабарига кўра, ўзбекистонлик ишчилар 6 метр чуқурликдаги қудуқ ёнида тозалаш ишларини олиб борган.

"Уларнинг асосий вазифаси люк орқали гўнг фракцияларини чиқариб юборишдан иборат бўлган: биттаси қудуққа қараган ва боши айланиб тушиб кетган", дейди Озодлик билан суҳбатда ширкат расмий вакиласи Екатерина.

- Биттаси тушиб кетган қудуққа, иккинчиси эса уни қутқаришга тушган. Улар Қулматов Аваз ва Ҳафизов Ҳасанлардир. Муҳожирлар қудуқ тагида йиғиладиган заҳарли метан газидан йиқилган жойида ўлган. Ширкатимиз нобуд бўлган ишчиларимиз оилалари ва яқинларига моддий ва маънавий кўмак беришга тайёр. Бугун биз ўликларни моргдан олиб чиқиш учун зарурий барча ҳужжатларни расмийлаштирдик, эртага уларнинг қариндошлари олиб чиқиб кетади Ўзбекистонга, деди "ИДАВАНГ Агро" расмийси Екатерина.

Тосно туманининг Нурма қишлоғида чўчқачилик билан шуғулланувчи "ИДАВАНГ Агро" ташкилоти раҳбари литвалик Карл Балтсерсен компания расмий сайти орқали ўзбекистонлик муҳожирлар ўлими юзасидан ҳамдардлик билдирди ва Идавангда бошқа бундай ҳодисалар такрорланишининг олди олишга ваъда қилди.

Воқеадан хабардор Озодлик манбаларига кўра, олган маълумотларга кўра, Аваз Қулматов билан Ҳасан Ҳафизов қудуққа тушиб кетмаган, аксинча улар "ИДАВАНГ Агро" ташкилоти пудратчиси томонидан арзон нархга қудуқ қазиб беришга ёлланган.

Петербургдаги "Ёшлар" ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборов иш берувчи ташкилот раҳбарияти ҳақиқий ҳодиса тафсилотларини яширишга уринаётганини иддао қилиб чиқди.

- Охирги икки ҳақта давомида бундай ҳодисалар натижасида 4 ўзбекистонлик нобуд бўлди. Ўтган ҳафтада иккита ўзбек қудуқда заҳарланиб қолган рус ишчисини қутқазамиз деб ўзлари заҳарланиб ўлди. Кеча ҳам айни ҳолат такрорланди. Улардан биттаси ахлат тўкиладиган қудуқ қазиган, иккинчиси тепада турган. Кейин иккинчиси ҳушидан кетиши билан унинг олдига сакраб тушган. Мен айтяпман, нега улар хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаган? Нега улар респиратор, противогазсиз? Улар бу ерларни Ўзбекистонга ўхшатиб арзонга қудуқ қазиб беришга келишган. Питер атрофлари ҳаммаси ботқоқлик, газ доимо чиқиб туради. Мен неча маротаба айтяпман: Эҳтиёт бўлинг, хавфсизликка риоя қилинг! Аслида, бу ишларни махсус қурувчилар гуруҳи бажариши керак: махсус газ тортадиган машинада мутахассислар ишлашади, кейин респираторларда ишлайди. Бу эса метр квадрат ер нархини қимматлаштириб юборади: 15-20 минг рубль турадиган ишни ўзбекларимиз 3 минг рублга килиб беришга тайёр. Мана нима учун арзон ишчи кучидан фойдаланиб қолишни истаган иш берувчилар ҳақиқатни яширишга уринмоқда. Мақсад - жавобгарликдан қочиш, - дейди ўлган ўзбек йигитлари оилаларига етарли моддий ёрдам берилмаётганини ҳам қўшимча қилган жамоатчилик фаоли.

У шу тариқа охирги бир неча йил давомида 20 зиёд фақат ўзбекистонлик меҳнат муҳожири нобуд бўлгани қайдга олинганини маълум қилди.

Маҳмуд Абдужабборов ҳозирда назорат идоралари ва прокуратура босими остида муҳожирлар меҳнатидан фойдаланаётган барча маҳаллий ширкатларни хавфсизлик техникаси тўғрисида ҳужжат имзолатмасдан ишлашга рухсат бермасликни ёқлаётганини билдирди.

Ленинград вилояти Тергов қўмитаси ҳодиса тафсилотларини ўрганишни давом этмоқда.

Озодлик Россиянинг турли ўлкаларида ис гази ва ботқоқ газидан заҳарланиб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўлаётгани ҳодисалари тез-тез кузатилаётгани тўғрисида хабар бериб бормоқда.

2014 йил 24 май куни Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида “ботқоқ гази”дан заҳарланиб, уч нафар ишчи, жумладан иккита ўзбекистонлик нобуд бўлди.

2012 йилнинг 18 мартида Нижний Новгород шаҳрининг Приокский туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани, яна икки киши шифохонага олиб кетилгани, нобуд бўлганлардан уч нафари Ўзбекистон фуқаролари экани; шу йилнинг декабрида эса Калининградда икки эркак ва бир аёл бензин генераторидан чиққан тутундан заҳарланиб ўлганини хабар берган эдик.
XS
SM
MD
LG