Линклар

Ўзбекистоннинг Қозоғистонга етиши учун камида 21 йил керак!


МДҲ раҳбарларининг 2001 йилги Сочи саммити.

МДҲ раҳбарларининг 2001 йилги Сочи саммити.

Айрим таҳлилчилар фаразича¸ Ўзбекистон газ заҳираларини ўзлаштириб¸ уни катта ҳажмда Хитойга сотишни кучайтирган тақдирда¸ яна 21 йилда Қозоғистоннинг бугунги иқтисодий даражасига етиши мумкин. Бу прогноз ортидан¸ мустақиллик арафасида минтақада энг кучли деб кўрилган Ўзбекистон иқтисоди ўз собиқ иттифоқдошларидан яна қай биридан ортда қолди¸ деган табиий саволни туғдирди. Бу борадаги фикрларингизни душанба¸ 9 июнь куни жонли мулоқотда билдиринг!

Шўрвасининг шўрваси...

Шу кунларда Ўзбекистондаги аксар Интернет нашрлари “ОТБ Ўзбекистон 2035 йилга бориб иқтисодий ривожланиш бўйича Қозоғистондан ўзиб кетишини прогноз қилди” деган сарлавҳали хабарни бир-биридан кўчириб босмоқда.

Осиë тараққиëт банкига нисбат берилаëтган бу прогноз¸ аслида ер юзидаги нефт ва газ саноатига оид янгиликларни ëритувчи World Pipelines Интернет журнали таҳлилчиси Wang Hoong эълон қилган “Survival of the fittest” (мослашувчанлар тирик қолади¸ деган маънода) мақоласида тилга олинган. (Осиë тараққиëт банкининг асл ҳисоботини унинг расмий сайтидан топиб бўлмади – таҳр.)

Бу таҳлилчига кўра¸ ҳозирда Марказий Осиëнинг энг қудратли иқтисоди мақомида маҳкам турган Қозоғистонда ялпи ички маҳсулот 2000 йилги 18.3 миллиард доллардан 2012 йилга келиб 200 миллиардга етган ва 11 баробарга ўсган. 2000 йилда ялпи ички маҳсулоти 12¸7 миллиард долларни ташкил этган Ўзбекистонда бу кўрсаткич 51 миллиардга етган ва ўсиш тўрт бараварни ташкил этган.

Осиë тараққиëт банкининг АҚШ Энергетика ахборот маъмуриятига таяниб башорат қилишича¸ Ўзбекистон 2010 йилда 60 миллиард кубметрни ташкил этган йиллик газ ўзлаштиришни 2015 йилда 71 миллиардга¸ 2035 йилда эса 80 миллиард кубметрга етказиши мумкин. Газ ўзлаштириш ва уни экспорт қилишни кучайтириш¸ айрим иқтисодчилар ҳисобича¸ ўзбек иқтисодининг Қозоғистонга етиши¸ ҳатто ундан ўзиб кетишига имкон бериши мумкин.

Қозоғистон Ўзбекистон етиб олсин деб бир жойда турмайди

Ўзбекистоннинг келаси 21 йил ичида асосан ўз газини кўпроқ Хитойга сотиш орқали ялпи ички маҳсулоти ҳажмини оширишини тахмин қилаëтганлар ҳам¸ бу фаразни бош сарлавҳага айлантираëтганлар ҳам негадир 2035 йилгача Қозоғистон иқтисодининг бугунги жойида қотиб қолмаслигини эътибордан четда қолдирмоқдалар.

Асли ўзбекистонлик мутахассис Сапарбой Жубаев айни шу жиҳатга аҳамият беради:

- Бугунги кунда Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти 230 миллиард долларга тенг. Агар Ўзбекистонники Ғарб таҳлилчилари фараз қилаëтган каби 60-65 миллиард атрофида бўлса¸ Қозоғистонники бугун тўрт баравар юқори. Қозоғистонда 2050 йилга қадар иқтисодий ривожланиш дастури қабул қилинган¸ яъни у бир жойда турмайди. 2035 йилга бориб бугунги 230 миллиард 350-360 миллиардга етиши мумкин¸ деб фараз қиламан. Агар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2035 йилда 128 миллиард етиши ҳақидаги прогноз амалга ошса¸ ўшанда у Қозоғистонга етиш ëки ундан ўзиш эмас¸ орадаги фарқни тўрт баравардан уч мартага камайтириши мумкин¸ дейди Остонадаги Евроосиë университети иқтисодий таҳлилчиси Сапарбой Жубаев.

“Қул хўжасидан ўтмоқчи бўлаяптими?”

Ўзбекистон нашрларида Ўзбекистон Қозоғистондан ўзиб кетади¸ деган некбин фаразлар босилаëтган айни кунда Озодликка Қозоғистондан сим қоққан Малик Абдулла (исми ўзгартирилган)¸ бу прогнозга муносабат билдира туриб¸ унга ишонмаслигини таъкидлади:

- Агар Каримов президентликдан кетса¸ унда ишониш мумкин. Лекин ҳозиргидек кетса¸ Қозоғистонга етишимизга ишонмайман. Ўзингиз ўйлаб кўринг¸ мен¸ олий маълумотли¸ айни ишлайдиган ëшдаги одам¸ эртанги кунимга ишона олмаса¸ бир ойим¸ бир йилимга ишонмасам¸ қандай қилиб 2035 йилда ундай бўламиз¸ деган қуруқ гапга ишонай? Қозоғистонни бойитган нарса¸ халқнинг озодлиги. Дейлик¸ менга ўхшаган оддий бир йигит ғишт заводими¸ бошқа заводми очса¸ уни ҳеч ким таламайди. Ўзбекистонда эса¸ битта иш қиламан деганга уни талайман деган ўнтаси бор. Ўзбекистонда меҳнаткаш халқнинг меҳнатини бир тийинга олмаса¸ нимасига ишониб у Қозоғистондан ўтиб кетади? Бир борингда¸ ўзбек-қозоқ чегарасига қаранг. Кунига минглаб одам Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтиш учун навбат кутади. Томошага¸ айланишга ўтаëтгани йўқ улар¸ ҳаммаси қулликка ўтаяпти. Бу халқни қул ҳисобламай¸ нима дейин? Битта мен эмас¸ Корея бўлсин¸ Россия ë Қозоғистон бўлсин ташқарига иш излаб чиқаëтганларнинг ҳаммаси¸ аслида қулликка кетаяпти¸ дейди бир неча йилдан бери Қозоғистонда ишлаб юрган ўзбек муҳожири.

Старт нуқтаси...

Ўзбекистон мустақиллиги арафасида республикадаги ялпи ички маҳсулот 14.7 миллиард доллар билан жаҳонда 71 ўринни эгаллаган¸ Қозоғистонда эса 29.9 миллиард долларни ташкил этган. Мустақиллик арафасида иқтисоднинг асосий кўрсаткичларидан саналувчи ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Қозоғистон Ўзбекистондан икки баравар катта бўлса¸ 2012 йилга келиб¸ орадаги фарқ тўрт бараварга узайди.

2012 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 51¸4 миллиардга етиб жаҳондаги 76 ўринга қўйилган бўлса¸ Қозоғистонники 202¸7 миллиард доллар билан дунëда 48 ўринга етган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG